СУННАТ ИСТИЛОҲИ
Муҳаддислар суннат сўзини қуйидагича таърифлайдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал ва тасдиқлаш (маъқуллаш) суннатдир”.
Тасдиқлаш араб тилида “тақрир” деб аталади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар томонидан содир этилган гап, сўз, амалларни маъқуллашлари ёки эътироз билдирмай индамасликлари ҳам суннат ҳисобланади.
Демак, суннат ушбу жами уч (сўз, амал, тақрир) асос билан бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқ экан, у зот алайҳиссаломнинг мавқеларини ўзлаштирмай (ўрганмай) туриб, фиқҳни тўлиқ тушуниб бўлмайди.
РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МАҚОМЛАРИ
Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсониятга юборилганларида қандай мавқе (мақом)га эга эдилар? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам почта ходими каби фақат етказиб берувчи ва хатнинг нима бўлиши ҳақида ўйламайдиган бўлганмилар?
Жавоб аниқ: Асло йўқ! Пайғамбарлар алайҳимуссалом фақат Aллоҳ таолонинг каломини одамларга етказиш учун юборилмаган. Улардан илоҳий таълимотни етказиш, уни тушунтириш ва амалий намуна бўлиш талаб этилади. Илоҳий китобларни етказиш билан пайғамбарларнинг вазифалари тугамайди, балки, улар инсониятга Китобдаги кўрсатмаларга мувофиқ яшашни ўргатишлари лозим. Қуръони каримнинг ушбу ояти бунга шубҳа қолдирмайди:
لَقَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذۡ بَعَثَ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ ١٦٤
“Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).
هُوَ ٱلَّذِي بَعَثَ فِي ٱلۡأُمِّيِّۧنَ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ ٢
“У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир” (Жумъа сураси, 2-оят).
Ушбу оят маънолари Иброҳим алайҳиссалом дуоларида ҳам ўз аксини топган:
رَبَّنَا وَٱبۡعَثۡ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَيُزَكِّيهِمۡۖ ١٢٩
“Эй, Роббимиз, уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юборгин!” (Бақара сураси, 129-оят).
Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт пайғамбарлик вазифалари баён этилмоқда:
Демак, ушбу оятлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари фақатгина Аллоҳнинг буйруқларини етказиш эмас, балки ўша буйруқлар асосида инсонларни яшашга ўргатиш экани маълум бўлади.
Шунингдек, у зот алайҳиссаломдан ҳикматни ўргатиш талаб этилади. Яна бу ҳали ҳаммаси эмас. Набий алайҳиссалом амалий намуна бўлиб, инсонларни залолатдан ҳидоят нури сари бошлашлари зарур.
а) Демак, Қуръон оятларини етказиш Набий алайҳиссаломнинг вазифаларидан бири эканлигини Қуръони карим тасдиқлайди;
б) у зот алайҳиссаломнинг Қуръон тафсиридаги шарҳлари ҳал қилувчи асос саналади;
в) Набий алайҳиссалом илоҳий кўрсатмага асосланган ҳикматни ўргатувчи ягона асос ҳисобланадилар;
г) инсонларни Ислом шариати асосида яшашга ўргатишда намуна ўлароқ бўлишларига ишонч билдирилган.
Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишлари ва эргашишлари шарт бўлмаганида у зот алайҳиссаломнинг ушбу вазифалари бажарилмаган бўларди. Инчунун, Набий алайҳиссалом сўзларига амал қилиш у зотнинг эргашувчиларига мажбурийдир, амаллари эса уммат учун гўзал намунадир.
Аллоҳ таоло қатор оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишга ва эргашишга буюради. Бу борада, Қуърони каримда икки сўз: “итоат” – бўйинсуниш ва “иттибо” – эргашиш ишлатилади.
Биринчи сўз (итоат) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ва сўзларига итоат этишни англатади, иккинчиси (иттибо) эса, у зот алайҳиссаломнинг амалларига эргашишни билдиради.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм. Давоми бор...
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ