Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Ҳаж зиёфатими ёки риё?

27.07.2022   1505   2 min.
Ҳаж зиёфатими ёки риё?

Мустақил юртимизда ибодатлар эмин-эркинликда қилинаётган бир вақтда, Исломнинг бешинчи аркони бўлган Ҳаж амалини бажариш учун кетаётган юртдошларимизнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аллоҳ ризолиги йўлида қилинаётган ҳар бир ибодатни Ўзи даргоҳида қабул қилсин.

Кейинги вақтларда Ҳажга бориб келувчилар орасида “Ҳаж оши” бериш,  эҳсон қилиш, аёллар орасида ҳаждагилар билан биргаликда “гап”да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.

Бир онахон билан гаплашганимда, у киши ҳажга бирга борган аёлларнинг бир-бирлари билан “гап” ўйнаши ҳақида гапириб қолдилар.  Бу йиғилишлар эҳсондан ҳам кўпроқ кимўзарга, риёга, манманликка ўхшаб кетишини айтдилар.

Столга энг охирги русумдаги биллур идишлар, турли-туман таомлар, Эрондан келтирилган мевалар қўйилган. Кейинги “гап”ни қиладиганлар эса албатта, бунданда ўтказиб қилишга ҳаракат қилишлари турган гап. Шароити кўтарса, хўп, шароити кўтармаганлар учун кўнгил синиши юз бериши  ачинарли ҳолдир.

Келин ҳаждагилар билан учрашишга кетаётган қайнонасига: “Ойижон, ҳамма аёллар “гап”га келишганида тилла асбобларини тақиб келишган эди, нега сиз бор бўлса ҳам, тақмайсиз. Хоҳласангиз, ўзимникини бераман” деди меҳрибонлик қилиб. Қайнонасининг жавоби уни лол қолдирди: “Болам, орамизда тилла асбоби йўқ аёллар ҳам бор. Аёл кишимизда, барибир, зебу-зийнатни яхши кўрамиз. Тиллаларга бурканиб борсам, қайсидир бир аёлнинг кўнглини ўксишига сабаб бўлишдан қўрқаман”.

Ҳажга кетаётган аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса, деб, қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга бериш яхши амаллардандир.

Бир илмли кишидан “Ҳажи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?” деб сўрашибди. У киши: “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажи қабул бўлишига яхши гумондир”, деб жавоб берган экан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира Абубакирова

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Таъзия

1.11.2024   4263   3 min.
Таъзия

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!

Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!

Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.

Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.

Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.

«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.

Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.

«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.

“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.

Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.

1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.

2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.

Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.

Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати