Муборак ва файзу шукуҳга тўла, раҳмат, мағфират ойи рамазон кириб келди.
Рамазон Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг буюк неъматларидан биридир. Зеро, бу ойда икки дунёмиз саодати учун васила бўлган Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”.
Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бир ярим йил ўтгач, шаъбон ойининг ўнинчи кунида фарз қилинган. Ундан аввал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар ойда уч кун ва муҳаррам ойининг ўнинчи кунлари нафл рўза тутар эдилар.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда, осойишталикда ўтказиб келаётирмиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилди. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.
Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: “Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг Ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Раббингизни рози қиласизлар. Яна яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Раббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодат калимаси ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
“Ўша йили Рамазоннинг илк куни ёз ойининг охирги чоршанбасига тўғри келган, бомдод намозига чиққанларнинг барчаси рўзага ниятланган эди. Саййиди коинот ҳазратларининг юзлари барқ уриб турарди. Ҳар доимгидан хурсанд эканларига шубҳа йўқ. Файзини, баракотини кечаги суҳбатда англатганлари ушбу муборак ойга етишиш ва бир ой муддат билан Раббиларига ибодат низоми ичига кириш ул зотни албатта хурсанд этиб, саодатманд қиладида! Бунинг устига, тунда Жаброили амин яна янги хушхабар келтирди: бундан буён Рамазон ойларида Қуръони каримнинг ўша кунигача нозил бўлган қисмини биргаликда ўқиб, яна бир бор хатм қиладиган бўлдилар.
Ваҳий фариштаси Жаброил ўқийди, Сарвари анбиё жим тинглаб ўтиришлари керак. Лекин бу тинглаш қулоқ билан эмас, қалб билан, руҳ билан, кўнгил билан бўлар, моҳиятини Оллоҳдан ва расулидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир тиловат ва тинглаш билан тунлар безалар эди. Ўқилган ҳар оятда пайғамбаримизнинг айри бир хотиралари бўларди. Ҳар бир оятнинг қаерда, қачон, қайси сабаб билан нозил қилинганини яхши биладиган ҳам ул зот эдилар. Жаброили аминни тинглар эканлар, баъзан Ҳиро тоғининг қияликлари орасида берилган «Ўқи» амрини эслар, баъзан уйларида ваҳийнинг таъсиридан қутулиш учун ётоққа кирганларида нозил бўлган «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг» (Муддассир, 1-2) оятлари билан титрар, баъзан Сафо тепалигида инсонларга илк бор даъват қилган кунларининг хотиралари билан яшар эдилар” (“Саодат асри қиссалари”дан).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазон кириши арафасида бундай марҳамат қилган эканлар: “Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло ҳузурида рўза тутувчиларнинг мақоми қай даражада эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчи, тилини (ёмон сўзлардан) сақлагувчи, оч-яланғочларга овқат берувчи ва рамазон ойида рўза тутувчиларга”.
Шунингдек, рамазоннинг ўзига хос одоблари борки, инсон уларга бир ой мобайнида кўникма ҳосил қилгач, йил давомида ўша ахлоқ ва одобларни ўзида сақлаб, амал қилиши лозим бўлади. Яъни, ғийбат, чақимчилик, ёлғон сўз ва ёлғон қасамлардан тийилиш керак. Шу билан бирга, тилни фаҳш ва беҳудаликлардан, қалбни хусумат ва адоватдан, кўзни гуноҳ ишларга қарашдан, қулоқни ношаръий нарсаларни эшитишдан ва аъзоларни бировга зулм қилишдан сақлаш зарур.
Аллоҳ таоло барчамизга рамазонни қандай гўзал бошлаган бўлсак, шундай якунлашни насиб этсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД