“...У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир...”
(Ҳадиси шарифдан)
Кечагина кўзларимиз йўлингга нигорон эди. Ёш боладек қўлларимизни букиб-ёзиб, кун санаётгандик. Ҳам фараҳ, ҳам илиж билан овозимизда аллақандай қоришиқ туйғулар: “Рамазонга 5 кун” қолибди, дея кутаётгандик. Мана, кутиб олдик, унинг раҳмат дея аталган аввалги ўн кунлигидан насиба олсак олдик, олмасак йўқ. Ўртасига етдик. Мағфират даҳаси билан юзма-юз келдик.
Қалбимизга энг ҳассос, энг илоҳий туйғуларни олиб келган эй муборак моҳ! Сенинг ғаниматлигингни англадим. Зеро, аввалги раҳмат кунларини сониялар қадар тезлик билан ўтиб кетгани бугун дилимга алам солаётир. Нега устимга ёғилиб турган раҳматларнинг ҳаммасини йиғиб, амал дафтари деб аталувчи “қопимга” солиб олмадим, деган надомат дилимни ўртамоқда...
Бироқ яна бир таскиним бор, ҳали олдинда Мағфират даҳаси бор, дўзаҳдан озод бўлиш фурсатини-да бой бериб қўймаслигим лозим.
Ўтган ўн кун давомида ҳуркак нафсим анчайин тизгинланди, ўтган ҳар кундан бир ҳикмат топа олдим, алҳамдулиллоҳ! Маҳшар майдонида чанқоқ қолмаслик учун Рамазонда чанқоқ қолишни афзал билдим. Тарозуга амалларим қўйилганида уларнинг енгиллик қилиб қолишидан чўчиб, бирига ўн савоб бериладиган ойда кўпроқ хайрли ишлар қилишни кўзладим. Аллоҳнинг ўзи мукофотимни берсин, дея лаззатлардан юз бурдим. Зеро, ваъда қилинаётган мукофот шунга арзийди. Унинг олдида бу дунёнинг емоқ, ичмоқ каби лаззатлари нима деган гап?!
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яна бир ваъдаси бор: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса кам бўлмас” (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти), деган. Ана шу ваъдадан умидворман. Эҳсонларни яқинлардан бошлаб, рўзадорлар ажрича ажр олиш илинжида ифторлик бериш ниятидаман. Аллоҳ шунга қодир айласин илоҳим!
Эй, ойларнинг Султони! Сенда қалбимни қувончга тўлдирадиган яна бир лаззат бор: Бу саҳарлик ва ифторликнинг қувончи! Наҳорда туришга оғринадиган бу нафсимни ўзимга бўйинсундириб, саҳарлик учун кўз очарканман, қалбимни хушнудлик қоплаб олади. Зеро, нафсга бўйсунишнинг оқибати вой, нафсинг сенга бўйсунса, яхшиликдан умид бор!
Ифторга етгунча неча бор мени қутқуга соладиган нафсим устидан унинг сўзига кирмай яна бир бор ғалаба қиламан. Бу йўлда жиддий курашишга ҳам ҳожат қолмади. Унга секингина, Аллоҳнинг розилиги, унинг мағфиратини эслатаяпман. Анча йўриғимга юриб қолди, дарров кўна қолади. Ахир мени қутқуга солаётган фақат нафсимнинг ўзи. Унга кўп ишларда кўмакчи бўладиган шайтони лаъин кишанланган-да. Зеро, ҳадиси шариф шунга далолат қилади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)айтадилар : “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!”, деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Бу илоҳий раҳмат ва мағфират онларида “яхшилик истовчи”лар қаторида туриш не гўзал бахт, не қадар улкан имкон! Ана шу яхшиликлардан умидвор ҳолда дуолар ижобат қилинадиган ифторлик чоғларида қўл очаман: “ Биз ожиз бандаларга икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани фарз қилган эй Холиқи Зулжалол! Бу илоҳий онларнинг барча фазилатларидан насиба олишга қодир қил бизни! Рўзанинг фарз эканига имон келтирдик, бу имонимизни жон чиқар онда ҳам саломат қил! Уни Сенинг розилигинг йўлида тутишни қасд этдик, ваъда қилган мукофотларинг билан бизни Қиёматда севинтир! Райён номли эшикдан жаннатингга киргиз. Рўза тутиб тақво ҳиссини туя бошлаган нафсимизни ўз ҳолига ташлаб қўйма. Уни ҳидоятга солиб тур. Зеро, Сенинг раҳмат ва мағфиратингсиз бизлар ўз жонига зулм қилганлардан бўлиб қоламиз!”
Нигора МИРЗАЕВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД