Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446

Ҳар бир сонияга сўроқ бор

23.05.2022   1575   3 min.
Ҳар бир сонияга сўроқ бор

Таҳририятга турли мавзудаги хатлар келади. Шулардан бирида бундай дейилади.

Ассалому алайкум, “Ҳидоят” журнали таҳририяти. Сизлардан ёрдам умидида хат йўлламоқдаман.

Аксарият ҳамқишлоқларим деҳқончилик ва мавсумий ишлар шуғуллангани боис,  гоҳида ишсиз қолади. Бекорчиликдан эса турли номақулчиликлар юзага келади.  Айниқса, турли ёшдаги эр-йигитлар кўча-маҳалла бошларида тўпланиб, куни бўйи суҳбатлашиб, карта, нарда ўйнаб ўтиради. Уларнинг бирор кишига зиёни тегмайди. Лекин кўчадан ўтаётган аёлу қизларгаа қийин. Бир тасавур қилиб кўринг, 10-15 чоғлик йигит сизга бир назар солса қай аҳволга тушасиз. Ҳатто эркак киши ҳам бир сесканади. Аёлларнику қўяверинг. Қишлоғимизга бирор узоқроқдан меҳмон келса, бу манзарадан ҳайратга тушади. Наҳотки, “ Наҳот, шундай бекор юрасизларми?” дея.  Бир неча бор уларга вақтни беҳуда сарфламасликлари учун насиҳат қилдим. Гапим зое кетди. Шунга сизлардан мана шу каби инсонларга вақтни бекор ўтказиш, умрни бефойда ишларга сарфлаш ҳақида мақолалар бериб, панд-насиҳат қилсангизлар, дея илтимос қилмоқдаман”.

Дарҳақиқат, куюнчак журналхоннинг гапларида жон бор. Баъзи қишлоқларимизда бундай ҳолат одат тусига кирган. Бироқ ҳамма ҳам кўчанинг ўз одоблари борлигини билишмайди. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз,” дейишди. Шунда у зот: “Агар ўтирсангиз, йўлнинг ҳаққини адо қилинг”, дедилар. “Йўлнинг ҳаққи нима эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди.“Кўзни тийиш, озор бермаслик, амру маъруф ва нахйи мункар,” дедилар.

Бизнинг суҳбатларимизда шу одоблар бормикин?

Яна бир гап. Айрим жойларда ҳар кунини ошхўрликда ўтказаётган эркаклар ҳам бор экан. Уларга бирор нима деб кўрингчи, гоҳидаги тинимсиз меҳнатию ёки умуман иш йўқлигини пеш қилади. Бир қараганда уларнинг сўзлари тўғридек, гуё... Бироқ замон тезлашиб, инсоният илмда бутун коинотни забт этаётган бир пайтда биз қорин ғамида яшашимиз тўғримикин? Ўзимиз шундай бўлсак, келажакда фарзандларимиз ким бўлади? Мусулмон киши ҳар жабҳада ўрнак бўлиши лозим эмасми?

Афсуски, вақтдан унумли фойдаланиш борасида халқимиз анча нуноқлиги бор гап. Телеканалларнинг кўплиги, айниқса, интернетнинг кенг тарқалиши бу нарсани янада оширди. Чунки умрини телевизор, интернет қаршисида ўтказаётганлар кам эмас.

 Қадимда ота-боболаримиз  вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида кўпроқ диний илмлариини мустаҳкамлаш пайида бўлиб, имкони етгунча адабиёт билан ҳам ошно бўлган. Бу эса уларнинг маънавий оламининг юксалишига хизмат қилган. Бугун-чи? Бу саволга жавоб топиш ўта мушкул.

Динимиз таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир сўзи, амали ва умрини нима билан ўтказгани ҳақида Аллоҳ таоло олдида ҳисоб беради.  Бу ҳақда қуйидагича ҳадис келган: “Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёматда кунида банда оёқда турар экан, тўрт хислат борасида сўралади: умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, мол-мулкини қаердан ишлаб топгани ва қаерга сарфлагани, илмига қандай амал қилгани” ( Имом Баззор ва Имом Табароний ривояти).

Бир ўйлаб кўринг, ҳаётимизни нимага сарфлаганимиз ҳақида Ҳақ таолога қандай ҳисоб берамиз? Вақтимизни беҳуда суҳбатлару чойхоналарда ўтказдик дебми? Ёки илм хусусида сўраса-чи? Бирор китоб ўқимадим, шароитим йўқ эди, дея оламизми?

Шундай экан имкон борида, вақтнинг, умрнинг қадрини билайлик.

Бобур МУҲАММАД

 

“Ҳидоят” журнали

2022 йил 2-сон

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳдан сўранг!

25.12.2024   1206   2 min.
Аллоҳдан сўранг!

Машҳур ишбилармон билан бўлган суҳбатда ундан ҳаётидаги эсда қоларли воқеа ҳақида сўрашди. У бундай ҳикоя қилиб берди: 
«Бир куни ўзимда иккиланиш, тараддудни ҳис қилиб, очиқ ҳавода сайр қилдим. Эшиги очиқ турган бир масжид ёнидан ўтарканман, ўзимга-ўзим: “Кириб икки ракат намоз ўқий”, дея масжидга бурилдим. Унда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтарганча ёлвориб дуо қилаётган экан. Билдимки, бирор муаммоси бор. У дуо қилиб бўлгач, секин олдига бордим: 
– Бирор муаммо борми? 
– Бўйнимда қарзим бор, – деди у. – Шу мени безовта қиляпти.
– Қанча?
– Тўрт минг.
Сахийлигим тутди. Чўнтагимдан пул чиқариб, унга тўрт минг бердим. У жуда хурсанд бўлиб кетди ва менга раҳмат айтиб, ҳаққимга дуо қилди. Мен ташриф қоғозимни бериб: “Бирор эҳтиёжингиз бўлса қўнғироқ қилинг ёки ишхонамга келинг”, дедим. Бу таклифдан янада хурсанд бўлади, деб ўйлагандим. Бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! У айтдики: “Йўқ, биродар! Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса, икки ракат намоз ўқиб, қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво қилади. Худди ҳозир сизни бу ерга бошлаб келиб, восита қилганидек!..”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадис ёдимга келди: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушларга ризқ бериб қўйганидек ризқингизни етказади. Улар тонгда ҳеч вақосиз чиқиб кетиб, кеч бўлганда қоринларини тўйғазиб қайтгани каби”.
Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрорлаб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят)».

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Метин қоялар" асаридан.