Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратиш билан бирга ўз хатоларини тузатиш, гуноҳлардан фориғ бўлиш йўлини кўрсатган. Зеро, инсон борки, айбу нуқсон, гуноҳлардан ҳоли эмас. Бундай киши гуноҳ-хатолардан афсусланиш, уларга чин дилдан тавба қилиб, яхши амаллар қилишга ўтиши лозим.
Бутун инсоният отаси Одам алайхиссалом ҳам хато қилгандан сўнг тавба-тазарру орқали Ҳақ таоло мағфиратига ноил бўлди. Шу боис тавбага юзланиш, гуноҳларга истиғфор айтиш инсон наслига фарз қилинган азалий ҳукмдир.
Қуръони каримда марҳамат килинади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинглар, шояд Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анхорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳларидан холис тавба қилган киши хеч биp гуноҳ қилмаган киши кабидир”, деганлар (Ибн Можа ривояти). Уламолар оят ва хадисларда зикр этилган тавбадан мурод шудир, дейишган.
Тавба гуноҳлардан қотган қалбни юмшатади. У қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъмат. Мўмин киши гуноҳларни кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, улардан фориғ бўлиш орқали ваъда қилинган жаннат мукофотини қўлга киритишга ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, тавба жаннат ва дўзах ўртасидаги тўсиқдир.
Ҳатто Пайғамбар соллаллоху алайхи ва салламдек гуноҳ-хатолардан маъсум бўлган зот ҳам ҳар куни тавба қилиб, умматларини ҳам шунга чақирганлар: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан доимо гуноҳлapингни кечиршиини сўранглар! Мен Аллоҳга ҳар куни юз марта тавба қиламан” (Имом Муслим ривояти).
Банданинг тавбаси қабул бўлиши учун бир неча шартлар бор. Аввало, банда қилган гуноҳ-хатоларидан изтироб чекиши, жони қийналиши, ич-этини ейиши, ҳузур-ҳаловати йўқолиб, уйқу ва оромдан кечишидир. Ваҳолангки гуноҳдан қайтмаган кишининг истиғфор ва надоматидан фойда йўқ. Агар инсон бир гуноҳга тавба қилсаю сўнг яна уни қайтарса, унинг тавбаси хақиқий саналмайди.
Тавбанинг яна бир шарти гуноҳларни бутунлай тарк этишдир. Бундай киши астойдил тавба қилиб, тоат-ибодат, садақа-эҳсонларни кўпайтиради ва ҳеч қачон умидсиз бўлмайди. Кишининг фақат солиҳ амаллар қилишга ўтиши эса тавбанинг қабул бўлгани аломатидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Яхшиликлар, албатта, ёмонликларни кетказади” (Худ сураси, 114-оят).
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Агар бир гуноҳ қилсангиз, унга каффорот бўладиган бир яхшилик қилинг. Махфий гуноҳга махфий яхшилик, ошкора гуноҳга ошкора яхшилик каффорот бўлади” (Имом Байхақий ривояти).
Банда гуноҳ ёки хатосига истиғфор айтса, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ азза ва жалла унинг гуноҳларини, албатта, кечиради ва яхшиликдан умид қилинади. Аммо банда кибр ё ғурурга бориб, истиғфор айтишни канда қилса, ўзига зулм қилган, ўз зарарига ишлаган бўлади.
Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло: “Улуғлигим ва буюклигимга қасамки, то руҳи танасида экан, бандаларимга тавба эшиги очиқдир”, деган (Имом Аҳмад, Имом Абу Йаъло, Имом Хоким ривояти).
Тавба эшиклари доимо очиқ. Шундай экан, доимо тавба ва истиғфорни ўзимизга лозим тутиб, хайрли амалларда бардавом бўлайлик. Шунда гуноҳлар ҳатто тоғдек бўлса ҳам кечирилиб, улкан мукофотга сазовор бўламиз, иншоаллоҳ.
Фазлиддинхон Мухтаров,
Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатиби
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.