1. Яшаб турган уй-жойлари, кийиб турадиган кийимлари, минилиб турадиган улов, озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) олимнинг фойдаланиб турган китоблари, касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди. Бўёқчининг идишдаги бўёғидан, тери ошловчининг идишдаги ёғ-мойларидан закот берилади. Кирчининг кир совунидан закот берилмайди. (“Фатовойи Оламгирия”, “Кифоя”)
2. Гаровга қўйган бойлиги, мадомики, гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш вожиб эмас. (“Фатовойи Оламгирия”, “Кифоя”)
3. Бўйнига олмай юрган қарздорга қарши далил-ҳужжатга эга бўлиб қолса ва қарзни ундириб олса, ўтган йиллар учун закот вожиб эмас. (“Фатовойи Оламгирия”, “Кифоя”)
4. Одамлардан қарздор киши агар бойлигидан қарзига берадиган бўлса, нисобдан камайиб қоладиган бўлса, унга закот вожиб эмас. Аммо назр, каффорат, фитр садақаси, ҳаж пули каби Аллоҳнинг ҳақлари ҳам зиммасидаги қарзи ҳисобланади. Лекин бу қарзлар закотга тўсқинлик қилмайди, яъни мазкур жойларга сарф қилса, нисобдан камайиб қолиш эҳтимоли бўлса ҳам закот бераверади. (“Фатовойи Оламгирия”, “Кифоя”)
5. Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади, агар қарз берган одам уни топиб келишга қодир бўла туриб, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди, топиб келишга имконияти бўлмаса, қарздордаги пулдан закот бермайди. (“Фатовойи Оламгирия”, “Кифоя”)
Фатво ҳайъати
Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун.
У зотнинг ижодидан бир шингил:
Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.
Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.
Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.
Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий