Ҳозирги замон уламолари илгари сураётган фикрга кўра барча давлатлар БМТга аъзо бўлиб, мазкур ташкилот хартиясини имзолагандан сўнг мусулмон давлатлар учун бирорта давлат дору-л-ҳарб ҳисобланмайди, балки, ҳатто мусулмонлар юрти бўлмаган диёрлар ҳам дору-л-аҳд (ўртада тинчлик ва сулҳ аҳди бўлган диёр) ҳисобланади, бинобарин, у юртларга ҳужум қилиш ёки ўша юртга борганда уларнинг қонунларини бузиш шаръан ҳаром бўлади.
Шунингдек, фуқаҳолардан бир тоифаси ҳозирги кунда аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган ҳар қандай мамлакатни дору-л-ислом ҳисобланишини илгари сурадилар.
Замонамиз уламоларидан Юсуф Қаразовийга кўра бугунги кунда ер юзида бирорта ҳам дору-л-ҳарб йўқ. Балки, мусулмонлар учун дунёнинг барча мамлакати, жумладан аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлмаган диёрлар ҳам дору-д-даъва (яъни даъватни етказиш диёри) ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунга келиб «дорул ҳарб» ёки «дорул куфр» каби тушунчалар ўз аҳамиятини йўқотган. Чунки, улар маълум марҳала ва даврга хос бўлган тушунчалар эди.
Боз устига қайсидир давлат дорул ҳарб ёхуд дорул куфр деб эътибор қилиниши учун аввал бошқа бир давлат дорул ислом деб эътибор қилиниши керак бўлади. Чунки, мазкур тушунчалар бир-бирига қарама-қарши тушунчалар сифатида вужудга келган бўлиб, бири бўлмаса бошқаси ҳам бўлмаслиги керак.
Ваҳоланки, бугун ҳаммаёқни дорул ҳарб ёки дорул куфр деб даъво қилаётганлар бирорта давлатни дорул ислом деб атамайдилар. Демакки, улар учун дунёда дорул ислом дейишга лойиқ бир давлатнинг ўзи йўқ. Агар шу мантикдан келиб чиксак, дунёда дорул ҳарб ёки дорул куфр ҳам бўлмаслиги керак. Зеро, бу тушунчалар «дорул Ислом» атамасига қарама-қарши ю нарсалар сифатида муомалага киритилган.
Юқоридагилардан биз учун энг камида шу нарса ойдинлашадики, Ўзбекистон каби аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган, фуқаролари бемалол ўз динларига амал қилиб юрган, йилига янги янги жомеъ масжидлар қурилаётган жойларни асло дору-л-ҳарб ёки дору-л-куфр деб аташ мумкин эмас. Балки, бундай юртлар Ислом диёри ҳисобланади.
Бинобарин, бундай мамлакатларга ҳужум уюштириш, турли террорчилик ҳаракатларини содир қилиш асло жоиз эмас (ҳолбуки, Ислом диёри бўлмаган мамлакатларга нисбатан ҳам мазкур жиноятларни амалга ошириш шаръан асло мумкин эмас), ва ундай жойдан ҳеч қаерга ҳижрат қилиш ҳам фарз эмас.
Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати