Тавсия
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қадр кечасида имон-эътиқод билан Аллоҳ таоло розилиги учун тоат-ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Муборак кечага етиб, унда бериладиган мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Шундай экан, бу фазилатли тунни қандай ўтказамиз? Аввало, кечани тетик ҳолатда ўтказиш учун пешиндан сўнг бироз мизғиб олинг, ифторда ҳам енгил таомланинг. Қадр кечасини манфаатли ўтказиш учун қуйидаги тавсияларга диққат қилинг.
Истиғфор айтинг. Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Фаришталар шу кеча ердаги турли-туман тоат-ибодатларни кўради ва гуноҳкор бандаларларнинг мағфират сўраб, ёлвориб илтижо қилаётганларини эшитади ҳамда бир-бирига: «Келинглар, Раббимизга бизнинг тасбеҳларимиздан кўра севимли бўлган овозларни эшитамиз», деб ерга тушадилар”. Демак, шу кунгача қилган гуноҳларингиз учун чин дилдан тавба қилиб, ҳидоят сўраб дуо қилинг.
Қуръон ўқинг. Аллоҳнинг каломини ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Каломуллоҳ айни шу кечада умматга нозил бўлди. “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Қурбингиз етганича Қуръон ўқиб, тадаббур қилинг. Оятлар борасида фикр юритиб, Аллоҳ таоло уларда ирода этган мазмунларни англашга ва фаҳмлашга ҳаракат қилинг.
Намоз ўқинг. Савоби улуғ тундан унумли фойдаланиб, нафл намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилинг. Муҳими, намознинг адади эмас, балки чин ихлос билан ўқилганидир.
Салавот айтинг. Қадр кечасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиш билан банданинг гуноҳлари ўчирилади, даражаси кўтарилиб, дуолари ижобат бўлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг отаси бундай деган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавоти баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп”, деганларини эшитдим».
Дуо қилинг. Қадр кечасида қилинган дуолар ижобат бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу кунда махсус дуони ўқишни тавсия қилганлар. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ, агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам, нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ўқишни айтдилар: “Аллоҳумма, иннака аъфуввун, кариймун, туҳиббул аъфва, фаъфу аънний” (“Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин”) (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, ўзингиз ва зурриётларингизнинг икки дунё саодатига эришиши, Аллоҳ таолонинг севимли бандалари қаторида бўлишни сўраб ихлос билан дуо қилинг.
Ўзингизни ислоҳ этинг. Хато, камчиликларингизни бартараф қилиш йўлларини ўйланг. Хулқингиз ва нафсингизни тафтиш этиб, ижобий томонга ўзгартиришни мақсад қилинг.
Аллоҳ таоло ушбу ойда тутаётган рўзаларимиз, ўқиётган таровеҳ намозларимиз, қилаётган ифторликларимиз, садақоту эҳсонларимизни Ўз даргоҳида қабул этиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлишни барчамизга насиб айласин.
Робия ТОҲИРОВА тайёрлади.
Шу ўринда бир ибратли ривоятни келтириш мақсадга мувофиқдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло унга олий мартаба ато қилган эди. Вафот этгандан кейин бир киши тушида у зотдан: “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?” деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди. Лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади”, деди.
Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка насиб қилмаган нарса унга берилганини ўйлаб, унинг маҳалласига борди.
Суриштириб, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг темирчи қўшниси борлигини, у ҳам ўша кунда вафот этганини аниқлади. Бориб, темирчининг хотинидан: “Эрингиз нима қилар эди?” деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди.
Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб: “Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда туни билан таҳажжуд ўқир эдим”, дер эди. Яна у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга тушириб: “Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди”, деб масжидга кетар эди», деди.
Темирчи ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз рўбарў келди. Биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан