Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, Исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аллоҳ ризолиги йўлида қилинаётган ҳар бир ибодатни Ўзи даргоҳида қабул қилсин.
Кейинги вақтларда Ҳажга бориб келувчилар орасида “Ҳаж оши” бериш, эҳсон қилиш, аёллар орасида ҳаждагилар билан биргаликда “гап”да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.
Бир онахон билан гаплашганимда, у киши ҳажга бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнаши ҳақида гапириб қолдилар. Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ кимўзарга, риёга, манманликка ўхшаб кетишини айтдилар.
Столга энг охирги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, Эрондан келтирилган мевалар қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарса, хўп, шароити кўтармаганлар учун кўнгил синиши юз бериши ачинарли ҳолдир.
Келин ҳаждагилар билан учрашишга кетаётган қайнонасига: “Ойижон, ҳамма аёллар “гап”га келишганида тилла асбобларини тақиб келишган эди, нега сиз бор бўлса ҳам, тақмайсиз. Хоҳласангиз, ўзимникини бераман” деди меҳрибонлик қилиб. Қайнонасининг жавоби уни лол қолдирди: “Болам, орамизда тилла асбоби йўқ аёллар ҳам бор. Аёл кишимизда, барибир, зебу-зийнатни яхши кўрамиз. Тиллаларга бурканиб борсам, қайсидир бир аёлнинг кўнглини ўксишига сабаб бўлишдан қўрқаман”.
Ҳажга кетаётган аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса, деб, қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга бериш яхши амаллардандир.
Бир илмли кишидан “Ҳажи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?” деб сўрашибди. У киши: “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берган экан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира Абубакирова
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида имом-домлалар томонидан фуқаролар мурожаатини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича қабул кунлари амалга оширилмоқда.
30 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган имом-хатиб фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим, ишга кириш ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати