“Закот озод, ақлли, балоғатга етган мусулмонга, нисобга тўла эга бўлса ва нисобга эга бўлганига бир йил тўлса, вожиб бўлади”. Закотнинг вожиб бўлиши Аллоҳ таолонинг:
وآتوا الزكاة
“Закотни беринглар", ояти каримасига ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
أدوا زكاة أموالكم
– “Молларингизнинг закотини адо этинглар”, деганларига биноандир. Бутун Ислом уламолари закотнинг вожиблигига иттифоқ қилишган.
Бу ўринда “вожиб”дан мурод “фарз”дир. Чунки уннинг фарзлигига ҳеч қандай шубҳа йўкдир.
Закот вожиб бўлиши учун нисоб миқдоридаги мулк бўлиши лозим. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) закот вожиб бўлишининг сабабини нисоб билан белгилаганлар. (Закот вожиб бўлиши учун нисобга) бир йил тўлиши лозим, чунки мол ўсадиган муддат бўлиши керак. Шариат уни бир йил билан белгилаган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Молда, унга бир йил ўтмагунча закот йўқ”, деганлар. Зеро, йил, ҳар фаслларни ўз ичига олгани учун, унга молни ўстириш имконни беради. Ва кўпинча фаслларда нархлар ўзгаради, шу боисдан ҳукм кўпига боғланган. Сўнг, закотни дарҳол (бериш) вожиб дейилган, чунки мутлақ (бирор нарсага боғланмаган) буйруқ тақозоси ана шундай. Баъзи ривоятда дарҳол бериш вожиб эмас, чунки бутун умр адо қилиш вақтидир, дейилган. Шунинг учун бепарволик натижасида нисоб нобуд бўлиши сабабли зомин бўлмайди (закот бермайди).
وليس على الصبي والمجنون زكاة
“Балоғатга етмаганларга ва мажнунларга закот вожиб бўлмайди”.
ومن كان عليه دين يحيط بماله فلا زكاة عليه
"Кимнинг зиммасида молини қамраган (нисоб миқдоридаги молига тенг ё ошиқ) қарзи бўлса, унга закот вожиб бўлмайди".
وإن كان ماله أكثر من دينه زكى الفاضل إذا بلغ نصاباً
“Агар моли қарзидан ошиқ бўлса ошгани агар нисобга етса, шундан закот беради.
Молини қамраган қарздан мурод бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлган қарзлардир. Назр ва каффорат қарзлари бунга кирмайди.
ومن له على آخر دين فجحده سنين ثم قامت له به بينة لم يزكه لما مضى
"Кимнинг биров зиммасида қарзи бўлиб, қарздор йиллар мобайнида қарзини инкор қилган бўлса, сўнг қарзга ҳужжат топилса, ўтган йиллари учун закот бермайди".
Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): "Беркитилган ва топилишига умид бўлмаган молда закот йўқдир", деганлар. Чунки, закот вожиб бўлишининг сабаби ўсувчи молдир. Яъни, молнинг эгаси унинг тасарруфига қодир бўлсагина молда ўсиш бўлади.
Йўқолган мол, тортиб олинган мол, денгизга тушиб кетган мол, чўлга кўмилган мол, агар жойи эсдан чиқарилган бўлса, беркитилган ва топилишига умид бўлмаган мол кабидир.
Уйда кўмиб қўйилган мол, уни топиш осонлигидан нисоб бўлади (йўқолган ҳисобланмайди).
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
тайёрлади.
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан