Таҳририятга турли мавзудаги хатлар келади. Шулардан бирида бундай дейилади.
“Ассалому алайкум, “Ҳидоят” журнали таҳририяти. Сизлардан ёрдам умидида хат йўлламоқдаман.
Аксарият ҳамқишлоқларим деҳқончилик ва мавсумий ишлар шуғуллангани боис, гоҳида ишсиз қолади. Бекорчиликдан эса турли номақулчиликлар юзага келади. Айниқса, турли ёшдаги эр-йигитлар кўча-маҳалла бошларида тўпланиб, куни бўйи суҳбатлашиб, карта, нарда ўйнаб ўтиради. Уларнинг бирор кишига зиёни тегмайди. Лекин кўчадан ўтаётган аёлу қизларгаа қийин. Бир тасавур қилиб кўринг, 10-15 чоғлик йигит сизга бир назар солса қай аҳволга тушасиз. Ҳатто эркак киши ҳам бир сесканади. Аёлларнику қўяверинг. Қишлоғимизга бирор узоқроқдан меҳмон келса, бу манзарадан ҳайратга тушади. Наҳотки, “ Наҳот, шундай бекор юрасизларми?” дея. Бир неча бор уларга вақтни беҳуда сарфламасликлари учун насиҳат қилдим. Гапим зое кетди. Шунга сизлардан мана шу каби инсонларга вақтни бекор ўтказиш, умрни бефойда ишларга сарфлаш ҳақида мақолалар бериб, панд-насиҳат қилсангизлар, дея илтимос қилмоқдаман”.
Дарҳақиқат, куюнчак журналхоннинг гапларида жон бор. Баъзи қишлоқларимизда бундай ҳолат одат тусига кирган. Бироқ ҳамма ҳам кўчанинг ўз одоблари борлигини билишмайди. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз,” дейишди. Шунда у зот: “Агар ўтирсангиз, йўлнинг ҳаққини адо қилинг”, дедилар. “Йўлнинг ҳаққи нима эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди.“Кўзни тийиш, озор бермаслик, амру маъруф ва нахйи мункар,” дедилар.
Бизнинг суҳбатларимизда шу одоблар бормикин?
Яна бир гап. Айрим жойларда ҳар кунини ошхўрликда ўтказаётган эркаклар ҳам бор экан. Уларга бирор нима деб кўрингчи, гоҳидаги тинимсиз меҳнатию ёки умуман иш йўқлигини пеш қилади. Бир қараганда уларнинг сўзлари тўғридек, гуё... Бироқ замон тезлашиб, инсоният илмда бутун коинотни забт этаётган бир пайтда биз қорин ғамида яшашимиз тўғримикин? Ўзимиз шундай бўлсак, келажакда фарзандларимиз ким бўлади? Мусулмон киши ҳар жабҳада ўрнак бўлиши лозим эмасми?
Афсуски, вақтдан унумли фойдаланиш борасида халқимиз анча нуноқлиги бор гап. Телеканалларнинг кўплиги, айниқса, интернетнинг кенг тарқалиши бу нарсани янада оширди. Чунки умрини телевизор, интернет қаршисида ўтказаётганлар кам эмас.
Қадимда ота-боболаримиз вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида кўпроқ диний илмлариини мустаҳкамлаш пайида бўлиб, имкони етгунча адабиёт билан ҳам ошно бўлган. Бу эса уларнинг маънавий оламининг юксалишига хизмат қилган. Бугун-чи? Бу саволга жавоб топиш ўта мушкул.
Динимиз таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир сўзи, амали ва умрини нима билан ўтказгани ҳақида Аллоҳ таоло олдида ҳисоб беради. Бу ҳақда қуйидагича ҳадис келган: “Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёматда кунида банда оёқда турар экан, тўрт хислат борасида сўралади: умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, мол-мулкини қаердан ишлаб топгани ва қаерга сарфлагани, илмига қандай амал қилгани” ( Имом Баззор ва Имом Табароний ривояти).
Бир ўйлаб кўринг, ҳаётимизни нимага сарфлаганимиз ҳақида Ҳақ таолога қандай ҳисоб берамиз? Вақтимизни беҳуда суҳбатлару чойхоналарда ўтказдик дебми? Ёки илм хусусида сўраса-чи? Бирор китоб ўқимадим, шароитим йўқ эди, дея оламизми?
Шундай экан имкон борида, вақтнинг, умрнинг қадрини билайлик.
Бобур МУҲАММАД
“Ҳидоят” журнали
2022 йил 2-сон
Мол-дунё масаласида ўзингиздан пастроқдагиларга қаранг, дедик. Лекин дину диёнат масаласида доим ўзингиздан олдиндагиларга қаранг, улардан ибрат олинг, уларга етиб олишга интилинг. Дунё, бойлик, соғлик ва гўзаллик борасида ўзингиздан қуйидагиларга қараб, чексиз марҳамати учун Аллоҳга шукр қилсангиз, ҳаётингиз бахт-саодатга тўлади, Аллоҳ таоло сизни шукр ва сабр қилувчилар сафига ёзиб, фазлу марҳамати билан уларга бериладиган мукофотларидан сизга ҳам беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Кимда икки хислат бор бўлса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Кимда бу икки хислат бўлмаса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди. Дину диёнатда ўзидан юқоридагиларга қараб, уларга эргашса; мол-дунёда эса ўзидан пастдагиларга қараб, ўзини улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Ким дин борасида ўзидан пастдагиларга, дунё борасида эса ўзидан юқоридагиларга қараб, ўзи етиша олмаган нарсага афсусланса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди» (Имом Термизий ривояти).
Уч хил қараш қалбингиздаги маҳзунликни кетказади:
- бировлардаги нарсаларга розилик кўзи билан қараш;
- мусибатга учраганларга ибрат кўзи билан қараш;
- аҳволи сиздан ёмонроқ, ҳоли хароброқ одамларга қараш.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.