Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмронлик ваколатларининг икки кўриниши мавжуд:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ваколатларини таҳлил этиш учун, яна бир саволга жавоб бериш керак бўлади.
Суннатни тан олмайдиган тоифалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон оятларини шарҳлаш ва ҳукмларни баён қилиш бўйича ваколатлари у зот алайҳиссаломнинг ҳаётлик, саҳобаларга мурожаат ва уларни бошқараётган вақтлари билан чегараланади. Шу сабабли, пайғамбарлик ваколати фақат уларга тегишли ва улардан кейинги авлодларга тегишли ҳисобланмайди.
Келинг, ўзимизга савол берайлик: ҳақиқатдан ҳам пайғамбарлик ваколатининг вақт чегаралари борми ёки у абадийми?
Жуда кўп далилларга кўра, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга раҳбарга итоат этгандек бўйсунишлари керак эмас. Балки пайғамбарга итоат этгандек итоат этишлари лозим. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваколатлари раҳбарлик билан чекланганда, ҳақиқатда унинг ҳукмронлиги билан чегараланган бўларди.
Яна бир савол. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир миллатга ёки маълум даврга мос эдими ё у зот алайҳиссаломнинг элчилик вазифалари бутун инсониятга ва то Қиёматга қадар давом этадими? Келинг бу саволга жавобни Қуръондан қидириб кўрайлик.
قُلۡ يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنِّي رَسُولُ ٱللَّهِ إِلَيۡكُمۡ جَمِيعًا ١٥٨
"Айтинг (эй, Муҳаммад!): Эй, одамлар! Мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг расули (элчиси)дирман" (Аъроф сураси, 158-оят).
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا كَآفَّةٗ لِّلنَّاسِ بَشِيرٗا وَنَذِيرٗا وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَعۡلَمُونَ ٢٨
"(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик. Лекин одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмаслар" (Сабаъ сураси, 28-оят).
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ ١٠٧
"(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз" (Анбиё сураси, 107-оят).
تَبَارَكَ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡفُرۡقَانَ عَلَىٰ عَبۡدِهِۦ لِيَكُونَ لِلۡعَٰلَمِينَ نَذِيرًا ١
"Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон)ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир" (Фурқон сураси, 1-оят).
وَأَرۡسَلۡنَٰكَ لِلنَّاسِ رَسُولٗاۚ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ شَهِيدٗا ٧٩
"Сизни одамларга пайғамбар қилиб юборганмиз. Гувоҳликка (эса) Аллоҳ (Ўзи) етарлидир" (Нисо сураси, 79-оят).
يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ قَدۡ جَآءَكُمُ ٱلرَّسُولُ بِٱلۡحَقِّ مِن رَّبِّكُمۡ فََٔامِنُواْ خَيۡرٗا لَّكُمۡۚ وَإِن تَكۡفُرُواْ فَإِنَّ لِلَّهِ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ وَكَانَ ٱللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمٗا ١٧٠
"Эй, одамлар! Пайғамбар сизларга Роббингиздан ҳақ нарса (Ислом)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз. (Шунда) ўзингиз учун яхши бўлур. Борди-ю, инкор этсангиз, бас, осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир" (Нисо сураси, 170-оят).
Юқоридаги беш оятни шарҳлашга ҳожат йўқ. Ушбу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум бир жамоага эмас балки, бутун инсониятга пайғамбар бўлиб юборилганликлари, у зот алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари вақт ёки замон билан чегараланмаслиги таъкидланади.
Олтинчи оятда эса, бутун инсонларга Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириш буюриляпти. Қиёматга қадар келадиган инсонларнинг барчаси ўз пайғамбарига иймон келтирмоғи шартдир.
Қолаверса, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликлари ва у зот алайҳиссаломдан кейин бошқа пайғамбар келмаслиги алоҳида таъкидланган:
مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَآ أَحَدٖ مِّن رِّجَالِكُمۡ وَلَٰكِن رَّسُولَ ٱللَّهِ وَخَاتَمَ ٱلنَّبِيِّۧنَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٗا ٤٠
"Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир" (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлар занжирининг охири эканликлари аниқ кўрсатилган. Илгари, баъзи халқларга пайғамбарлар юборилган бошқа пайғамбарлар уларга эргашган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбар бўлмаган ва бўлмайди.
Шундай қилиб, Набий алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари то қиёматга қадар барча халқларга тегишлидир. Пайғамбаримиз буни қуйидагича изоҳлайдилар.
كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ كُلَّمَا هَلَكَ نَبِىٌّ خَلَفَهُ نَبِىٌّ وَإِنَّهُ لاَ نَبِىَّ بَعْدِى وَسَيَكُونُ خُلَفَاءُ فَيَكْثُرُونَ
"Бану Исроилни анбиёлар бошқарар эди. Ҳар сафар бирор набий ўлса, унинг ўрнига бир набий қоларди. Албатта, мендан кейин набий йўқ, фақат халифалар бўлади. Улар кўп бўлишади", (Имом Бухорий ривояти).
Агар пайғамбарлик муддати вафот этиш билан чегараланганда, келажакдаги инсонлар пайғамбар бошқарувисиз қолган бўлишарди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандаларини пайғамбарсиз қолдирмаган. Бундан Пайғамбар алайҳиссалом барча халқларга абадий элчи бўлганларига шубҳа йўқлиги маълум бўлади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик ваколати ҳақиқий эмаслигини ва бугунги кунда мусулмонлар унга бўйсунишга ва унга эргашишга мажбур эмаслигини кўрсатадиган бирорта асос йўқ.
Яна бир муҳим далил. Биринчи бобда таъкидлаганимиздек, Aллоҳ таоло илоҳий китобни Расулсиз юбормаган. Пайғамбарлар китобни ўргатишлари ва тушунтиришлари керак. Пайғамбар алайҳиссаломнинг батафсил тушунтиришисиз фарз намозини ўқиш усули ҳақида ҳеч ким билмаслигини ҳам юқорида исботлаб ўтилди.
Шу ўринда яна бир савол туғилади: фақат Пайғамбар давридаги араблар бу тушунтиришларга муҳтож бўлишганми? Макка араблари учун Қуръон тили бизга қараганда яқинроқ эди. Улар Пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлишган ва Қуръон нозил бўлишининг барча шартларини яхши билишган. Улар Пайғамбарнинг оғзидан Қуръони карим оятларини олдилар ва матнни тўғри тушуниш учун барча шарт -шароитлар билан яхши таниш эдилар. Бироқ, улар Пайғамбаримизнинг тушунтиришларига муҳтож эдилар. Хўш, қандай қилиб XIV асрдан кейин, бу афзалликлардан маҳрум бўлган одамлар, Пайғамбарнинг изоҳларига муҳтож бўлмасин?
Биз араб тили ва Қуръон услубини билиш даражасида эмасмиз, чунки улар Қуръони карим нозил бўлган ва улар иштирок этган шароитда ҳеч қачон бўлмаганмиз. Aгар уларга Қуръонни шарҳ, тафсир қилишда Пайғамбаримиз қанчалик керак бўлган бўлса, биз ундан ҳам кўра кўпроқ муҳтожмиз.
Aгар Қуръони каримнинг қудрати вақт чегараси бўлмаса, унинг оятлари жамики халқларнинг ҳамма авлодлари учун мажбурий бўлса, Расулуллоҳнинг пайғамбарликлари ҳам барча макон ва замонларга тегишли саналади.
Қуръони каримда нафақат Макка ва Мадина арабларига, балки барча иймон келтирганларга Пайғамбарларга итоат қилиш буюрилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَ ٥٩
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Aгар Aллоҳга итоат ҳамиша Пайғамбарга бўйсуниш билан биргаликда келган бўлса, демак, уни бир-биридан ажратиб бўлмайди.
Aгар Aллоҳ Роббимиз бўлса, Унинг ҳукмронлиги абадий бўлса, Пайғамбарнинг ваколати ҳам барча замонларда давом этади. Қуръони карим Aллоҳ ва Расулини ажратишдан огоҳлантиради:
إِنَّ ٱلَّذِينَ يَكۡفُرُونَ بِٱللَّهِ وَرُسُلِهِۦ وَيُرِيدُونَ أَن يُفَرِّقُواْ بَيۡنَ ٱللَّهِ وَرُسُلِهِۦ وَيَقُولُونَ نُؤۡمِنُ بِبَعۡضٖ وَنَكۡفُرُ بِبَعۡضٖ وَيُرِيدُونَ أَن يَتَّخِذُواْ بَيۡنَ ذَٰلِكَ سَبِيلًا ١٥٠ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡكَٰفِرُونَ حَقّٗاۚ وَأَعۡتَدۡنَا لِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٗا مُّهِينٗا ١٥١
"Аллоҳга ва пайғамбарларига куфр келтирувчилар, Аллоҳ билан пайғамбарлари ўртасини узишни хоҳловчилар, бирига ишонамиз, бирига ишонмаймиз, деб ўртача йўл тутувчилар, ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Кофирларга эса хор этувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз" (Нисо сураси, 150-151 – оятлар).
Бинобарин, Пайғамбар алайҳиссаломнинг буйруқларига бўйсуниш иймоннинг ажралмас қисмидир. Уни рад этиш – бу улкан хатога йўл қўйишдир.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, Давоми бор...
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.