Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Апрел, 2025   |   22 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:12
Хуфтон
20:31
Bismillah
20 Апрел, 2025, 22 Шаввол, 1446

Маккада “Масжид хизматчилари – инсоният элчилари” дастури ишга тушди

25.08.2022   2249   1 min.
Маккада “Масжид хизматчилари – инсоният элчилари” дастури ишга тушди

Саудия Арабистони Икки муқаддас масжид ишлари бўйича Бош бошқармаси БМТнинг “Бутунжаҳон гуманитар ёрдам куни” муносабати билан “Масжид хизматчилари – инсоният элчилари” дастурини ишга туширди, дея хабар беради islam.ru Саудия матбуот агентлигига таяниб.
Дастур Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки муқаддас масжид ва бошқа жойларда кексалар ва имконияти чекланган инсонларга ўз ибодатларини бажаришда ёрдам бераётган кўнгиллиларни эъзозлашга қаратилган.
Одатда, бундай кўнгилли инсонлар зиёратчилар учун ногиронлик аравачаларини бепул етказиб беришади ва ҳар душанба ва пайшанба кунлари ифторлик тарқатишда иштирок этадилар.
Бошқарманинг ижтимоий, кўнгиллилар ва гуманитар масалалар бўйича вакили Шайх Холид бин Фаҳад Aл Шалавийнинг айтишича, Саудия Aрабистони бутун дунё бўйлаб муҳтожларга ёрдам бериш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган ишчилар ва кўнгиллиларга ҳурмат бажо келтириш учун “Жаҳон гуманитар ёрдам кунини нишонламоқда”. Шунингдек, бу ёшларнинг огоҳлигини ошириб, ёрдам ишларига жалб қилишга ундайди, дейди у.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Дўстнинг айбига кўз юмиладими?

18.04.2025   4351   2 min.
Дўстнинг айбига кўз юмиладими?

Дўстингиз сизга айбларингизни айтиши, сиз эса ҳушёр тортиб, ўзингизни ўнглаб олишингиз нақадар гўзал!
Шу сабаб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Айбларимни кўрсатиб қўйган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деган эдилар.

Улуғлардан бири айтади: “Ҳар гал кўришганингизда сиздан бир айб топадиган биродарингиз, ҳар сафарги учрашувда қўлингизга битта тилло танга қистириб қўядиган биродардан кўра яхшироқдир”.

Дарҳақиқат, айбларингизни кўрсатиб қўядиган киши сизни ҳадя ва мол-дунёга кўмиб ташлайдиган кишидан яхшироқдир. 

Ҳотамул Асом айтади: “Биродарингда бирорта айб кўрсанг-у, уни беркитиб, индамай қўяверасанг, шубҳасиз, унга хиёнат қилибсан. Мабодо ўзидан бошқага айтадиган бўлсанг, у ҳолда ғийбат қилибсан. Унинг бу айбини юзига солсанг, дўстлигингни бузибсан. Шунинг учун ҳам унга юмшоқлик ила насиҳат қил. Унга айби нимада эканини тушунтир. Бироқ бу ишларни одамларнинг олдида қила кўрма!”.

Имом Шофеъий айтадилар: “Биродарига махфий тарзда панд-насиҳат қилган киши ҳақиқий маънода насиҳат қилибди ва унинг обрўсини сақлабди. Ким биродарига ошкора (одамларнинг олдида) насиҳат қилса, уни шарманда қилибди ва обрўсини тўкибди”.

Шоир айтади:
Ёлғиз пайтим ёмғир айла насиҳатинг, 
Оламонда асло бундай қила кўрма! 
Койишдир ул жамоатда панд айтганинг,
Қулоқ осмоққа мен ҳеч рози бўлмам!

Леонардо да Винчи бундай деган: “Дўстингга махфий ҳолда танбеҳ беравергин, бироқ бошқаларнинг олдида уни мақтаб қўй”.

Биродарингизнинг обрўсини сақланг, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ўша кишидан жаҳаннам азобини даф қилади” . 
Ўз-ўзидан маълум бўладики, дўстингиздан айрилмаслик учун унинг баъзи камчиликларини кечиришингизга тўғри келади. 

Шоирлардан бири шундай деган эди:
Дўстсиз яшамоқдан хавфсираб доим,
Юмиб ўтаман каму кўстига кўзим.


Холид ибн Сафвондан “Биродарларингиз орасида қай бири сизга маҳбуброқ?” – деб сўрашганида, у киши: “Қоқилишимни кечирадиган, камчиликларимни қабул қиладиган ва хатоларимни беркитадигани”, деб жавоб берган экан. 

Суқрот айтади: “Дўстинг учун ўзингни қурбон қилишинг жуда ҳам осон, бироқ бу қурбонликка том маънода ҳақли бўлган дўстни топиш анчайин машаққатдир”. 


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.