Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

«Абдухолиқ Ғиждувоний» зиёратгоҳи | Ғиждувон тумани

4.05.2022   1501   1 min.
«Абдухолиқ Ғиждувоний» зиёратгоҳи | Ғиждувон тумани
Видеолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қайғуга тушган пайтимизда айтган сўзларимиз учун жавоб берамизми?

28.10.2024   1404   5 min.
Қайғуга тушган пайтимизда айтган сўзларимиз учун жавоб берамизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом тилларига ишора қилиб, «Тилингни тийгин», дедилар. Мен: «Гапирган гапларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» деган эдим, у зот шундай дедилар: «Шўринг қурғур, одамларнинг дўзахга юзтубан ағдарилишига тили билан қилган гуноҳлари сабаб бўлади-да», дедилар» Имом Термизий ривояти.

 

Хурсанд пайтимизда ҳам, ғазабланган пайтимизда ҳам, яхшию ёмон кунларимизда айтган ҳар бир сўзимиз учун албатта жавоб берар эканмиз! Шундай экан, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўзлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлайлик, қизлар! Баъзан ўзимизча арзимас деб ўйлайдиган биргина сўзни айтарканмиз, лекин шу сўз жаҳаннамга киришга кифоя қилар экан. Аллоҳ сақласин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бир банда Аллоҳ рози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради, кейин Аллоҳ шу сабабли унинг даражасини кўтаради. Бир банда Аллоҳ норози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради, кеийн шу сабабли жаҳаннамга қулайди».

Имом Бухорий ривояти

 

Ғамга ботган пайтларимизда беихтиёр айтиб юборадиган сўзларимиз нечоғли хатарли эканини, шу сўзлар туфайли кўплаб яхшиликлардан маҳрум бўлишимизни билмас эканмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида буни янада очиб берадиган бир воқеа юз берган.

 

«Бир аёлнинг яқин одами вафот этди. Аёл унинг қабри олдида бўзлаб йиғлаб ўтирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолиб, «Аллоҳдан қўрққин, сабр қилгин» (Аллоҳдан қўрққин, сени ажрдан маҳрум қиладиган даражада жазавага тушмагин! Мусибатга сабр қилганларга Аллоҳ таоло савоблар ваъда қилган), дедилар. Аёл эса у зотни танимай, «Бор, нари тур! Менинг бошимга тушган мусибат сенинг бошингга тушмаган-да!» деди. Шунда кимдир аёлнинг ёнига бориб, «Бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам‑ку!» дейишди. Аёл гапирган гапига қаттиқ пушаймон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келиб, у зотга «Мени кечиринг, сизни танимабман», деди. Шунда у зот: «Ҳақиқий сабр биринчи зарбадаги сабрдир», дедилар» Имом Бухорий ривояти.

 

Демак, мукофот ваъда қилинган, мақталган сабр – мусибатни биринчи эшитгандаги, мусибатнинг аввалидаги қилинган сабр экан. Дарҳақиқат, бу – энг машаққатли, чидаш қийин бўлган, нафсга энг оғир келадиган иш. Мусибатдан кейин бир неча кунлар ўтгач, бошқа илож қолмагач, ҳамма ҳам сабр қилишга мажбур бўлади, вақт ўтиб, бу мусибатни унутиб ҳам юборади-да, хотиржам бўлиб қолади. Аммо бу сабр эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сабр – биринчи зарбадаги сабрдир» деган сўзлари ўша аёл бошига тушган мусибатга сабр қилмаганини билдиради. Аёлнинг Расулуллоҳга айтиб юборган сўзлари ҳам унинг сабр қила олмаганини ифодаламоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга «Аллоҳдан қўрққин, сабр қилгин», деб тасалли берганларида аёл чиройли жавоб қайтариши керак эди. Масалан, «Аллоҳ, Ўзинг менга сабр бергин! Аллоҳим, мени тақводорлардан, сабр қилвчилардан қилгин. Яқинларни йўқотиш оғир жудолик экан», дейиши мумкин эди. Лекин аёл бунинг ўрнига: «Бор, нари тур!» деб, Расулуллоҳни жеркиб берди. Бу билан ҳам кифояланмай, ўзи каби мусибатга йўлиқмаганлари учун унинг ҳолини тушунмасликда айблади. Кўряпсизми, шайтон ўша аёлнинг мусибатини, қайғусини бўрттириб кўрсатди, ақли билан ўйнашиб, худди дунёда бундай оғир мусибатга йўлиққан бошқа одам йўқдек, бузуқ эътиқодга, бошқаларнинг мусибатларини кўрмайдиган, ўйламайдиган аҳволга келтирди. Бунинг устига, Расулуллоҳни танимай, у зотни бундай мусибатни ҳис эта олмасликда айблади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севикли аёлларини, ўғилларини, қизларини, дўстларини, яхши кўрган қанчадан-қанча инсонларини ўз қўллари билан тупроққа қўйган эдилар. Аммо ана шундай энг оғир ҳолатларда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Аллоҳ рози бўладиган сўзларни айтганлар.

Аёл сабрсизлик билан айтган бу гаплари туфайли сабр қилувчилардан бўлишдан маҳрум бўлди. Шу сўзлари унинг исми Аллоҳнинг ҳузурида «мусибатга сабр қилувчи» деб ёзилмаслигига сабаб бўлди.

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Хафа бўлган пайтингизда, мусибат ва қайғу чоғида Аллоҳнинг тақдирига рози эканингизни, сабр қилаётганингизни ифода этадиган, Аллоҳнинг ҳузурида «сабр этувчилардан» деб ёзилишингизга сабаб бўладиган сўзларни айта оласизми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар