frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Мусоҳаба

15.06.2022   1940   4 min.
Мусоҳаба

Имом Мотуридий эса ташбеҳ қўрқуви ва таътил хавфи билан ҳаракат қилиб, чуқур кетган ҳар икки фикрни қабул қилиш зарур эмас деган қарашда бўлган. Унга кўра, тавҳид аҳли бўла олиш учун Аллоҳнинг исм ва сифатларини исбот қилиш мажбурияти бор. Зеро, Аллоҳнинг зотини, Раб эканини, камчилик ва нуқсонлардан поклигини билиш фақат исм ва сифатлари орқалигина мумкиндир.

Имом Мотуридий айтади: «Биз оламнинг Яратувчиси бир ва қа­дим эканини исбот этдик. У ҳол­да Унинг ўхшаши, зидди ва тенги йўқ бўлиши керак. Чунки буларнинг бар­часи улуҳият (илоҳийлик)­га зид­дир. Агар Аллоҳга ўхшаш би­рор бор­лиқ мавжуд бўлганида эди, бу ё қадим (аввали йўқ бўли­ши керак), ёки ҳадис (кейин пай­до бўлган) бў­ларди. Ҳар икки жи­­ҳат ҳам ботил бўлгани сабабли Аллоҳ яратилганларга ўхшашдан му­наззаҳдир. Худди шу тарзда Аллоҳ­нинг исм ва сифатлари ҳам яратилганлар­нинг исм ва сифатларига ўхша­маслиги лозим.

Аллоҳнинг барча исм ва сифатлари азалийдир. Фақат сифатлар­ни ифода этган калима ва лафзлар ҳадис бўлиб, бу илоҳий сифатларнинг махлуқотлар сифатларига ўхшамаслигини тў­лиқ маънода очиб беришга етарли эмас. Шу билан бирга, Аллоҳ ҳақида бошқа йўл орқали маълумот олиш имкониятимиз йўқлиги сабабли бу лафзларга мурожаат этишга мажбурмиз. Аллоҳни ўрганишимизда ишлатадиган сўзлар Унинг зотини зеҳнда идрок этишимизга ёрдам берадиган ва зотида мавжуд бўлган маъноларни тушунтирувчи усуллар ҳи­собланади. Гарчи бу лафзлар баъзи ҳолларда Аллоҳ муназзаҳ бўлган маъноларни зеҳнда гавдалантирса ҳам, ташбеҳ­ни ўртадан олиб ташлашда бошқа лафз­ларни ишлатиш билан бу хатарни йўқ қилиш мумкин. Масалан, “Аллоҳ олимдир, фақат биз билган олим­лар каби эмас, Унинг илми ҳам бизнинг илмимизга ўхшамайди”, деймиз».

Шуни билиб олиш керак, тавҳид ақидаси барча ташбеҳ ва ўхшатиш хавфини йўқ қилади. Тавҳид ақидаси бошланишида ташбеҳга ўхшаб кўрингани билан охирида танзиҳга боради1.

Бундай тоза мантиқ ишлатган Абу Мансур Моту­ри­дий Аллоҳни насслар (ояту ҳадислар)да келган исм ва сифатлар билан таърифлашни зарур деб билади. Унга кўра, сифатларни исбот этиш Аллоҳни ҳар хил нуқ­сонлардан пок этиш ғоясига таянгани боис, хоҳ зотий бўлсин, хоҳ феълий – барча илоҳий сифатларнинг қадим бўлиши шарт. Чунки, агар улар ҳодис бўладиган бўлса, у ҳолда Аллоҳнинг азалдаги комиллиги ҳаққоний бўл­май қолади. Бу эса илоҳийлик билан мувофиқ келмайди.

Масалан, “Аллоҳнинг илми ва қудрати азалда йўқ эди” дейилса, бунинг маъноси “жоҳил ва ожиз эди” деган бўлиб қолади. Бу қарашнинг нотўғрилиги маълум. Қолаверса, қудрати йўқ бўлган ҳолда Ўзига илм яратиши, илми йўқ бўлган ҳолда қудрат яратиши мумкин бўлмагани сабаб бошқага муҳтож бўлишига тўғри келади. Бу ҳам ило­ҳийликка зиддир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча сифатлари қадим ва зоти билан қоййим бў­лиши шартдир.

Имом Мотуридий илоҳий исмларнинг қадим бўлиши шартлигини ақлий ва мантиқий далиллар билан исбот қилиб бўлгач, бу исмлар ифода эт­ган маъноларнинг Аллоҳ зотида мав­жуд бўлмоғи зарурлиги ҳақида тўхталади. Аллоҳнинг олим экани маъноси илми тенгсиз, қодирлигининг маъноси қудрати чексиз деганидир.

Аллоҳнинг бу сифатлар билан қан­дай васфланиши масаласига келган­да эса, Имом Мотуридий бу мавзунинг билиб бўлмаслиги фик­ридадир. Чунки сифатларнинг кайфиятларини билиш, Аллоҳга ўхшаш бошқа борлиқнинг борлигини тақозо эттиради. Бу эса имконсиздир.

Имом Мотуридийга кўра, Аллоҳ­нинг си­фатлари на Унинг зотидир ва на ундан ташқаридадир. Шу сабабдан ҳам муътазилий оқими илгари сурган тааддуди қудома (азалийларнинг биттадан кўп бўлиши; яъни биттадан кўп илоҳларнинг борлиги) муаммоси ўртага чиқмагани каби, сифат-мавсуф иккилигидан ҳам сўз юритилмайди. Чунки иккита бошқа-бошқа борлиқдан гап очиш учун бирини бошқасидан ажратиш лозим бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳнинг зоти билан сифатларини бир-биридан ажратишнинг имкони йўқдир2.

Муҳаммадайюбхон ҲОМИДОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси бўлим мудири

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   1435   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари