Муносабат
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз Раҳбари тадбирда: “Муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман. Маълумки, кейинги йилларда ҳаж, умра зиёратларига кенг йўл очяпмиз. Ҳаж ва умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби хунук ҳолатлар кўзга ташланяпти”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Ислом дини таълимотида мўмин-мусулмонлар риё ва сумъадан қаттиқ ҳамда қатъий қайтарилади. Риё – инсонлар орасида руҳий таъсир, шон-шуҳрат, моддий фойда учун қилинади. Дунёга оид бу каби моддий ва маънавий фойдаларни қўлга киритиш учун динга бўлган ҳурмат ва эътиборни суиистеъмол қилиш риёнинг энг ёмон шаклидир.
Афсуски, ҳали-ҳануз умрага ёки ҳажга бориб келган айрим кимсалар хўжакўрсинга иш тутиб, туяларда ва яна ақлга сиғмайдиган аллақандай ишларни ўйлаб топиб, бу ишларини оммага ижтмоий тармоқлар орқали намойиши этиши одамларнинг нафратига сабаб бўлмоқда.
Бундай ҳолатлар жуда хатарлидир. Чунки риё ҳадиси шарифда ширкка тенглаштирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Шубҳасиз риё ширкдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Биз ҳар қанча яширсак ҳам риё барибир кўзга ташланади. Риёнинг ҳаммаси ахлоқсизлик бўлгани каби ибодатларда риёкор бўлиш энг катта ахлоқсизликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта сиз учун энг қўрқадиган нарсам, кичик ширк, яъни риёдир” деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ибодат Аллоҳ таоло учун қилинади. Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун қилинган ибодат Парвардигорнинг ғазабига гирифтор қилади. Аллоҳ таоло Каломуллоҳда бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетказманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар» (Бақара сураси, 264-оят).
Аллоҳнинг буйруғини ва розилигини ўйлаб эмас, диндор кўриниш учун ибодат қилиш, олим ва билимли дейишсин, дея илм билан машғул бўлиш, сахий деб номланиш учун закот ва садақа бериш, риёдан иборат ёмон ҳаракатдан бошқа маънони ифода қилмайди.
Аллоҳга ва инсонларга қарши ўзини самимий тутиб риёдан узоқ туриш, иложи бўлса, ибодатларни яширин қилиш, Аллоҳнинг розилигини инсонларнинг мақтовига, истагига, қўрқувига қарши танлаш ҳар бир мусулмоннинг тамойили бўлиши керак.
Ҳаж ва умра, барча ибодатлар холис Аллоҳ тало учунгига қилиниши шарт. Одамлар кўрсин учун, риё, сумъа, ужб учун қилинган ибодат мўмин-мусулмоннинг савоби олишига эмас, аксинча қаттиқ гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Ҳажга, умрага бориб келган киши одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши керак. Бу Аллоҳ таолонинг буйруғидир: «Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Ҳурматли Юртбошимиз йиғилишда Исҳоқхон тўра Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини келтирдилар.
Шундан келиб чиқиб, биз аҳли илмлар, дин пешволари ғайрат қилиб, шижоат билан Ватанимизга, миллатимизга, динимизга хизмат қилишимиз керак. Халқнинг ичига кириб бориб, уларнинг динимизнинг соф таълимотини яна ҳам кучайтиришимиз зарур. Умрага, ҳажга бораётган юртдошларимизга риё ва сумъадан сақланиш кераклигини тушунтиримиз лозим.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати