Мўмин-мусулмонлар бир-бири билан кўришганда бир-бирига салом бериб, ўзаро тинчлик, омонлик тилайди, Ҳақ таолодан юртга тинчлик, ободлик сўраб дуои хайрлар, ҳар бир яхшилик устида тинчлик бўлсин дея, яхши ниятлар қилади. Бу, албатта, бежиз эмас.
Негаки ҳар бир инсон ҳаёти давомида эзгу мақсад, орзу-истакларига етиш учун ҳаракат қилади. Бунинг учун унга энг катта таянч – тинчлик муҳитидир. Осойишталик ҳукм сурган оила бардавом ва мустаҳкам, эл-юртнинг тинчлиги эса мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигига сабаб бўлади.
Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто киши бирор луқмасини хотиржам ютолмайди.
Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шартидир. Динимиз таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Қуръон каримда марҳамат қилинади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро сураси, 83-оят).
Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта иш олиб борилмоқда. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, унинг давомийлигига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайди. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Ушбу неъматлар қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.
Динимизда тинчликка бўлган эътибор нечоғлик катта бўлиш билан бирга бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, ундан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.
Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси осойишталикдир. Шу боис инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиши, балки унга ношукрлик қилиб футур етказишдан сақланиши лозим. Абу Хурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бугунги таҳликали даврда инсоният учун тинчлик ва хотиржамлик сув ва ҳаводек зарур. Фарзандларимиз, ён-атрофдаги кишиларга ушбу неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги бурчи эканини тушунтиришимиз лозим.
Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом тилидан Ватанлари ҳақига бундай дуо қилган: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара сураси, 126-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини улуғ неъматлар тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб-авайлаб ҳаёт кечиришга ундалмоқда. Иброҳим алайҳиссалом яшаган даврда Макка тинч шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканига далолатдир.
Демак, ушбу буюк икки неъмат бардавом бўлиши учун инсондан шукр ва қадрлаш, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш динимизнинг энг долзарб талабидир. Айниқса, динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ лозим.
Қуръони каримда: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 2-оят). Ояти каримада айтилганидек, эзгу ният йўлида ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик ва хотиржамликни барқарор бўлишига бош омил бўлади.
Башарият барча нарсаси: ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган ушбу улуғ неъматлар бардавом бўлиши учун унинг сабабларини ҳам давомли бажарилиши лозим. Бунинг учун инсонлар, айниқса, ёш авлод, Ҳақ таолонинг тоатида бўлишга тарғиб қилиш, маъсият ишлардан қайтариш, неъматларни қадрлаш руҳида тарбиялаш лозим. Бу борада ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимиз тавсиясидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Жаҳонда рўй бериб турган нотинчлик, киши дилини хуфтон қиладиган ҳолатда ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакат, оила ва инсонларни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу кўзга кўринмайдиган иллат, касалликдир десак муболаға бўлмайди.
Ушбу ёмон иллатлардан барчамиз холос бўлишимиз лозим ва лобуддир. Зеро, динимиз бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан қатъий қайтариб, уни уламолар орқали муаолажа қилишга тарғиб этади.
Хулоса қиладиган бўлсак, тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Уни адо этиш барчанинг зиммасига фарз. Ёши улуғ инсонлар ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб кўпроқ дуо қилиши, ёшлар ўзининг ҳалол меҳнати, Ватанга ҳар жабҳада шараф билан хизмат қилишга астойдил бел боғлаш билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бардавом, халқимиз ҳаётини фаравон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кадрлар бўлими мудири
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати