1994 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган Assouline Publishing нашриёти китоб нашр этишда АҚШдаги энг нуфузли нашриёт ҳисобланади. Унинг бренди аҳоли ўртасида яхшигина ном қозонган. Нашриёт асосан санъат, меъморчилик ва саёҳат ҳақидаги китобларни чоп этади.
2022 йилнинг июль ойида Assouline Publishing инглиз тилида "Ҳаж ва ҳаж зиёрати санъати" китобини нашр этди. Унда ҳаж ибодатига оид барча амаллар батафсил баён этилган. Шунингдек, унда ҳажга оид санъат асарлари билан ўқувчиларни таништирувчи 300 га яқин иллюстрациялар мавжуд.
Китобни тақдим этган Assouline Publishing нашриёт веб-сайтида "Ол-имрон" сурасининг 96-ояти келтирилган " Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй, Баккадаги уйдир "
Islam.ru хабарига кўра, китобга ҳажнинг энг қадимги фотосуратлари, шу жумладан 1880 йилда Каъбани тавоф қилаётган зиёратчилар тасвирланган фотосуратлар киритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.