Ўзбекистон делегацияси вакиллари Волжский шаҳридаги Волгоград вилояти Марказий мусулмонлар диний идораси ҳузуридаги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидаги маънавият ва маданият марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Islam.ru хабар берди. Ушбу делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим домла Иномов бор эди.
Мамлакатимиз делегацияси вакилларини Волгоград вилояти муфтийси Бата Кифаҳ Муҳаммад ва Волгоград вилояти муфтийси биринчи ўринбосари Сурлан Абубакаров кутиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Ўзбекистон муфтийси Нуриддин домла Холиқназаровнинг табригини етказди, Волгоград вилояти муфтийсига 2020 йилда пандемия даврида юзага келган оғир вазиятда ўзбек халқига ғамхўрлик қилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Волжский шаҳридаги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам номидаги маънавият ва маданият маркази 2020 йилда Волжскийга оммавий равишда Россия темир йўлларининг Волжский – Тошкент махсус рейсларида ватанига қайтишни истаган минглаб ўзбекистонликларни қабул қилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Абдуллоҳ ҳазратга эсдалик совға топширди, Волгоград муфтийси ҳам ўз навбатида Иброҳим домла Иномов ва Хўжабаҳлил Фазлитдиновичга Имом Бухорийнинг китобларини совға қилиб, Ўзбекистоннинг Ислом маданиятига қўшган ҳиссасини эътироф этди.
Ташриф давомида Иброҳим домла жоме масжидларда қавмга маъруза қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Мавсум бошидан шу чоққача 83 минг 274 та тадбир ўтказилди. Уларда 508 478 нафар юртдошимиз қамраб олинди.
Оилавий шароит ва тушунчаларидан келиб чиқиб, улар билан тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди. 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида жамиятдаги маънавий муҳит янада яхшиланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати