Икки Муқаддас Ҳарам масжидлари раҳбарияти идорасининг маълум қилишича, янги ҳижрий сана бошланиши муносабати “Каъбапўш – Кисва” шанба куни янгисига алмаштирилади. Мазкур йиллик тадбирда Икки Муқаддас Ҳарам масжидлари идораси раҳбари, шайх Абдурроҳмон Ас-Судайс бошчилигидаги 166 нафар техник ходимлар ва ҳунарманд иштирок этди.
Ас-Судайс Саудия Арабистони раҳбариятининг Каъбани асраб-авайлашга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Подшоҳ Абдулазиз номидаги “Каъбапўш – Кисва” мажмуасида турли бўлимларда, жумладан, бўяш ва автоматик тўқиш, қўлда тўқиш, босмалаш, тикиш ва йиғиш бўлимлари ҳамда Каъба камари ва олтин бўлимида 200 га яқин ҳунарманд ва маъмурлар меҳнат қилди.
Тикув устахонасида узунлиги 16 метр бўлган, комьпютер тизими билан ишлайдиган дунёдаги энг узун тикув машинаси жойлашган.
“Каъбапўш – Кисва” тайёрланиш жараёнида қора рангга бўялган 670 кг хом ипак, 120 кг олтин сим ва 100 кг кумуш симдан фойдаланилди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қандай қилиб хонадонингиз жаннатга элтувчи йўл бўлиши мумкин?!
Сотиб олаётган ёки ижарага олаётган уйингиз имкон қадар масжидга яқин жойдан бўлсин. Азон товуши сизни намозларни жамоат билан ўқишга, шунингдек, кундалик намозларингизни вақтида адо этишга ундайди.
Бирон уйни ватан тутишдан аввал қўшниларни яхшилаб сўраб-суриштиринг. Агар улар солиҳ кишилар бўлсалар, нархи сал қимматроқ бўлса-да, уйни сотиб олишга шошилинг. Ёмон қўшни турмушингизни издан чиқариб, ҳаётингизни заҳарлаши мумкин.
Агар ҳовли-жой қурсангиз дераза-ойналарингизни қўшнининг уйига кўзингиз тушадиган қилиб ўрнатманг. Ўз обрўингизни сақлагандек, уларнинг шаънларини ҳам сақлашга ҳаракат қилинг.
Агар иложи бўлса, аёллар ва эркаклар учун алоҳида эшик қолдиринг. Эркак-хотин аралаш бўлишига имкон қадар йўл қўйманг.
Уйингизни баланд қилиб, қўшнилар билан мусобақалашманг, безатишда ҳам исрофга йўл қўйманг.
Намоз ўқийдиган алоҳида хона ажратинг.
Кераксиз буюмларни кўпайтириб юборманг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёждан ташқари кўрпа-тўшак, кийим-кечаклардан огоҳлантириб: “Эр учун бир кўрпа, аёлига битта кўрпа ва битта кўрпа меҳмон учун. Тўртинчиси шайтонга”[1], деганлар.
Ўғил-қиз фарзандларингизга алоҳида хона ажратинг.
Агар зарурат бўлмаса уй жиҳозларини алмаштираверманг. Бу шариат қоралаган исрофнинг айнан ўзидир. Агар уй жиҳозларингиз кўзингизга хунук кўринаётган бўлса, уларнинг жойларини ўзгартиринг. Бу сизга бошқа кўриниш имконини беради.
Биттадан ортиқ телевизор ўрнатишдан сақланинг. Айниқса болалар хонасига телевизор ўрнатманг. Чунки бу билан фарзандингиз кун бўйи бекорчи нарсаларни томоша қилиб ўтиришга одатланади.
Компьютерни ҳам ҳаммага кўриниб турадиган очиқ жойга ўрнатинг.
Кичикроқ бўлса-да, китоб жавонига, албатта, жой ажратинг.
Аҳли аёлингиз, ўғил-қизларингизга меҳр-муҳаббатли бўлинг. Дуоларингизда Аллоҳ таолодан оилангизга икки дунё саодатини насиб этишини сўранг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.