Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонига йўллаган қутлови араб ОАВда кенг ёритилмоқда

4.05.2022   1039   1 min.
Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонига йўллаган қутлови араб ОАВда кенг ёритилмоқда

Ўмон Султонлигининг етакчи “Асдо” - «Asdaa Oman» газетаси веб-саҳифасида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида диломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган материал эълон қилинди.

Умуман, ушбу воқеа мамлакат ОАВда қизғин муҳокама этилиб, жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Қуйида ушбу мақоланинг ўзбек тилидаги матнини келтирамиз.

ЎзА хабарига кўра, Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Аъло Ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларидан икки дўст мамлакат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганига 30 йил тўлиши муносабати билан табрикнома олди.

Мактубда давлат раҳбари сўнгги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ривожланиб бораётганини таъкидлайди. Аъло Ҳазратларининг икки дўст мамлакат ва халқ манфаати, орзу-умидлари ижобати йўлида ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.

Ўзбекистон Президенти Султон Аъло Ҳазратларини икки томонлама муносабатни янада чуқурлаштириш мақсадига йўналтирилган фаол мулоқотни давом эттириш учун Ўзбекистонга расмий ташриф буюришга таклиф қилди. Ўз навбатида Ўмон етакчиси ўзаро самарали музокара олиб борилиши кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларимиз тарихида янги босқични бошлаб беришига ишонишини изҳор қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз табригида Аъло Ҳазратларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва узоқ умр, Ўмон халқига тараққиёт, фаровонлик ва тинчлик тилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳоли сиздан ёмонроқ, камбағалроқларга эътиборли бўлинг!

7.01.2025   70   6 min.
Ҳоли сиздан ёмонроқ, камбағалроқларга эътиборли бўлинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).

Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.

Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.

«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:

мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;

ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;

ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;

силаи раҳм қилишни буюрганлар;

аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;

Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».


Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».

Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.

Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

Мақолалар