Бугун, 3 май куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари ҳаж амалларини адо этиш бахтидан бебаҳра бўлдилар. Шу йил январь ойидан бошлаб фуқароларимизнинг Умра зиёратига боришлари қайта йўлга қўйилди ва қисқа вақт ичида 35 мингга яқин юртдошларимиз умра амалларини бажариш имкониятига эга бўлди. Яна бир хурсандчилик – бу йил муборак Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун имконият пайдо бўлгани Аллоҳ таолонинг яна бир марҳаматидир.
Саудия Aрабистони Ҳаж ва умра вазирлиги “Ҳаж – 2022” мавсуми бўйича расмий баёнотида, жорий ҳаж тадбирига чет эллик ва маҳаллий ҳожиларга жами 1 миллион киши учун ҳаж ибодатини амалга оширишга рухсат берилади.
Ўзбекистон делегацияси ушбу сафар давомида “Ҳаж – 2022” мавсумини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган масалаларни Саудия Aрабистонидаги мутасадди идоралар билан келишиш режалаштирилган.
Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан ҳаж мавсуми бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин ҳаж ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ.
Ҳақ таоло ушбу сафарни хайрли қилсин, мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифада Ўзбекистон делегациясига куч-қувват ва муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
#ҲАЖ #МУФТИЙ #ДЕЛЕГАЦИЯ
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.
Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.
Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.