Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси Мисрдаги энг оммабоп телеканаллардан бири - “MBC Egypt T.V.” вакиллари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
“MBC Egypt T.V.” вакиллари томонидан Шайх Абдулбосит Абдулсамаднинг ҳаёти ва фаолиятини ўзида акс эттирадиган “Рафиқ ал-Дарб” ҳужжатли фильмини Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида суратга олишга қизиқиш билдирилди.
Фильмнинг айрим қисмларини жорий йил август-сентябрь ойларида Ўзбекистонда тасвирга олиш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, Шайх Абдулбосит Абдулсамад 1927 йилда Мисрнинг жанубида жойлашган Қина муҳофазасида туғилган. У Қуръони Каримни 6 ёшида ёд олиб, 24 ёшида радио орқали қироат қилиб араб-ислом мамлакатларида довруқ қозонган. У ҳаёти давомида собиқ СССР, АҚШ, Осиё ва Яқин Шарқ давлатларига бир неча бор сафар қилган. Шайх Абдулбосит Абдулсамад янги тарихдаги энг номдор Қуръон қироатчиларидан бири ҳисобланади. У 1988 йилда вафот этган.
Мисрлик ижодкорларнинг мамлакатимизга сафари доирасида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги исломий қадамжолар, Тошкент вилоятидаги табиат манзаралари ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигига бағишланган алоҳида кўрсатувларни суратга олиш ва шу орқали Ўзбекистонга араб дунёсидан келадиган сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда зиёрат туризмини янада оммалаштириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Томонлар яқин ҳамкорликнинг жорий ҳолатини алоҳида таъкидлаб, турли соҳалардаги алоқаларни фаоллаштириш истиқболини муҳокама қилдилар.
ЎзА