Бугунги кунда динимиз илм фанининг ҳамма соҳаси: тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, ижтимоий одоб-ахлоқ, ислом тарихи, фароиз каби исломий фанларга оид асарларни ўз она тилимизда топиб ўқиш қийин бўлмай қолди. Диний адабиётларни таржима қилишда, она тилимизда диний асар ёзишда марҳум Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг беқиёс хизматини алоҳида тилга олмасдан илож йўқ. Ўзбекистон диний идораси ходимлари тарафдан ҳам жуда яхши диний адабиётлар кундан кунга халқимизга етказиб бериб бориляпти. “Ҳидоят”, “Ислом нури” каби даврий нашрларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бунинг натижасида халқимизнинг диний савияси кундан-кунга ортиб бормоқда.
Ташқи қиёфасидан ҳамма қатори оддий инсондек туюлсада, лекин анчагина оят-ҳадисларни, кўплаб нозик ақидавий ва фиқҳий масалаларни ўзлаштириб олган одамларни учратиш бугун оддий ҳолга айланиб улгурди. Алҳамдулиллаҳ! Бу қувончли ҳол, албатта… Шу ўринда камина ходимингиз ўзбек тилидаги адабиётлар орқали диний илмини ошириб бораётган илм толибларига муҳим бир маълумотни етказишни лозим деб билдим. У ҳам бўлса, Ислом фиқҳининг ўрни ҳадисшуносликдан юқори экани, фақиҳнинг фикри муҳаддиснинг фатвосидан устун эканидир! Мазҳаб аҳамиятига эътиборсиз ёш толиблар орасида “Расулуллоҳнинг ҳадиси турганда фалончи фақиҳнинг фатвосига бало борми?!…” ва ҳоказо, фуқоҳалар қадрини тушурувчи беодоб гаплар кўпайиб қоляпти. Бу ҳам аслида салафийлар тарафдан халқ орасига суқиб киргизилган фитна. Бунинг ортидан юқорида айтганимиздек фиқҳ ва фуқаҳоларга нисбатан ҳурматсизлик шаклланиб бормоқда. Айниқса ўзларини “аҳли ҳадис” деб таништирувчи мазҳабсизлар орасида бу ҳол кўп учрайди. Уларнинг мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шаънига ҳурматсизлик билан “Абу Ҳанифа ҳадисни билмасди”, деган бўҳтонлари кишининг энсасини қотиради.
Азизлар! Аслида фақиҳлар муҳаддислардан, фиқҳ илми ҳадисшуносликдан устундир! Ҳадис дунёсида шуҳрати етти иқлимга кетган йирик ҳадисшунос тарихий олим, саноқсиз олимларнинг катта устози имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ фуқаҳоларнинг қадри муҳаддисларникидан баланд эканини, ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини ҳадисшунослардан кўра фақиҳлар теранроқ англашини эътироф этган экан:
1. Имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳдан бир фиқҳий масалага ечим сўралади. У киши эса: “Бунинг жавобини Нўъмон ибн Собит яхши билади. Уни бу соҳада баракали маълумотга эга, деб биламан”, деб жавоб берган. (ал-Хайрот ал-ҳисан).
2. Бир куни имом Аъмаш Абу Ҳанифага фалон масалада фикрингиз қандай, деб савол қилди. Абу Ҳанифа унга қониқарли жавоб қилди. Аъмаш ҳайрон қолиб: «Буни қаердан биласиз?», деди. У: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисдан», деди. Шунда имом Аъмаш: “Эй фуқаҳолар! Сизлар гўёки табибсизлар! Биз эса оддий доришуносмиз холос!”, дейди. Яъни, биз ҳадисларни ёдлаймиз, уларнинг саҳиҳ ва заифларини ажратамиз. Аммо улардан шаръий масалаларни чиқаришни эса сизлардек уддалай олмаймиз. Худди доришунослар дори воситаларининг таркибини аниқ билсалар-да, аммо қайси дардга даво бўлишини табиблардек яхши билмагани каби. (Китобус-сиқот. Имом Ибн Ҳиббон).
3. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: имом Аъмаш мендан бир масала сўради. Унга жавобини батафсил айтиб бердим. У: «Буни нимага асосланиб айтмоқдасан?», деди. Мен: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисга асосан», деб ўша ҳадисни ҳам айтиб бердим. Шунда у: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ёд олганимда ҳали сенинг отанг билан онанг бирлашмаган эди. Лекин унинг таъвилини мана бугун сендан англаб етдим”, дейди. (Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳобиҳ).
4. Имом Омир аш-Шаъбий айтган экан: “Биз фақиҳ эмасмиз. Балки биз ҳадисларни тинглаб, ёдлаб фақиҳларга етказиб берувчи ровийлармиз холос”. (ат-Тақлидуш-шаръий ва аҳамиятуҳу фил-ислам).
✍️ Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом хатиби
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати