Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447

Таровеҳ намози фазилати

10.06.2016   4355   35 min.
Таровеҳ намози фазилати

«Таровеҳ» роҳат-истироҳат маъносидадир. Чунки, мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракатни ўқиб бўлганидан кейин истироҳат олинади.

 

«Мухтасари Виқоя» китобида:

 

Таровеҳ Витрдан олдин ёки кейин суннатдир. Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг миқдорича ўтирилади. Бир марта хатм қилиш суннатдир. Уни қавмнинг дангасалиги туфайли тарк қилинмайди. Рамазондан ташқарида Витрни жамоат билан ўқилмайди, дейилади.    

 

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r يُرَغِّبُ فِي قِيَامِ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَأْمُرَهُمْ بِعَزِيمَةٍ وَيَقُولُ: مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

   

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

 

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо, қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:

 

«Ким Рамазонда имон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

 

 عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: خَرَجَ رَسُولَ اللهِ r لَيْلَةً مِنْ جَوْفِ اللَّيْلِ فَصَلَّى فِي الْمَسْجِدِ وَصَلَّى رِجَالٌ بِصَلاَتِهِ فَأَصْبَحَ النَّاسُ فَتَحَدَّثُوا فَاجْتَمَعَ أَكْثَرُ مِنْهُمْ فَصَلَّى فَصَلَّوْا مَعَهُ فَأَصْبَحَ النَّاسُ فَتَحَدَّثُوا فَكَثُرَ أَهْلُ الْمَسْجِدِ مِنَ اللَّيْلَةِ الثَّالِثَةِ فَخَرَجَ رَسُولُ اللهِ r فَصَلَّى فَصَلَّوْا بِصَلاَتِهِ فَلَمَّا كَانَتِ اللَّيْلَةُ الرَّابِعَةُ عَجَزَ الْمَسْجِدُ عَنْ أَهْلِهِ حَتَّى خَرَجَ لِصَلاَةِ الصُّبْحِ فَلَمَّا قَضَى الْفَجْرَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَتَشَهَّدَ ثُمَّ قَالَ: أَمَّا بَعْدُ فَإِنَّهُ لَمْ يَخْفَ عَلَيَّ مَكَانُكُمْ وَلَكِنِّي خَشِيتُ أَنْ تُفْتَرَضَ عَلَيْكُمْ فَتَعْجِزُوا عَنْهَا فَتُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ r وَاْلأَمْرُ عَلَى ذَلِكَ. رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ.

 

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

 

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси, тунда чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Одамлар у кишига иқтидо қилишди. Тонг отганидан сўнг одамлар бу ҳақда гапиришди. Кейин улардан ҳам кўп тўпланишди ва у зот билан намоз ўқишди. Тонг отганидан сўнг одамлар бу ҳақда ҳам гапиришди. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиқиб, намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилди. Тўртинчи кеча бўлганида ҳатто масжидга одамлар сиғмай кетишди. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва:

 

«Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин мен (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди».

 

 

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدِ الْقَارِيِّ t قَالَ: خَرَجْتُ مَعَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ t لَيْلَةً فِي رَمَضَانَ إِلَى الْمَسْجِدِ فَإِذَا النَّاسُ أَوْزَاعٌ مُتَفَرِّقُونَ يُصَلِّي الرَّجُلُ لِنَفْسِهِ وَيُصَلِّي الرَّجُلُ فَيُصَلِّي بِصَلاَتِهِ الرَّهْطُ فَقَالَ عُمَرُ: إِنِّي أَرَى لَوْ جَمَعْتُ هَؤُلاَءِ عَلَى قَارِئٍ وَاحِدٍ لَكَانَ أَمْثَلَ ثُمَّ عَزَمَ فَجَمَعَهُمْ عَلَى أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ ثُمَّ خَرَجْتُ مَعَهُ لَيْلَةً أُخْرَى وَالنَّاسُ يُصَلُّونَ بِصَلاَةِ قَارِئِهِمْ قَالَ عُمَرُ: نِعْمَ الْبِدْعَةُ هَذِهِ وَالَّتِي يَنَامُونَ عَنْهَا أَفْضَلُ مِنِ الَّتِي يَقُومُونَ يُرِيدُ آخِرَ اللَّيْلِ وَكَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ أَوَّلَهُ.

 

 

Абдурроҳман ибн Абдин Қорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

 

«Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар:

 

«Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам, яхши бўлади», деди. Сўнгра, уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди. Умар:

 

«Бу қандай ҳам яхши бидъат! Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди» (Имом Бухорий ривояти).

 

Ҳазрат Умарнинг бу ишларига саҳобалардан ва мусулмон умматидан бирор киши ҳам қарши чиқмаган.

 

 

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِِذِيُّ.

 

Ирбозий ибн Сорийадан ривоят қилинади:

 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

 

«Менинг суннатимни ва мендан кейин рошид халифаларнинг суннатини лозим тутинг», дедилар» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).

 

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ҳазрат Умарнинг қилган бу ишлари ҳақида сўралганида: «Таровеҳ суннати муаккададир. Уни Умар ўзидан чиқарган эмас. У бу ишда бидъатчи эмас. Унинг асли бор бўлгани учун амр қилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аҳд бўлган», деганлар.

 

Таровеҳ намози Рамазонда, хуфтон намозидан кейин витр намозидан олдин ўқилади. У йигирма ракатдан иборатдир.

  

عَنْ يَزِيدَ بْنِ رُومَانَ t قَالَ: كَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ فِي زَمَانِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فِي رَمَضَانَ بِثَلاَثٍ وَعِشْرِينَ رَكْعَةً.

 

Язид ибн Румон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

 

«Одамлар Умар ибн Хаттобнинг замонида йигирма уч ракат ила қоим бўлар эдилар».

 

Бундан йигирмаси таровеҳ, учтаси витр.

 

Таровеҳ йигирма ракат бўлишига саҳобалар, тобеинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар.

 

Ҳар тўрт ракатдан кейинги ўтиришни

 

«тарвийҳа» дейилади ва унинг исмидан таровеҳ намозининг номи олингандир. Ушбу ўтириш пайтида ҳар юртнинг одамлари ўзларига одат бўлиб қолган тасбиҳ ва таҳлиллар ўқишади.

 

 

 

Мир Араб мадрасаси 

Т. Сайлиев тўплади.

 

Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   5735   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.