Тафсир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا. يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا. إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَنْ يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنْسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُومًا جَهُولًا
«Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди. Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб сураси, 69–71-оятлар).
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига тақводор бўлишни, худди У зотни кўриб тургандек ибодат қилишни буюрди. Аллоҳдан қўрққан ва У зотни кўриб тургандек ибодат қилувчи киши тўғрисўз бўлади.
Оятдаги “...тўғри сўзлангиз”дан мурод истиқоматда бўлиш, қинғир-қийшиқ йўлларга юрмаслик ва ўзгармасликдир. Агар бандалар шундай қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг амаларини ислоҳ этишни ваъда қилмоқда. Яъни, биз тўғри йўлда юрсак, Раббимиз бизни солиҳ амалларга муваффақ қилади ҳамда гуноҳларимизни афв этади.
Икрима розийаллоҳу анҳу оятдаги “тўғри сўз”ни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган. Айрим олимлар барча ҳақ ва ишончли сўз “тўғри сўз” эканини таъкидлашган.
Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ “Кашшоф” асарида: “Тилни ёлғондан тийиш ва ҳар доим тўғри сўзлаш ҳар бир яхшиликнинг бошидир”, деган. Аждодларимиз буюк муфассирнинг ана шу гапига асосланиб: “Бошингга қилич келса ҳам, рост сўзла”, деган ва бу гап кўп ишлатилгани боис мақол даражасига етган.
“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди”. Раббисига итоатли ва Пайғамбарининг суннатларига сўзсиз бўйсунган киши дўзахдан озод бўлиб, жаннатга кириши баён этиляпти.
Ибн Абу Ҳотим Абу Ҳурайра ва Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга пешин намозини ўқиб бердилар. Намоз тугагач, қўллари билан ишора қилдилар, биз ўтирдик. У зот: “Менга Аллоҳ таоло сизларга Аллоҳдан қўрқиш ва тўғри сўзлашни буюришимни амр этди”, дедилар. Сўнгра аёлларнинг олдига келиб: “Менга Аллоҳ таоло сизларга Аллоҳдан қўрқиш ва тўғри сўзлашни буюришимни амр этди”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Абу Дунё “Тақво” китобида Ойша онамиздан ривоят қилинган ҳадисни келтиради. Ойша розийаллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиққанларида у зот: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!” оятини кўп ўқир эдилар».
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Кимни инсонларнинг энг улуғи бўлиш хурсанд этса, Аллоҳдан қўрқсин”, деган.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтади: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга айтди: “Мен омонат (фарзлар)ни осмонлару Ерга ҳамда тоғларга таклиф қилдим. Улар: “Эй Раббимиз, у нималардан иборат?” дейишди. Мен: “Агар яхшилик қилсангиз, мукофотини кўрасиз, ёмонлик қилсангиз, жазоланасиз”, дедим. Улар: “Эй Раббимиз, биз бунга тоқат қила олмаймиз. Борди-ю, уни бизга юкласанг, жидду жаҳд қиламиз”, дейишди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: “Сен уларни ўз зиммангга оласанми?” деди. Одам алайҳиссалом: “Эй Раббим, улар нималар?” деди. Аллоҳ таоло: “Агар яхшилик қилсанг, мукофотини кўрасан, агар ёмонлик қилсанг, жазоланасан”, деди. Шунда Одам алайҳиссалом омонатни зиммасига олди.
Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда: “Одам алайҳиссалом омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган.
Имом Молик Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: “Омонат уч хил: 1) намоз; 2) рўза; 3) жанобатдан покланишдир”.
Бу сўзлар асло бир-бирига зид эмас, балки таклиф ҳамда буйруқлар ва қайтариқларни қабул қилиш жиҳатидан тўғридир. Чунки мукаллаф киши зиммасидаги буйруқларни бажарса, мукофот олади, бажармаса, жазоланади.
Ибн Абу Ҳотим Ҳасан Басрийдан ривоят қилади. Ҳасан Басрий “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик” оятини тиловат қилгач, деди: «Юлдузлар билан безатилган етти қават осмонга омонат таклиф қилиниб: “Бу омонатни зиммангизга оласизми?” дейилганида, улар бош тортди. Сўнгра тоғлар қозиқ қилиб мустаҳкамланган етти қават ерга таклиф қилинганида, Ер ҳам, тоғлар ҳам бош тортди».
Муқотил ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳ таоло махлуқотларини яратгач, инсонлар ва жинларни, осмонлар ва Ерни, тоғни бир Ерга жамлади. Уларга омонат (тоат)ни таклиф қилди ва ким бу таклифни қабул қилса, унга жаннатда фазл, улуғлик ва савоб кўп берилишини айтди. Осмонлар “тоқатимиз етмайди”, ерлар “сабримиз етмайди”, лекин: “Эй Раббим, асло Сенга осий бўлмаймиз, итоат этамиз”, дейишди.
Одам алайҳиссалом бу омонатни зиммасига олди. Одамнинг бошқа махлуқотлардан афзал ва мукаррам қилиниши боиси ҳам шундадир: у Раббисининг таклифига сўзсиз итоат этиб, улуғ фазлга эришди».
Ҳа, азизлар, бизга отамиз Одам алайҳиссаломдан Аллоҳ таолога итоат этиш гўзал мерос бўлиб қолган. Ана шу меросга риоя қилиб, Раббимиз буйруқларига лаббай деб жавоб бериш, қайтариқларидан қайтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг суннатларига риоя қилиш орқали омонатни адо этган бўламиз, иншоаллоҳ.
“Ибн Касир”, “Баҳрул улум”, “Кашшоф” тафсирлари асосида
Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ