frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

ШАРТНОМАНИ СОТИШ ЖОИЗМИ?

27.12.2023   1394   3 min.
ШАРТНОМАНИ СОТИШ ЖОИЗМИ?

#шартнома #машина #автосалон

❓1106-CАВОЛ: Бугунги кунда баъзилар автосалонлардан шартнома олиб, бошқасига маълум бир маблағ эвазига сотмоқдалар. Шу иш жоизми?

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Йўқ, бу иш шаръан жоиз эмас. Чунки биринчидан, бу ерда бир қарашда шартноманинг ўзи сотилаётганга ўхшаб кўрингани билан, аслида шартнома предмети бўлган машина савдо моли бўлиб, унга қилинадиган тўлов шартнома эгасининг номидан амалга оширилади ва машина ҳам унинг номига чиқади. Яъни сотувчи ҳали қўлига кирмаган машинани устига фойда қўйиб сотади. Бу иш эса, шаръан жоиз эмасдир.

Бу ҳақида фуқаҳоларимиз шундай дейдилар:
( لَا بَيْعُ الْمَنْقُولِ ) أَيْ لَا يَصِحُّ لِنَهْيِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ بَيْعِ مَا لَمْ يُقْبَضْ ، وَلِأَنَّ فِيهِ غَرَرَ انْفِسَاخِ الْعَقْدِ عَلَى اعْتِبَارِ الْهَلَاكِ (البحر الرائق)
Яъни: “Кўчар мол-мулкларни савдоси уларни қўлга киритишдан олдин жоиз эмасдир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлга киритилмаган нарсанинг савдосидан қайтарганлар. Чунки, бу савдода сотилган нарса (харидор қўлига етиб боришидан олдин) ҳалок бўлиши яъни унга талофат етиши мумкинлиги эътиборидан, савдо келишуви бузилиши хавфи мавжуд” ("Баҳрур-роиқ" китоби).

Иккинчидан: машинага тўлов қилаётган шахс шартнома эгасининг номидан тўлов қилгани учун, машина ҳам шартнома эгасининг номига чиқади ва қачонки у нотариал идора орқали харидор номига ўтказиб бермагунича мулк ҳам унинг ихтиёрида бўлиб, харидор алданиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Бу эса, шариатда ман қилинган ғарар – алдов устига қурилган савдо ҳисобланади.

Учинчидан: аксарият ҳолатларда бу каби шартнома сотувчилар бир нечта шартномани қўлга киритиб, уларни сотишга ҳаракат қилади. Масалан 134 млн 294 минг сўмлик автомашина устига шартномани олиб бергани учун 1200 доллар устама қўяди. Табиийки бу нарса автоулов нархининг ошишига сабаб бўлади. Сунъий равишда нархларни оширишдан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар:
عن عبد الله بن عباس قال : "نَهَى رَسولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ أنْ يُتَلَقَّى الرُّكْبَانُ، ولَا يَبِيعَ حَاضِرٌ لِبَادٍ. قُلتُ: يا ابْنَ عَبَّاسٍ، ما قَوْلُهُ: «لايَبِيعُ حَاضِرٌ لِبَادٍ»؟ قَالَ: لا يَكونُ له سِمْسَارًا" (رواه البخاري و مسلم).
Яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам карвондаги деҳқонларнинг йўлига пешвоз чиқиб, уларни бозорга киритмасдан маҳсулотларини арзон сотиб олиб, кейин шаҳар аҳолисига қиммат нархда сотишдан қайтардилар ва “Шаҳарлик киши ташқаридан келган одам учун сотувчилик қилмасин”, дедилар. Мен сўрадим: Эй, Аббоснинг ўғли, у зотнинг: “Шаҳарлик киши ташқаридан келган одам учун сотувчилик қилмасин” деганларининг маъноси нима? Шунда, у деди: “Унга даллоллик қилмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шариф ҳукмига кўра, нарх-навони сунъий равишда оширишдан қайтарилган. Бу ишда кароҳият бор.
Шуларни эътиборга олган ҳолда автомашина сотиб олиш учун тузилган шартномани сотиш шаръан ножоиздир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

MUSLIM.UZ GA ? OBUNA BO'LING (https://t.me/+PSOPDevNs2Va-wt7) ✅ VA ULASHING (https://telegram.me/share/url?url=https://t.me/muslimuzportal)?

▶️ YouTube (https://www.youtube.com/@Muslimuzz/featured) | ?Instagram (https://www.instagram.com/muslimuzportali/) | ? Facebook (https://www.facebook.com/muslimuzportal)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Орзулар қабристони ёхуд сохта бахтнинг аччиқ якуни

29.06.2026   1193   7 min.
Орзулар қабристони ёхуд сохта бахтнинг аччиқ якуни

«Гиёҳвандлик ва наркожиноятликка қарши курашиш нафақат

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчилик,

маҳалла ва ҳар бир фуқаронинг виждоний иши ҳамда

муқаддас бурчига айланиши шарт».

Ш.М.Мирзиёев


Ислом инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, ихтиёрий яхши амалларни қилишга, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, ўзига аҳамият берувчи ва бошқаларни ислоҳ этувчи, динига қимматли, жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Парвардигорига ибодат қилувчи, барча халойиққа яхшилик қилувчи, ер юзини обод қилувчи бўлишга, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилишга даъват этади.


Ислом шариатида инсон жони ва ақлини сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунга биноан шариатда жон ва ақл ўз вазифасини мукаммал равишда адо этишида риоя қилиниши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар батафсил баён этилган.


Давлат сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг суратда тушунтирилмоқда.


Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.


Ҳар бир инсон бу дунёга пок ниятлар, улуғ мақсадлар ва гўзал орзулар билан қадам қўяди. Кимдир эл таниган олим бўлишни, кимдир ота-онасининг суянчиғи ва фахрига айланишни, яна кимдир жамиятга наф келтирадиган солиҳ инсон бўлишни истайди. Бироқ, бугун инсоният қаршисида шундай бир мудҳиш ва кўринмас хавф турибдики, у инсоннинг нафақат соғлиғини, балки унинг борлиғини, иймонини ва энг гўзал орзуларини ҳам тириклай гўрга тиқади.


Бу офатнинг номи — гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик — бу шунчаки тиббий муаммо эмас, бу инсон ўз қўли билан ўз келажагини кўмадиган «Орзулар қабристони»дир. Муқаддас динимиз инсон ҳаётини, унинг ақли ва соғлиғини энг олий қадрият — Аллоҳнинг буюк омонати деб билади. Ислом шариатининг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан инсон ақли ва жонини муҳофаза қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ўз-ўзини ҳалокатга ташлашдан қатъий қайтариб, шундай марҳамат қилади: «Ўзингизни (ўз қўлларингиз билан) ҳалокатга ташламанг!» (Бақара сураси, 195-оят). 


Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш — бу Аллоҳ берган энг улуғ неъмат, яъни онг ва танани ўз қўли билан заҳарлаш, демакдир. Бу эса тўғридан-тўғри оятда қайтарилган ҳалокат эшигини очиш билан баробардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсон соғлиғига ва ақлига зарар етказадиган, уни карахт қиладиган ҳар қандай нарсани тақиқлаганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва (баданни, ақлни) бўшаштирувчи, сустлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).


Уламоларимиз ушбу ҳадисга таяниб, гиёҳвандлик моддалари (хоҳ у анъанавий, хоҳ замонавий кимёвий-синтетик воситалар ёки капсулалар бўлсин) баданни ва ақлни тамоман ишдан чиқариши, инсонни мутеликка бошлаши сабабли, уларни истеъмол қилишни, сотишни ва тарқатишни ҳаром деб фатво берганлар. Буюк валий ва тобеин олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ақл неъматининг қадри ҳақида гапириб, шундай деган эканлар: «Агар ақлни бозорда сотиб олишнинг иложи бўлганида, инсонлар унга эга бўлиш учун бор жаҳонни тўлаган бўлардилар. Қандай қилиб инсон ўз ихтиёри билан пулига ўзини ақлдан жудо қиладиган заҳарни сотиб олиши мумкин? Бу ақлсизликнинг энг олий даражасидир».


Улуғ фақиҳ олим Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ ўз асарларида гиёҳвандликнинг зарарларини баён этар экан, у инсонни ибодатдан тўсиши, юздаги ҳаё нурини кетказиши, мардлик ва ғурурни йўқотиши ҳамда инсонни энг пасткаш даражага тушириб қўйишини алоҳида таъкидлаган. Гиёҳванд кимса аввало ақлдан, кейин ҳаёдан, сўнгра оиласи, мол-мулки ва энг ачинарлиси, иймонидан ажралади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Ароқ (ва ҳар қандай маст қилувчи нарса) барча ёмонликларнинг калитидир». 


Сохта лаҳзаларнинг аччиқ баҳоси: жарлик ёқасига келиб қолган ёшлар кўпинча бу қора йўлга «бир марта синаб кўриш», «замонавийликдан орқада қолмаслик» ёки «муаммоларни унутиш» мақсадида қадам қўядилар. Бироқ шайтоннинг бу алдови инсонни вақтинчалик сохта дунёга олиб киради-ю, реал ҳаётдаги барча гўзал туйғуларини ва мақсадларини кул қилади. Бу сохта бахтнинг якунида нималар бой берилади?


Илм ва заковат сўнади: Олим ёки шифокор бўлмоқчи бўлган ёшнинг зеҳни заҳарланиб, фикрлашдан маҳрум бўлади.


Оилавий бахт вайрон бўлади: Ота-онасига хизмат қилиб, дуосини олмоқчи бўлган фарзанд уларнинг қотилига, энг катта доғи ва армонига айланади.


Порлоқ келажак гўрга топширилади: Гўзал оила қуриб, бахтли яшашни истаган қалб зулмат соясида, ёлғизлик ва жисмоний азоблар ичида қолади.


Мана шу тарзда умид билан суғорилган порлоқ ҳаёт — ўз эгасининг қўли билан Орзулар қабристонига айлантирилади.


​Фарзандларимизга Аллоҳ таоло берган умр, соғлиқ ва жамият омонат эканини, қиёмат кунида ҳар бир дақиқа ва танамизнинг ҳар бир аъзоси учун ҳисоб беришимизни англатайлик. ​Орзуларимиз қабристонга эмас, ҳаётни гўзаллаштирадиган, Ватанга ва ислом умматига хизмат қиладиган буюк мақсадларга элтсин! Умр неъматини сохта туйғулар эвазига заҳарламайлик. 
 

Абдураҳмонжон домла Абдураҳмонов,
Олтиариқ тумани

“Бирлашган” масжиди имом-ноиби

Ўзбекистон янгиликлари