Аллоҳга шукрки, тили, дини, анъана ва урф-одатлари бир-бирига ўхшаш ўзбек ва қозоқ халқлари тарихий тараққиётнинг барча йўналишларида ўзаро ҳурматда, қавму қариндош бўлиб, кўп асрлар давомида тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда.
Икки халқ азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”.
Динимизда қўни-қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, яхши муносабатда бўлиш тарғиб қилинади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!”, деб баён этган (“Нисо” сураси, 36-оят).
Демак, қўшнига яхшилик қилиш мўмин-мусулмон учун бурч. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли бундай яқин қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарлик муҳити янада яхшиланмоқда.
Икки мамлакат мусулмонлари идоралари ҳамкорликлари тарихий илдизлари 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидаги биргаликда олиб борилган фаолиятга бориб тақалади.
Қозоғистонда мустақиллик йилларида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини тўла таъминлаш ва масжид-мадрасаларни обод этиш ҳамда муборак динимизни равнақ топтириш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолияти ривожланишида ўз вақтида раҳбарлик қилган Ратбек Ҳожи Нисанбайевич, Aбсаттар Ҳожи Дербисали, Ержан ҳожи Малгазиевич Маямеров, Серикбай ҳожы Сатибалди ўғлы Ораз жаноблари катта ҳисса қўшдилар. Ҳозирда эса бош муфтий, Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари бошчилигида улкан ишлар қилинмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят).
Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг ҳамжиҳатликда ишлашлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мусулмон уламоларининг ўзаро ҳамкорлиги юзага келаётган муаммолар ва қарама-қаршиликларни ечишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шу маънода қардош халқлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш динимиз ривожига туртки беради, инша Аллоҳ. 2018 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланган эди. Унга кўра, Фатво масаласида, Рамазон ойининг бошланиш куни ва икки ҳайит байрамларининг биринчи кунини белгилашда доимий ҳамкорлик олиб бориш белгилаб қўйилган. Бу борада охирги беш-олти йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шунингдек, меморандумда зиёрат туризми, диний таълим ва диний тадқиқотлар олиб боришда ўзаро тажриба алмашиш, таклифлар асосида халқаро анжуман, семинар ва давра суҳбатларида иштирок этиш қайд этилиб, ўтган давр мобайнида икки диний идора ўртасида кўп тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган 2021 йил ва жорий йил давомида ҳам икки диний идора раҳбариятининг бир неча бор турли мавзуларда учрашувлар ўтказганлари ҳам қардош халқларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат ва ишончи янада ривожланиб бораётганидан дарак беради. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Қозоғистонда бўлиб ўтган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуманда иштирок этиб, қардош халқлар Ислом дини қадриятларига катта ҳисса қўшганларини алоҳида қайд этган эдилар.
Конференция доирасида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси камтарона хизматларимизни юқори баҳолаб, юксак медал билан тақдирлади. Албатта, бундай эътирофдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу ҳам икки қардош элнинг бир-бирига бўлган дўстлиги ва яқинлиги белгисидир.
Мазкур ташриф давомида Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарликни янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли эканини алоҳида таъкидлаб, келгусида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилган эдилар.
Бундай ўзаро мулоқотнинг узвий давоми жорий йилнинг 15 апрель куни Истамбул шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида ҳам давом этди. Унда Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти бир қатор муҳим таклифларни олға сурар экан, Ўзбекистон делегацияси томонидан ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳам қардошликнинг муҳим жиҳатларидандир.
Шу йил 6 май куни Туркистон вилоятида “Туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари иштирок этиб, ўз чиқишларида қардош халқларнинг ўзаро алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани диний соҳа ривожига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
2022 йил 6-10 июнь кунлари Миср Араб Республикаси муфтийси, професссор Шавқий Иброҳим Алломнинг таклифига биноан Миср Араб Республикасининг бош вазири Мустафо Мадбулий жаноблари шефеълигида ўтказилган “Диний экстремизм. Интеллектуал асос ва уни енгиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференцияда 200 дан зиёд иштирокчилари қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон диний идоралари раҳбарлари муносиб иштирок этганлари мусулмон олами уламоларининг олқишларига сазовор бўлди.
Шу йил 12 август жума куни Нур-Султон шаҳрида бунёд этилган йирик масжиднинг очилиш маросимида Миср, Россия, Қирғизистон, Монголия каби давлатлар диний идора раҳбарлари қатори камина ҳам иштирок этиб, қўшни юртда шундай гўзал, ўзига хос архитектурага эга масжид барпо этилганидан жуда ҳам мамнун бўлдик. Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади.
Нуриддин домла Холиқназаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
(“АЙҚЫН” номли гезатанинг 2022 йил 9 сентябрдаги 134-сони ва “МУНАРА” газетасининг 2022 йил сентябрдаги 134-сони)
Дўстингиз сизга айбларингизни айтиши, сиз эса ҳушёр тортиб, ўзингизни ўнглаб олишингиз нақадар гўзал!
Шу сабаб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Айбларимни кўрсатиб қўйган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деган эдилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ҳар гал кўришганингизда сиздан бир айб топадиган биродарингиз, ҳар сафарги учрашувда қўлингизга битта тилло танга қистириб қўядиган биродардан кўра яхшироқдир”.
Дарҳақиқат, айбларингизни кўрсатиб қўядиган киши сизни ҳадя ва мол-дунёга кўмиб ташлайдиган кишидан яхшироқдир.
Ҳотамул Асом айтади: “Биродарингда бирорта айб кўрсанг-у, уни беркитиб, индамай қўяверасанг, шубҳасиз, унга хиёнат қилибсан. Мабодо ўзидан бошқага айтадиган бўлсанг, у ҳолда ғийбат қилибсан. Унинг бу айбини юзига солсанг, дўстлигингни бузибсан. Шунинг учун ҳам унга юмшоқлик ила насиҳат қил. Унга айби нимада эканини тушунтир. Бироқ бу ишларни одамларнинг олдида қила кўрма!”.
Имом Шофеъий айтадилар: “Биродарига махфий тарзда панд-насиҳат қилган киши ҳақиқий маънода насиҳат қилибди ва унинг обрўсини сақлабди. Ким биродарига ошкора (одамларнинг олдида) насиҳат қилса, уни шарманда қилибди ва обрўсини тўкибди”.
Шоир айтади:
Ёлғиз пайтим ёмғир айла насиҳатинг,
Оламонда асло бундай қила кўрма!
Койишдир ул жамоатда панд айтганинг,
Қулоқ осмоққа мен ҳеч рози бўлмам!
Леонардо да Винчи бундай деган: “Дўстингга махфий ҳолда танбеҳ беравергин, бироқ бошқаларнинг олдида уни мақтаб қўй”.
Биродарингизнинг обрўсини сақланг, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ўша кишидан жаҳаннам азобини даф қилади” .
Ўз-ўзидан маълум бўладики, дўстингиздан айрилмаслик учун унинг баъзи камчиликларини кечиришингизга тўғри келади.
Шоирлардан бири шундай деган эди:
Дўстсиз яшамоқдан хавфсираб доим,
Юмиб ўтаман каму кўстига кўзим.
Холид ибн Сафвондан “Биродарларингиз орасида қай бири сизга маҳбуброқ?” – деб сўрашганида, у киши: “Қоқилишимни кечирадиган, камчиликларимни қабул қиладиган ва хатоларимни беркитадигани”, деб жавоб берган экан.
Суқрот айтади: “Дўстинг учун ўзингни қурбон қилишинг жуда ҳам осон, бироқ бу қурбонликка том маънода ҳақли бўлган дўстни топиш анчайин машаққатдир”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.