Мусулмон дунёсида ўзига хос шуҳратга эга бўлган машҳур спортчи, бокс қироли Муҳаммад Али 3 июнь санасида АҚШнинг Аризона штати Феникс шаҳридаги Phoenix-area шифохонасида 74 ёшида вафот этди.
Боксчи 32 йил давомида паркинсон касаллигидан азият чеккан.
Асл исм-шарифи Кассиус Клей бўлган спортчи 1942 йилнинг 17 январь куни АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳрида туғилган. 12 ёшидан бошлаб бокс билан шуғулланган. Фаолияти мобайнида 61 та жанг ўтказиб, шундан 56 тасида ғалаба қозонган, 37 жангни нокаут билан якунлаган.
Кассиус Клей 1965 йили ислом динини қабул қилгач, бутун дунё бўйлаб нуфузи янада ошиб кетади. Айниқса, мусулмонлар орасида. У ирқий тенглик, бағрикенглик, тинчликпарварлик борасидаги қарашлари билан одамлар меҳрини қозонган. Мусулмонларга қарши ҳар қандай ёлғон ва уйдирмаларга қарши доим ўзининг кескин муносабатини билдириб келарди.
Муҳаммад Али 8 нафар фарзанднинг отаси эди.
Муҳаммал Али сўзларидан иқтибослар
Мен ким билан учрашишни хоҳлардим? Муҳаммад пайғамбар билан!
***
Сен ҳақ бўлсанг, ҳеч ким эсламайди. Агар бирор хато қилсанг, ҳеч ким унутмайди.
***
Сукунат — олтин, қачонки у арзирли жавобни ўйлаб олиш учун бўлса.
***
Журналист: "11 сентябрь воқеаларидаги террорчилар сизнинг динингизда эканини билганингизда кўнглингиздан қандай ҳислар ўтган?” Муҳаммад Али: « Гитлернинг дини сизникидек эди, нимани ҳис этгансиз?»
***
Мен нимани тушунмайман? Бу – уруш!
***
Менинг энг оғир жангим – Паркинсон касаллиги билан. Йўқ, бу оғриқли эмас. Буни тушунтириш мушкул. У мени аниқ синаяпти: сиғинишда давом этаманми, имонимни сақлаб қола оламанми? Яратган барча буюк шахсларни синовларга дучор қилади.
***
Биз бошқаларга қанча кўп ёрдам берсак, шунча кўп ўзимизга ёрдам берган бўламиз.
***
Эзгулик? Менинг онам!
***
Бегуноҳ одамларни ўлдириш—менинг динимга зид!
***
Мен ўғилларим ва қизларим ёнида турганимда, улар билан суҳбатлашганимда, ўзимни Буюк Аллоҳга яна ҳам яқинроқдек ҳис қиламан...
Манба: muxlis.uz
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ