Салафи солиҳлар асри бошиданоқ ягона исломий жамоат ҳалқаси “аҳли сунна вал жамоа” деб номланади. Ўша ягона исломий жамоат ҳалқаси марказидан янги исломий жамоатнинг янги ҳалқасини тўқиб пайдо қилиш ҳукми хусусидаги саволларни жунбишга келтиради.
Хўш, мазкур янги жамоат ўзининг янги ҳалқасини пайдо қилишининг ҳукми нима? Унинг бугунги исломий воқеалик борасидаги ҳамда исломий даъват хусусидаги таъсирлари қандай?
Биз ўзимиз учун салафи солиҳлар асрини йўл(имизни) ёритувчи машъала қилиб оладиган бўлсак, у ҳолда мазкур янги исломий мазҳаб ўзи учун бу лақабни “ихтиро” қилиб олишга олиб борадиган жоизлик топа оламизми? Ваҳоланки, у ўзи жар солаётган нарса ҳақ, бошқалар тарафини эса ботил, дея кўради.
• “Салаф” калимасининг луғат ва истилоҳдаги маънолари
• Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, халаф узоқ даврларда қилган тараққиётидан кўпроғини қилдилар
• Тараққиёт (шариатнинг замон ва маконга муносиблиги) ва сабот (ўзгармас масалалари)нинг ҳар иккисида салафи солиҳийнга эргашмоқнинг мезони нимадан иборат?!
“Салаф” калимасидан унинг луғавий маъноси ирода қилинган бўлса, у ҳолда бу калима нисбий маънони ифодалаб, у узлуксиз бўлмиш даврларнинг галма-гал алмашиб келиши имконини беради. (Бу борада) у худди (араб тилидаги) “қоблу” (аввал) маъноси билан баробардир. Зеро ҳар қандай замон, унинг ортидан келувчи замонга нисбатан аввалги, яъни “салаф”, ундан аввал ўтган замонга нисбатан эса “халаф” кейинги ҳисобланаверади.
Аммо ушбу калима, ўзида юқорида ўтган маънодан бошқа собит, истилоҳий маънони ҳам ифодалайдики, у ана шу маънодан бошқа маънога ўтиб ҳам кетмайди, (бошқа маънога) кўчирилмайди ҳам.
“Салаф” калимаси, ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган (даврга) нисбатан ишлатилади.
Ушбу калиманинг қатъий қарор қилинган истилоҳий маъноси, бу саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати бўлмиш, бу ислом уммати умрининг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланишинг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади." (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кетма кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга “хайрли” дея гувоҳлик берган уч аср (аҳли) дан мурод кимлардир? Улардан мурод, ўша асрларда яшаган мусулмонлар мажмуасими? “Хайрли” ҳукми, улар орасидаги баъзи бирларининг ёки уларнинг кўпчилигининг ҳолатидан қатъий назар, ўша асрдагилар мажмуаси ҳақида айтилганми? Ёҳуд “хайрли”лар дея, уларнинг бирортаси ҳам истисно қилинмаган ҳолда уларнинг барчаси дохил бўладиган, ана ўша (аср) мусулмонларидан бўлган ҳар бир шахс эътибор қилинадими?!
Бу ҳақидаги ихтилоф маъруф ва машҳурдир. Жумҳур уламолар наздида, салоҳият ҳамда истиқоматдаги даражаси ҳамда тафовути турлича бўлишига қарамасдан “хайрият” баҳоси бу уч аср аҳлидан бўлган ҳар бир шахс ҳақида собитдир.
Муҳаммад Аюб Фахриддинов
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нуфузли мукофот — Имом Қарофий номидаги "Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун" халқаро мукофоти билан тақдирландилар.
Юксак мукофотни Миср Араб Республикаси бош муфтийси, Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти раиси, профессор Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф вазири доктор Усома ал-Азҳарий ҳамда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано кабилар тантанали равишда топширдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу эътироф Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий фатво фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги фидокорона меҳнатларининг муносиб самараси эканини алоҳида таъкидлади.
Тақдирлаш чоғида турли мамлакатлардан келган 500 нафардан зиёд анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ислоҳотлари ҳамда Муфтий ҳазратларининг кўп қиррали фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Унда юртимиз қадимдан буюк цивилизациялар бешиги, илм-маърифат ва ислом маданиятининг муаззам маркази бўлиб келгани эътироф этилди. Шунингдек, лавҳада бугунги кунда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, нуфузли халқаро анжуманлар, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг самарали фаолияти, жумладан, Фатво марказининг ишга туширилиши ва мўътадилликни тарғиб этиш борасидаги салмоқли ташаббуслари атрофлича кўрсатиб берилди.
Маълумот ўрнида, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бунга қадар ҳам бир қатор юксак мукофотларга сазовор бўлганлар:
- Президентимиз фармонларига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени;
– Россия Федерацияси марказий диний идорасининг «Ал-Иътисом» («Ҳамжиҳатлик») медали;
– Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг «Ынтымак» («Бирдамлик») медали;
– «Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 30 йиллиги» юбилей медали;
– Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг «Уммат олдидаги хизматлари учун» ордени;
– Россия Федерацияси Имом Бухорий номидаги диний ташкилотининг «Ал-Илм» ордени.
«Фатво соҳасидаги юксак хизматлари учун» мукофоти ҳақида:
Мазкур нуфузли халқаро мукофот Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти томонидан таъсис этилган бўлиб, буюк аллома, фақиҳ Имом Шиҳобуддин ал-Қарофий (1228–1285) шарафига номланган.
Ушбу мукофот Ислом умматида мўътадиллик тамойилларини илгари суриш, бир ёқлама ва тор қарашлардан сақланиш, жамоавий ижтиҳод ҳамда фатво бериш амалиётини такомиллаштириш ва замонавий муаммоларга тўғри шаръий ечимлар ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшган етук уламоларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати