Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Китоб – билимлар калити

14.06.2022   2015   8 min.
Китоб – билимлар  калити

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

 

Абдурахмон Жомий

 

Муқаддас Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир:

  “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ-1).

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд(а.с.)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди». Зеро, илм ақл чироғи, дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а)нинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али (к.в.) шундай деганлар: «Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади».

Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва мукаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон- қонига сингиб кетган. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки аксарият ёшлар кўпроқ  компьютер ва ижтимоий тармоқларга  берилиб кетишди. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси,  китоб ўқиш  учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўттан кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан  ажратиб  турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.

Хўш, биз инсонлар маънавий озуқани қаердан оламиз? Албатта, “билимлар манбаи” бўлмиш китобдан. Китоб – бебаҳо бойлик экани барчамизга маълум. Бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. “Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман”, деган эди ўз давридаги алломалардан бири.

Дарҳақиқат, китоб бизнинг дўстимиз ҳисобланади. Лекин афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига “Интернет кафе”ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота- боболаримиз “Бобурнома”, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” сингари бебаҳо асарларни ўқиб, улғайишган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда бу замонавий ахборот воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб боряпти. 

Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, шунча тушунчамиз кенгаяди. Афсуски, кўп ёшлар интернетни китобдан устун қўймоқда. Бу эса уларни дангасаликка гирифтор қилмоқда. Китоб – бу офтоб, у билимлар сарчашмасидир. Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинт аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, одоб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобниш ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, бугунги кунда китобга, китоб ўкишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида тобора камайиб бормоқда. Бу эса жуда ачинарлидир. Қанчадан қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?

Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб қўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу – ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий хазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш хар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўхлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йирок. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бирок, гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида хам маънавий кашшоқ кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида “енгил ҳаёт” ихлосмандлари сафи ортиб бормокда. Окибатда китоб ўкиш унутилмокда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш – китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кўра яхшироқ дўст ва маслакдош йўқ. 

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шунга эришишимиз керакки фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фардандларимиз биз орзу қилгандай, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига садоқатли, инсофли, диёнатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман «Имом Султон» жоме масжиди
имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Овқатланиш одоблари

24.09.2024   954   3 min.
Овқатланиш одоблари

Овқатланиш одобларини ҳар бир му­сулмон киши фарзандига кичиклигидан ўргатиши шарт. Аллоҳ таоло бизни ҳалол луқма ва ичимликлар билан ризқ­лантирган. Бу неъматларнинг шукрини адо қилишимиз зарур. Бу одобларга риоя қилиш саломатлигимиз гаровидир.
 

1. Анас ибн Молик розияллоҳу ан­ҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким Аллоҳ уйининг баракасини кў­пайти­ришини хоҳласа, таом ҳозир бўлганида ва йиғиштирилганида (қў­лини) ювсин”, деганларини эшитганман» (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳа­қий ривояти).
 

Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғуборлар ўрнашган бўлиши мумкин.


2. Таомни айбламаслик. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни айб­ламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”.


Онамиз ёки аёлимиз тайёрлаган таомдан айб изламаслигимиз керак. Бу ҳам муҳим суннатдир.


3. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жой­дан ейиш. Имом Муслим Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқин жойдан егин”, дедилар».


Болаларда чап қўлда таом ейиш ҳо­латлари кузатилади. Буни ота-оналар болалари ўнг қўлда тановул қилишни ўргатишлари керак.


4. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга таомланганимизда, у зот қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”, деди.


Турли тўй-ҳашам ва давраларда ўтир­ганимизда ёшлар катталардан аввал дас­турхонга қўл узатганига кўзимиз тушган. Бу ҳам амал қилишимиз зарур бўлган суннат. Аввал катталар бошлаб бериши­ни кутишимиз керак.


5. Неъматни исроф қилмаслик. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Шайтонга ташламасин”, дедилар». Баъзида дастурхонимиздан егуликлар тушган ҳолатлар бўлиб туради. Уларни исроф қилмасдан, балки тановул қилишимиз керак.


Динимиз мукаммал, биз муҳим санамаган амаллар ҳақида ҳам тўлиқ тушунчалар берилган. Аллоҳ таолога бизни ризқлантириб мўмин-мусулмон қилгани учун ҳамд айтамиз.

Эргашбой ҲАМИДОВ,

Бекобод шаҳар “Оқ масжид” жомеи

имом-хатиби