frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

“Оқиб келувчи” гуноҳлар

14.06.2022   2571   3 min.
“Оқиб келувчи” гуноҳлар

“Оқиб келувчи” савоблар ҳақида эшитганингиз бор. Уларни бир сўз билан “садақаи жория” дейилади. Оқиб келувчи гуноҳлар ҳам бор эканлиги ҳақидачи, эшитганмисиз? Ундай бўлса эшитинг.

Қиёмат куни инсон ўзининг ҳисобига ёзилган катта-катта гуноҳларни кўриб ҳайрон қолади. Чунки, у бу гуноҳларни ўз қўли билан қилмаган, лекин шунга қарамай унинг ҳисобига ёзиб қўйилган бўлади. Ўзи қилмаган аммо, унинг номаи амалига ёзилган гуноҳларнинг номини “оқиб келувчи”  гуноҳлар дейилади. Бу гуноҳлар киши қабрида ётганида, яъни вафот этганидан кейин ҳам унинг номаи амалига ёзилиб бораверади. У тўхтовсиз ва давомли тарзда оқиб келаверади. Кун ўтган сайин кўпая боради, ойлар, йиллар давомида тоғдек-тоғдек гуноҳларга айланади. Унинг келишини тўхтатиб бўлмайди.

Тоғдек-тоғдек бу гуноҳлар қаердан келди, нима учун унинг ҳисобига ёзиб қўйилди?

“Оқиб келувчи” гуноҳларнинг манбаи инсоннинг ўз қўлида. У ҳаёти давомида қайсидир гуноҳ-маъсият ишни қилади ва бошқалар ҳам унга эргашиб шу ишни давом эттиради. Натижада, бошқаларнинг қилган гуноҳлари ҳам унинг зимасига тушади. Чунки, у ушбу гуноҳ ишнинг “ташаббускори”, ўзгалар унга эргашувчилардир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқ воситалари “оқиб келувчи” гуноҳларнинг асосий манбаига айланиб бормоқда. Кимлардир томонидан ўзларининг турли хилдаги беҳаё суратлари, видео ёзувлари, бошқалар ҳақида тарқатилаётган туҳмат ва бўҳтон сўзлар, одамларни обрўсизлантириш, ўртага нифоқ ва фитна солиш, айниқса диний тафриқабозликка сабаб бўладиган мақола ҳамда аудио ва видео ёзувларнинг тарқатилиши аввало, ўша кишиларнинг қаттиқ гуноҳкор бўлишларига сабаб бўлса, иккинчидан уларни қўллаб-қувватловчилар, уларга эргашувчиларнинг гуноҳларига ҳам шерик бўлишларига олиб келади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда огоҳлантирган:

َلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ ۖ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ))

яъни: “Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ)ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта, қиёмат кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғон)лари тўғрисида сўралурлар” (Анкабут сураси, 13-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

من دعا إلى هدًى، كان له من الأجر مثلُ أُجور من تَبِعه، لا ينقُص ذلك من أُجورهم شيئًا، ومن دعا إلى ضلالةٍ، كان عليه من الإثم مثلُ آثام من تبعه، لا ينقُصُ ذلك من آثامهم شيئًا»

(رواه مسلم)

яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишиларнинг савобидан бирор нарса камаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишиларнинг гуноҳидан бирор нарса камаймайди” (Имом Муслим ривояти).

Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Вафот этганидан кейин гуноҳлари ҳам тўхтаган кишига жаннат бўлсин. Вафот этганидан кейин ҳам гуноҳлари юз-икки юз йиллар давомида тўхтамай келадиган ва шу гуноҳлари туфайли қабрида ҳам, охиратда ҳам азобланадиган кишига вайл (дўзах) бўлсин.

Эй, биродар! Ижтимоий тармоқларга қўйган суратларингизни кўздан кечириб чиқинг. У ерга жойлаштирган маълумотларингизни тафтиш қилинг. Гуноҳ-маъсиятга ундовчи суратми, мақолами, инсонлар ўртасида фитна-фасод, буғзу-адоват қўзғатувчи постларми бўлса вақт ўтказмай тезда ўчириб ташланг. Токи, бошқа инсонлар сизнинг тарқатган материалларингиздан таъсирланиб сиз тарғиб қилган гуноҳ ишларни қилиб улгурмасинлар. Акс ҳолда уларнинг қилган гуноҳлари “оқиб келувчи” гуноҳга айланиб сизнинг ҳисобингизга ёзилади.

Шу билан бирга қилган номаъқул ишингиздан тезда тавба қилинг. Чунки, ҳеч бир инсон ўз ажали қачон келишини билмайди.

 

 

https://t.me/tuhur 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Қоҳирада оила мустаҳкамлигига бағишланган халқаро анжуман бошланди

02.09.2026   44698   1 min.
Қоҳирада оила мустаҳкамлигига бағишланган халқаро анжуман бошланди

Бугун, 2 сентябрь куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида ҳамда Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.

"Глобал ўзгаришлар шароитида оилавий масалалар: оилани ҳимоя қилиш, унинг келажаги ва миллий-диний ўзликни асрашда фатво ёндашувлари" мавзусидаги мазкур илмий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.

Икки кун давом этадиган халқаро йиғинда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи муфтийлар, таниқли уламолар, халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.

Анжуман кун тартибидан замонамизнинг қуйидаги энг долзарб масалалари ўрин олган:

– Глобаллашув, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида оила институти дуч келаётган муаммоларнинг илмий таҳлили;

– Замонавий оилавий инқирозларни пухта тадқиқ этиш ва уларга шаръий ҳамда амалий ечимлар топиш;

– Виртуал муҳитнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш йўллари;

– Миллий-диний ўзликни сақлаш ва зарарли медиа контентларга қарши курашда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш.

Халқаро анжуман тафсилоти билан сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати