Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Май, 2025   |   14 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:08
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:35
Хуфтон
21:03
Bismillah
12 Май, 2025, 14 Зулқаъда, 1446

“Имом Мотуридий” романининг тақдимоти ўтказилди

19.07.2022   2845   1 min.
“Имом Мотуридий” романининг тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб “Имом Мотуридий” романининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмити раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, ёзувчилар, шоирлар, таржимонлар, китоб мутолааси муҳиблари ва табиийки, ОАВ вакиллари иштирок этди.

– Аслида, қўлга қалам олиб, бирор нарса қоралаш – осон иш эмас. Айниқса, буюк мутафаккирлар, алломалар ҳаётини бадиий йўсинда қаламга олиш кишидан узоқ вақт тайёргарликни талаб этади, – дейди “Имом Мотуридий” халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов. – Имом Мотуридий ҳазратларининг ҳаётини, у киши ҳақда муаррихларнинг ёзганларини, олимнинг ўзбек тилидаги асарларини ўқиб, ўрганиб, халқимиз учун оммабоп роман ёзиш фикри анча олдин туғилган эди. Шу фикрларимизни тадбирларда, анжуманларда ёзувчиларимизга кўп марта айтдик. Бу масъулиятли ишни Луқмон Бўрихон ўз зиммасига олди. Унинг қаламига мансуб янги роман ўқирманларнинг китоб жавонлари билан бирга, эътиқодларини, маънавиятларини янада безашига ишонамиз.

Тақдимотда сўзга чиққанлар асар ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Хусусан, асар зўр маҳорат билан ёзилгани, улуғ аллома ҳаёти, ақида илмига оид фаолияти оддий ўқувчига тушунарли тилда бадиий тарзда акс эттирилганини эътироф этишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Сеҳргар бир йилда ҳам бу ишни қила олмайди

07.05.2025   3771   4 min.
Сеҳргар бир йилда ҳам бу ишни қила олмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.

Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.

Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.

Ибн Абдулбарр Яҳё ибн Аби Касирдан ривоят қилади: “Чақимчи ва ёлғончи бир соатда қилиб юборган бузғунчиликни, сеҳргар бир йилда ҳам қила олмайди”.

Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.

Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда:  Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.

Аллоҳ таоло бундай деган: Ва бир-бирингизни ғийбат қилманглар! Сўнгра Аллоҳ таоло ғийбат қилувчининг ҳолатини шундай тасвирлади: Сизлардан ким ўлган биродарининг гўштини емоқчи бўлади?! Бундай ҳолатни ёмон кўрасизлар.

Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.

Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».

Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар: Кимки мусулмонларнинг айбларини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини фош этади — ҳатто ўз уйида бўлса ҳам.

Аллоҳ бундай дейди: Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар.

Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ