Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳридаги Ҳастимом даҳасида жойлашган “Ҳазрати Имом” жомесига ташриф буюрдилар.
Жума намозидан аввал жамоат Муфтий ҳазратларининг ҳаж зиёрати таассуротлари, тафсилоти ва ҳожилик мартабаси ҳақидаги гўзал суҳбатларидан баҳраманд бўлишди.
Муфтий ҳазратлари сўзлари давомида муборак ҳаж зиёратидан сўнг илк жума намозини мазкур табаррук масжидда ўқишни ният қилганлари, ҳаж мавсуми 12 минг нафардан зиёд ҳамюртимизнинг ҳаж зиёратига масъул сифатида муборак заминга борганлари, ушбу улуғ жойларга борган ҳожилар билан бирга Ўзбекистондаги барча мўмин-мусулмонлар ҳаққига хайрли дуолар қилишгани, Равзаи муборакда Пайғамбар алайҳиссаломга саломлар етказишганини айтдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари “Ҳаж – 2022” мавсуми тафсилотлари, хусусан, Саудия Арабистони билан музокаралар, ўзбекистонлик ҳожиларга квота ошириб берилганининг сабаби, нархни белгилаш, маблағларни жой-жойига сарфлаш, 12 минг нафар ҳожига хизмат кўрсатишнинг машаққати ҳақида маълумот бердилар.
Маъруза давомида муборак зиёратга бориб келган ҳожиларга насиҳат қилиб, уларнинг гуноҳлардан тийилиб юриши – ҳажи қабул бўлганига ишоралиги, ҳожилар зиёратига Байтуллоҳ, Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзалари, саҳобаи кромларнинг қабрлари, улар яшаган жойларни зиёрат қилиб келгани, Ҳақ таолонинг амри – ҳаж арконини бажариб келгани учун борилиши, уни зинҳор исроф, беҳуда гап-сўз, сохта обрў-эътибор олиш тадбирига айлантирмаслик, балки маърифий суҳбат, муқаддас зиёрат таассурот ва фойдалари билан безаш, уларнинг зиёратига борувчилар ҳам маъноли саволлар бериб ўзларига манфаат ҳосил қилишларини тавсия этдилар.
Шу билан бирга, силаи-раҳм, садақаи жория қилиш нафл ҳаждан савоблироқ экани, бир маротаба фарз ҳажини адо этган киши бошқа ҳақдорларга ҳам йўл бериши лозимлиги, унинг ўрнига умра зиёратига бориши ё эҳтиёжмандларга ёрдам қилиши савоблироқ, адолатлироқ бўлишини уқтирдилар.
Якунда Муфтий ҳазрат хайрли дуолар қилдилар, таъсирли ва манфаатли маърузадан кўнгиллари юмшаб, кўзлари намланган жамоат аҳллари омин, омин, деб туришди.
Муфтий ҳазратларининг жума маърузалари тўлиқ вариантини қуйидаги манзил орқали томоша қилишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=dWgikuHGRZw
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.