frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Террор – Ислом динига ёт ғоя

07.05.2022   1719   3 min.
Террор – Ислом динига ёт ғоя

Террорнинг асл мақсади Ислом ниқоби остида обод юртларни бузиш ва тинч аҳолини саросимага солиш эканини халқимиз тўғри тушуниб етган. Шу сабабли азал-азалдан диёримизда турли диний-сиёсий оқимларга салбий муносабатда бўлиб келинган. Уларнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли орасида ёйилишига катта дин уламолари билан бир қаторда оддий халқ ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатган. Бундан аждодларимиз муқаддас динимизни чуқур ва тўғри англаганликлари ва унинг нозик жиҳатларига бир томонлама ёндошмаганликлари маълум бўлади.

Лекин бугунги кунимизда турли четдан келган, мутаассиб гуруҳларнинг ёлғон иғволари ва ёт ғояларига алданиб қолаётган ёшларнинг учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Муқаддас ислом динимизнинг соф таълимотларидан бехабар ёшларимиз исломга ғараз кўзи билан қараётган, уни дунёга ёмон отлиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар қандай жирканч ва ёлғондан тийилмаётган кишиларнинг асл юзларини танимасдан уларга эргашмоқдалар. Улар ёшларимиз онгига мусулмонлар яшайдиган юртни бошқариб турган ҳукумат ва унинг фуқаролари кофир, ислом ўлкаларини куфр юрт, у ерларда террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш мумкин, ислом динига кирмаган кишиларни ўлдириш ҳалол, дин йўлида сенга ҳамфикр бўлмаган ҳар қандай инсондан, хоҳ у ота-онанг бўлса ҳам воз кечишинг керак, деган нотўғри ғояларни сингдиришмоқда. Энг ачинарлиси ушбу ғояларни гўё ислом кўрсатмаси сифатида талқин қилиниши кузатиляпти.

Аслида Ислом бағрикенглик, кечиримлилик, муҳтож ва етимларга яхшилик қилиб, меҳр-мурувват кўрсатиш, қарияларни қадрлаш, қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкамлаш, ота-онага ҳурмат каби эзгу ишларни олға суради. Динимизда яхшилик йўлига чақириш қай тарзда амалга оширилишини Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари қуйидагича белгилаб қўйган:

Аллоҳ таоло Қурьони каримда: «Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даьват этинг….»,- деб марҳамат килади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Дин насиҳатдир».

Яъни, инсонлар динни бир-бирларига насиҳат ва самимият билан тушунтиришидир.

Башарият ичида кечиримлилик, раҳмдиллик, меҳр-шавқат каби исломий фазилатларни ўзида мужассам этган буюк зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида юқоридаги гапимизга кўплаб тасдиқларни кўришимиз мумкин. Макка фатҳи воқеаси эса бунга яққол мисолдир. У зотга рисолат келганидан кейин атрофдаги одамлар душманлик назари билан қарай бошлайди. У киши уларнинг азиятидан Мадинага ҳижрат қиладилар. Сўнгра катта куч тўплаб Маккани фатҳ қиладилар. Шаҳарга киришдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманчилик қилган кишиларга қуйидагича амр қиладилар:

- Улардан ким қуролини ташласа ўлдирилмасин;

- Ким Каъба ичига кирса ўлдирилмасин;

- Ким Абу Суфён уйига кирса ўлдирилмасин;

- Ким ўз уйига кирса ўлдирилмасин;

- Ким Ҳаким ибн Ҳизом уйига кирса ўлдирилмасин;

- Қочганлар ортидан қувилмасин;

- Ярадорларга тегилмасин;

- Асирлар ўлдирилмасин;

Абу Суфён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб азиятлар етказган, бир нечта ғазотларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш олиб борган бўлса ҳам уни ва унинг уйидан бошпана топган кишиларни авф этдилар.

Толибжон Шарипов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   4445   6 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:

 

 

  1. Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
  2. Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
  3. Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
  4. Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
  5. Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
  6. Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
  7. Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
  8. Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
  9. Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
  10. Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
  11. Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
  12. Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
  13. Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
  14. Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
  15. Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
  16. Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
  17. Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
  18. Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
  19. Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
  20. Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
  21. Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
  22. Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
  23. Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
  24. Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
  25. Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
  26. Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
  27. Миллий мусиқа ва рақслар – аждодлардан мерос бўлган санъатни асраш.
  28. Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
  29. Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
  30. Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
  31. Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
  32. Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
  33. Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
  34. Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
  35. Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ  муҳими:  йўқотиб қўйишдан олдин  уларнинг  ҚАДРИГА  етиш !!!

 

  1. Қуръони карим ояти карималари;
  2. Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
  3. динимиз асослари;
  4. шариатимиз аҳкомлари;
  5. шарқона одобларимиз;
  6. мазҳабимиз меъёрлари;
  7. жамиятшунослик алоқалари;
  8. одамгарчилик муносабатлари;
  9. инсоний туйғулар;
  10. руҳшунослик сир-асрорлари;
  11. юртимиз урф-одатлари;
  12. ўзбекчилик қоидалари;
  13. маданиятимиз ахлоқлари;
  14. инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
  15. доно мақолларимиз;
  16. миллий анъаналаримиз;
  17. диний қадриятларимиз;
  18. халқимиз онг-тафаккури;
  19. миллатимиз менталитети,
  20. анъанавий фалсафаси;
  21. ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
  22. улуғларимиз ҳикматлари;
  23. доно халқимиз дунёқараши;
  24. мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а    н е г и з л а р и д а

 

  • улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари  ва  ноёб  ҳикматлари,
  • буюк  ота-боболаримиздан  эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари  ва бетакрор ҳикоялари,
  • меҳрибон  ота-оналаримиздан  ўрганиб  келаётган гавҳар ўгитлари ва  мислсиз  сўзлари,
  • элимиз  таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
  • жаннатмакон  юртимиз – муқаддас  Ватанимиз  таълим  масканларида  таралаётган  дурдан  аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
  • замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг  ажойиб  кашфиётлари,
  • бугунги  кунда  ва доим  керак бўладиган  ҳаётий  масалалар, долзарб  мавзулар,  қизиқарли  маълумотлар  ҳамда халқимиз орасида  эътироф этилган мезонлар
  •  
  •  

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

         Иброҳимжон домла ИНОМОВ

 

 

 

Мақолалар