Ибн Муборакнинг исмлари баъзи таржимаи ҳол китобларида[1] оталари исмидан қисқартириб олинган дейилса, баъзиларида[2] боболариникидан дейилади.
У киши Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Водиҳ Ал-Ҳанзалий Ат-Тамимий мавлолари, Абу Абдурроҳман Марвазий. У табаъ тобеъинлардан, бани ҳанзала мавлоларидан.
Ибн Жавзий “Мудҳиш”да келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак исми билан номланувчилар олтита. Биринчиси – Марвазий, бу киши мана шу. Иккинчиси – Хуросоний. Учинчиси – Бухорий. Тўртинчиси – Жавҳарий. Қолганлари Бағдоддан”[3].
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оналари Хоразмдан, оталари турк бўлган. Оталари Бани Ҳанзаладаги Ҳамзон исмли тижоратчининг қули бўлганлар. У киши тақводор, солиҳ, ибодатгўй, хилватни севувчи, ўта даражада парҳезкор эди. Тарих саҳифалари бизга у киши ҳақларидаги ажойиб ҳодисани ёзиб қолдирган:
Абдуллоҳнинг оталари Муборак хўжайинларининг боғида ишлаб юрар эди. Бир куни боғ эгаси Муборакдан ширин анор келтиришини сўради. Анор келтирилиб, ичи ёрилганда хом бўлиб чиқди. Шунда хўжайин жаҳли чиққанча, “Мен сенга ширин анор келтир, десам, хомини олиб келасан-ми?!” деди. Муборак яна бошқа бир дарахтдан янги анор келтирди. Униси ҳам хом чиқди. Бу ҳолат учинчи бор такрорланганда хожанинг ғазаби кучайиб деди:
- Нима, сен ширин мева билан хомини фарқига бормайсанми?
- Йўқ.
- Бу қанақаси бўлди?!
- Боғдаги бирорта мевадан татиб кўрмаганман.
- Нима учун татиб кўрмадинг!?
- Чунки сиз боғдаги мевалардан еб кўришимга изн бермагансиз – да...
Хожа бундан таажжубга тушди. Муборак унинг кўзларига юксак инсон бўлиб кўринди. Унинг қадри ошди.
Боғ эгасининг бир қизи бўлиб, совчилари кўп эди. Муборакка деди:
- Эй, Муборак, қизимни кимга узатсам экан, нима дейсан?
- Жоҳилият аҳли обрўлига, яҳудийлар пулдорга, насронийлар чиройлига узатадилар. Бу уммат эса диёнатлига лойиқ деб билади.
Боғ эгаси унинг етук ақлидан лол қолди. Тезда бориб аёлига унинг хабарини берди ва “Қизимиз учун Муборакдан муносиброқ куёв топилмаса керак”, деди. Сўнг уни Муборакка никоҳлаб берди. Абдуллоҳ исмли фарзанд кўрдилар. Бу фарзандга отасининг яхшилиги ўтди, Аллоҳ таоло солиҳ фарзандлардан қилди.
Бу ажиб қисса Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оиласи тақводор, диёнатли ва солиҳ эканлигини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Муборакка ҳам гўзал хислатлар отасидан ўтган. Кўриниши ва шакли шамоили отасига ўхшагани каби, хулқи ва диёнати ҳам отасига жуда-жуда ўхшаган.
“Тарихи Бағдод”да Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абу Разимадан келтирилади: “Абдуллоҳ ибн Муборакдан эшитдим, у айтади: “Абу Ҳанифа отамга разм солиб: “Бу боланинг онаси сендаги омонатини адо этибди”, деди. Чунки у отасига қуйиб қўйгандек ўзи эди”.
Абдуллоҳнинг отаси ҳақида фақатгина юқорида зикр қилган воқеа маълум. Боболарининг эса исмлари маълум. Оталарининг бошқа фарзандлари бўлмаган.
Н.Саидакбарова,
Тошкент Ислом институти
“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.
[1] Тарихи Бағдод, Ал-ибар фи ахбори мин ғубар, Ал-жаваҳирул мудийя, Ал-бидоя ван Ниҳоя.
[2] Таҳзибул асмо вал луғот, Тазкиротул ҳуффоз, Таҳзибут таҳзиб, Вафоётул Аъён
[3] Ал-аълом, Заркилий. 4:256
Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.