Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақидатут Таҳовия ва Абу Ҳафс Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақоидун Насафия асарлари ўртасида фарқли қарашлар борми? Агар бор бўлса улар қайси масалалар? Бу асарларнинг қайси бири фойдалироқ? деган саволлар учраётгани боис, бу саволларга ёзма равишда батафсил жавоб бериш маъқул кўрилди.
Ақидатут Таҳовия асари “Аҳли сунна ақидаси баёни”, “Суннат ва жамоат баёни” ва “Ақида” номлари билан машҳур бўлган бўлса, Ақоидун Насафия матни фақат “Ақоид” ва “Ақоидун Насафия” номлари билан танилган.
Аввало бу иккала матн ҳам Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилувчи, асл маънолари бир бўлган, энг машҳур, энг мўътабар матнлар ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Бу икки матн бошқа-бошқа даврларда ва бошқа-бошқа юртларда ёзилган. Ақидатут Таҳовия милодий 900 йиллар атрофида Мисрда ёзилган бўлса, Ақоидун Насафия эса икки юз йилдан ортиқ вақтдан сўнг, яъни милодий 1100 йиллардан кейин Мовароуннаҳрда ёзилган. Шунга кўра ақида масалаларини баён қилишда улар ўртасида айрим фарқлар бўлиши табиийдир. Улар ўртасидаги айрим жузъий фарқлар эса қуйидагилардан иборат:
Иккала матн ўртасидаги фарқлар асосан шулардан иборатдир. Агар мазкур фарқлар мулоҳаза қилиб кўрилса, ҳар бир даврда бўлгани сингари, ушбу матнларда ҳам ўз даврларида муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратилгани ойдинлашади. Шу сабабли уларнинг бирида бошқасига қараганда айрим масалаларга кўпроқ урғу берилгани, асло ва асло бир-бирига зид эмаслиги балки бир-бирини тўлдириши аниқ-равшан бўлади.
Шу ўринда Ақидатут Таҳовияни мўътабар санаб, Ақоидун Насафияни мўътабар ҳисобламайдиган айрим кимсаларнинг бу хато тушунчалари ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ақидатут Таҳовияни мадҳ қилиб, Ақоидун Насафияни мўътабар санамайдиган кимсаларни умумий икки тоифага ажратиш мумкин:
Мана шу иккинчи тоифага мансуб кимсалар Ақоидун Насафияни салафи солиҳларнинг ақидаларига зид таълимотлари бўлган, аслида оддий бўлган эътиқодни чигаллаштириб мусулмонларнинг бошларини оғритадиган бидъатлари бор асар деб қарайдилар.
Лекин бундай кимсаларнинг баъзи қарашлари аслида Ақидатут Таҳовияга ҳам тўғри келмайди. Яъни уларнинг айрим қарашларини Ақоидун Насафия сингари Ақидатут Таҳовиянинг ўзи ҳам рад қилади. Масалан, “Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қилиш, ёки У зотга қадим сўзини ишлатиш жоиз эмас деб билиш мазкур тоифаларнинг энг машҳур даъволаридан бўлса, уларнинг бу қарашлари Ақидатут Таҳовияга ҳам зид ҳисобланади. Яъни Ақидатут Таҳовияда: “Бошқа яралмишлар сингари Уни олти тараф иҳота қилиб турмайди”, дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “У зот бирор маконда ўрин олмайди”, дейилган.
Ақидатут Таҳовияда: “У зот ибтидосиз қадимдир” дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “Оламнинг яратувчиси Аллоҳ таоло ягона, қадимдир” дейилган.
Ақидатут Таҳовия асари мотуридийларда ҳам, ашъарийларда ҳам бир хил эътироф этиладиган мўътабар матнлардан экани соҳа мутахассисларига сир эмас. Иккала мазҳаб уламоларининг ҳам бу матнга шарҳ ёзганлари бунинг яққол исботидир. Ақидатут Таҳовия асарига элликта атрофида шарҳ ёзилган бўлса, Ақоидун Насафиянинг ўндан ортиқ шарҳлари бор. Бу шарҳларнинг айримлари ашъария мазҳаби уламолари томонидан ёзилган. Шунинг ўзи ҳам ушбу матннинг нақадар мўътабарлигига яна бир далилдир дейиш мумкин.
Шу ўринда: “Хўп, Ақидатут Таҳовияни ҳам, Ақоидун Насафияни ҳам мўътабар деб биламиз, лекин қайси бирини афзалроқ деб билишимиз керак”? деган савол пайдо бўладиган бўлса, жавоб қуйидагича бўлади: истеъмол қилинадиган дорининг афзаллиги кишининг ёши ва вазнига кўра фарқли бўлганидек, кишиларнинг илмий салоҳиятларига кўра бу матнларнинг афзаллиги ҳам фарқли бўлади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ақидатут Таҳовияда Аҳли сунна вал жамоанинг мусулмонлар ичидаги адашган оқимлардан ва исломга нисбат берилган фирқалардан фарқли бўлган эътиқодий қарашлари жамланган. Ақоидун Насафияда эса Аҳли сунна вал жамоанинг, хоссатан мотуридийларнинг эътиқодий қарашлари нима сабабли тўғри экани ҳамда номусулмонлар ва адашган оқимларнинг эътиқодлари нима учун нотўғри экани ҳақидаги нақлий ва ақлий далилларнинг хулосалари жамланган.
Шу маънода омма мусулмонларга тўғри эътиқодни осон тушунишлари учун Ақидатут Таҳовия матнини ўрганишлари тавсия этилса, соҳа мутахассисларига Ақидатут Таҳовия матни асосида Ақоидун Насафияни чуқур ўрганиш тавсия қилинади…
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.
Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.
“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.
Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.
“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.
Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.
“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.
Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.
Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.
Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.
Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати