ЎМИнинг Татаристон Республикасидаги вакили Муҳаммадюсуф Хушвақов ТР Мусулмонлари диний идораси қошидаги "Хузур" нашриёт уйи раҳбари Ришад Хамидуллин таклифига биноан ушбу нашриёт матбаасида бўлди.
Ришад Хамидуллин учрашувда нашриёт уйи фаолияти ҳақида, унда чоп этилаётган даврий нашрлар, китоб ва рисолалар ҳақида таништирди.
"Хузур" нашриёт уйи раҳбари диний йўналишдаги маърифий ва нашр ишлари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси улкан бой тажрибага эга эканини эътироф этди. Ўзаро суҳбатда икки диний идора ўртасида нашр ишлари бўйича ҳамкорлик ва тажриба алмашув имкониятлари хусусида келгусида соҳа мутасаддилари билан музокаралар олиб бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашувда М.Хушвақовнинг 2022 йил 12 июль куни “muslim.uz” сайтига жойлаштирилган “Татаристон Республикасида Қурбон ҳайити байрами қандай нишонланди?” номли мақоласи ижобий таассуротга эга бўлгани эътироф этилди. Келгусида ҳам шу тарзда ЎМИ ва ДУМ РТ фаолиятига оид, ўзбек ва татар мусулмонлари ҳаётига оид аҳамиятли хабар ва маълумотлар “muslim.uz” сайти ҳамда “dumrt.ru” ва "huzurtv.ru" ахборот каналларида жойлаштириб бориш бўйича беғараз ҳамкорлик ишларини ташкил этиш таклиф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Макка шаҳрида зиёратчилар жойлашган меҳмонхоналарда маърифий суҳбатлар ўтказилиб, улуғ ибодат аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъизалар қилинмоқда. Юртимизда кейинги йилларда ҳаж ва умра сафарларини юқори даражада ташкил этилаётгани, юртдошларимизга ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун ҳар томонлама қулайлик ва шароитлар ҳозирлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Қуръон ва тажвид бўлими мудири шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғли, Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломжон домла Холбоев, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин домла Алихонов, “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом-хатиби Таваккал домла Кенжаев, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур домла Йўлдошев каби уламолар ҳожиларга суҳбатлар қилиб беришмоқда.
Учрашувларда табаррук шаҳарлар қадр-қиммати, бу ерларда зиёрат ва ибодат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ жойларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш, ҳар бир зиёратчи ҳақиқий ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, маърифий суҳбатлар чoғидa, аввало, ниятни тўғри қилиш, дoимo Аллоҳ таолонинг зикpи билан банд бўлиш, иcтиғфоp, дyoлар ва Қypъoни кapимни тилoвaтини кўпайтириш, тилни бeҳyдa cўзлapдaн тийилиш, қўлидaн кeлгaничa oдaмлapгa яxшилик қилиш, қaлбни мaшғyл қилувчи нарсалардaн xoли бўлиш, ўзини камтар тyтиш, зeбy зийнaтгa эътибop беpмacлик сингари ҳаж одобларига амал қилиш ҳажнинг мабрур бўлишига сабаб бўлиши ҳақида шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида эслатиб ўтилмоқда.
Суҳбатлар ниҳоясида зиёратчилар билан ҳаж ибодатига доир савол-жавоблар ҳам бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати