Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов раҳбарлигидаги делегация РФ Бошқирдистон муфтияти таклифига биноан Бошқирдистон республикасида бўлиб турибди.
Ташрифнинг учинчи кунида уламоларимиз Калтасинский туманининг Кугарчин посёлкасида янги барпо этилган “Нурли” масжидининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Маросимда Иброҳимжон домла Иномов ҳамда ЎМИ Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Рауповлар йиғилганларни янги масжид очилиши билан қутлаб, қардош ўзбек халқи ҳамда муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари номидан самимий табрикларни изҳор қилдилар. Шу билан бирга масжид қавмига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ҳадяларини тақдим этдилар.
Маросимдан сўнг делегация аъзолари тумандаги яна бир қанча масжидларга хусусан, Бораева туманидаги ёғочдан қурилган экомасжидга ташриф буюриб, унинг ўзига хос жиҳатлари билан танишдилар. Шу билан бирга уламоларимиз аср намозидан сўнг Уфа шаҳридаги “Ризо” жоме масжидида юздан зиёд ватандошларимиз билан учрашиб, уларга диний-маърифий суҳбат қилиб бердилар.
Мазкур тадбирларда Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний идораси олий муфтийси Талъат Тожуддин ҳазратлари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон делегациясининг ташрифидан мамнунлигини билдирди.
Йиғилиш сўнгида муфтий Талъат Тожуддин ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг эсдалик совғаси топширилди. Ўз навбатида, бошқирд халқи диний раҳнамоси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоевга икки қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, диний идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун ташаккурномаларни топширди.
Шунингдек, муфтий, Шайхул Ислом Талъат Тожуддин ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Жасурбек Рауповга икки халқ ўртасидаги диний алоқаларни мустаҳкамлашда қўшган кўп йиллик улкан хизматларини юксак баҳолаб, уларни ташаккурнома ва “Самарадорлик” ҳамда “Ишонч ва ҳурмат” медаллари билан тақдирладилар.
Уламоларимизнинг ташрифлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
М. Хушвақов тайёрлади
Вафот этишингиз билан дастлаб номингиз одамлар ёдидан кўтарилади. Ғассол келса: “Майит қаерда” – дейди. Мансабингизни ҳам, насабингизни ҳам ва ҳатто исмингизни ҳам сўрамайди. Жанозангизни ўқишдан олдин Имом: “Марҳумнинг ёши неччида эди?” – дейди. Мансабингиз ҳам, насабингиз ҳам ва ҳатто номингиз ҳам зикр қилинмайди. Кейин: “Тобутни кўтаринглар!” – дейилади. Бунда ҳам на мансабингиз, на насабингиз ва на номингиз эсланади. Ҳаётда тез унутиласиз, шунчаки хотирага айланасиз. Эсингиздан чиқарманг, ҳамма нарса ўткинчи сиздан фақат яхшилик қолади халос..!
Хулоса шуки, бугун сизу бизга АЛЛОҲ томонидан умр берилди. Бугун янги тонг отди. Сиз уйғондингиз, бунинг учун АЛЛОҲга ҳамд айтишни унутманг. Дунёнинг қайсидир бурчагида қанчадан-қанча одам бугун уйғонмади.
Аввало, ёнингизда бўлишса, ота-онангизнинг ҳолларидан хабар олинг, ёнингизда бўлишмаса телефон орқали авҳол сўранг. Ҳар куни кўчага чиқишингиздан аввал АЛЛОҲ номини зикр қилинг, ҳамд айтиб, ота-онангизни дуоларини олинг. АЛЛОҲ касбингизга молингизга ризқингизга, албатта, барака беради, иншааллоҳ. Агар бу оламдан ўтган бўлсалар ҳақларига кўп-кўп дуолар қилинг. Шунда ҳам уларнинг ҳақларини адо эта олмайсиз.
АЛЛОҲ берган ва бераётган барча неъматларни қадрига етайлик!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ