Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Қандай кийинишни унутиб қўйдик!

25.07.2022   962   4 min.
Қандай кийинишни унутиб қўйдик!

Кийим инсонни табиатнинг турли ҳодисаларидан ва танага зарар берадиган ташқи таъсирлардан асрашга хизмат қилади. Кийим инсоннинг характерини, унинг ички ва ташқи дунёсини, ахлоқий сифатларини, ақлий салоҳиятини, эстетик дидини намоён қиладиган омиллардан.

Биз инсонннинг кийимига қараб, унинг оиласидаги муҳитни ва қандай инсонлигини билиб олишимиз мумкин. Замон тезлашиб, ёшлар орасида ҳаё мезонига жавоб бермайдиган турли кийимларнинг кўпайиши ва ёшлар тили билан айтганда «мода»ларнинг кун сайин ортиб бориши кийиниш одоби ва маънавий ахлоқнинг бузулишига олиб келяпти.

Афсуски, бу модаларнинг ортиши ёшларнинг кийинишига жуда катта таъсир ўтказяпти. Айрим йигит ва қизларнинг кийинишида деярли фарқ қолмади. Қизларнинг шим кийиши эса ҳозир кўтарилаётган масала эмас. Тор шим кийиб олиб, шаталоқ отиб кўчаларда ҳаё пардасини юлиб ташлаган қизлардан ёки Европанинг турли кинофильмларидан «ўрнак» олаётганлар сони ортиб боряпти. Бундай ёшларнинг маънавий ахлоқи аллақачон бузулиб бўлган. Бир савол қийнайди: наҳотки уйдан шундай расво тарзда кийиниб чиқаётган қизнинг ота ёки акаси «Ҳей, ўзингни йиғиштириб ол», демайди. Бундай кийиниш ва бундай яшаш тарзини тарғиб қилаётганларнинг асл мақсадлари бор.

Сўнгги икки йил давомидаги жаҳон модаларини томоша қилсангиз, у ердаги илгари сурилаётган фикрларни кўрасиз. Эркаклар кийимлари модасида қарасангиз, уларнинг кийимларида турли гул безакларидан фойдаланилган, ипак матолар ва шунга ўхшаш бир қараганда аёллар кийимини эсга солувчи унсурлардан фойдаланилган. Аёллар кийимлари эса аксинча – жиддий тусда бўлиб, бир қараганда, эркаклар кийимларини эслатиб юборади. Бу эса инсоннинг жинсини ўзгартиришга ҳаракат қилишнинг руҳий биринчи зарбаси ҳисобланади. Бундай ўзи жуда содда бўлиб кўринадиган тузоқларнинг оммалашишига ёшларимиз билиб-билмай ўз ҳисса қўшишяпти.

Дунё мусулмонлари бундай жинсни ўзгартириш каби тубан ишга қарши ғояларни олиб бораётган бир пайтда биз унинг ривожланишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Кўчаларда қизларнинг турли йиртиқ шимлар кийишига гувоҳ бўляпмиз. Қиз бола учун бундай шимлар кийиш ҳаром. Худди шундай эркак кишилар учун ҳам аёллар кийимига ўхшаш кийимларни кийиш ҳаром.

Кийим нафақат кишининг юзи, балки унинг оиласи, агар четга чиқадиган бўлса, миллатнинг юзидир. Ривожланган технологиялар замонида яшарканмиз, қайси бир ёшнинг қўлига қараманг, сўнгги русумдаги телефонлари бор. Турли ғояларни инсон онггига сингдириш учун ўргимчак тўри деб аталмиш интернетнинг ўзи етарли.

Бундай замонда яшаётган ҳар бир ота-она учун ўз боласининг қўл телефонини текшириш вожибдир. Чунки улар бутун маълумотнинг 90 фоизини китобдан эмас, турли интернет сайтларидан олишяпти. Кийинишда ҳам интернет сайтларида кўриб қолган қандайдир шахсларга тақлид қилишяпти. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, аёлларнинг кийими кун сайин беҳаёлашиб боряпти. Агар чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, бу иш ҳам айни бир мақсаднинг амалга ошаётганидан далолат беради. Ҳозирда аёлларимиз орасида бурқа (ниқоб) тақиш урфга айланмоқда. Юз ва қўлларни ёпиб оладиган даражада кийиниш юртимизда фитнага сабаб бўляпти. Шундай кийиниш керакки, бу фитнага сабабчи бўлмасин.

Бизнинг мазҳабимизда ва жумҳур уламолар мазҳабида ҳам аёл кишининг юз ва кафт қисми аврат ҳисобланмайди. Бу тўғрисида турли ҳадислар ривоят қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Асмо, аёл киши вояга етганида ундан мана бу ва мана бу (юз ва қўлларини кўрсатиб) жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас» деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ислом мўътадилликни ёқтиради ва ёқлайди. Кийиниш тарзимизда ҳам бунга амал қилишимиз энг гўзал ишлардан биридир. Кийим билан фаҳшни тарғиб ҳам қилмайлик, кийим билан фитнага ҳам сабабчи бўлиб қолмайлик. Динимиз белгилаган мезонларда, кийиниш маданиятига амал қилиб либос кийсак, бунинг ажр ва мукофотини Аллоҳ таоло, албатта, беради.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

22.11.2024   3453   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг етим ҳолда туғилишларидаги ҳикматлар

Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.

Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:

Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.

Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.

 

Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.