Ўтган ишга кўз-ёш тўкиб, ҳасрат чекиб ўтирадиганларга дунё кулиб боқмайди. Шунингдек бошқаларнинг қийинчилиги устидан кулиб, вақтларини зое кетказадиганларга ҳам кунлар шафқат қилмайди. Кунлар ўтиб кетаверади, улар эса ортда қолиб кетаверадилар.
Тўкилган сутга, яъни қўлдан кетган ишга ўксиниб ўтирманг, балки ишингизга қўшимча куч, саъй-ҳаракат беринг, токи бу ҳаракат сизни қўлдан чиқарганларингиз ўрнини ёпадиган ютуқларга эриштирсин!
Агар қандайдир ишни бажаришда фурсатни қўлдан бой берсангиз ва бундан ичингиз алангаланса, унинг оловини ушбу оят билан ўчиринг:
“Шояд Роббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса. Биз ўз Роббимизга рағбатлимиз, дедилар” (Қалам сураси, 32-оят).
Ҳеч қачон афсусланманг, агар олдинги ишингиз натижаса яхши бўлган бўлса, кейинги сафаргиси зўр бўлади. Агар ёмон бўлган бўлса, тажриба бўлади.
Ўтган иш ҳақида ўйлаб, унинг атрофида айланиб юрманг, агар унда яхшилик бор бўлганида эди унга ҳозир эришган бўлардингиз!
Дунё сизга қанчалик торлик қилса ҳам, муаммоларингиз қанча кўпайса ҳам, машаққатлар сизга кетма-кет тўқнашса ҳам, сизда ўзингизни ўнглашга, янгидан ҳаракат қилиб кўришга имкон бўлади. Албатта ўзингизда азму-қарор топа оласиз!
Қандай бўлиши ҳақида ўйлаб вақтингизни зое кетказманг, дарров ишга киришинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини доим ёдингизда тутинг:
“Сенга бирор мусибат етса, “Шундай қилмаганимда бундай бўларди, ундай бўларди”, дема. Балки: “Аллоҳ шуни тақдир қилди, Аллоҳ нимани хоҳласа қилади”, деб айтгил. Чунки “Ундай қилмаганимда эди, бундай қилмаганимда эди” каби сўзлар шайтонга иш очиб беради” (Имом Муслим ривояти).
Умид учқуни қанчалик кичик бўлмасин, ҳаёт қийинчиликлари ортидан қанчалик заифлашмасин асло ўчмайди. Чунки қалбингиздаги умид боғичининг нариги тарафи Аллоҳга боғлангандир!
Мододмики Аллоҳ сиз билан экан, умидсизлик сизга раҳна солмайди. Фақат сизнинг вазифангиз – Аллоҳдан умидингизни униб-ўсиши, бутун вужудингизга ёйилиши учун ишонч билан озуқалантиришингиздир!
Кўпчилик одамлар сизда умидсизлик уйғотишга ҳаракат қилишади, сизга доим “Бўлди, таслим бўл, энди ортингга қайт”, деб айтишади. Сиз уларга эътибор берманг, қайрилиб ҳам қараманг, ўзингиз учун танлаган йўлингиздан юришда давом этинг. Зеро ҳақ узра собит туриш нақадар ҳам катта жасорат!
Аллоҳ қудрати, фазлу-марҳамати шу қадар кенг Зотки, сиз ўта умидсизликка тушгандан “Калити яратилмаган ҳам бўлса керак”, деб ўйлаганингиз эшикни ҳам очиб бера олади. Асосийси сиз шунга ишонсангиз, Аллоҳдан мадад сўрасангиз, ҳақ йўлда собит турсангиз бўлгани!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўъжиза: унинг тузилиши-қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, “саҳро кемаси”нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир.
Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги “омбор”дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни, у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради.
Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?
Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми? (Ғошия сураси, 17-оят).
1. Туя ҳайвонот олами тарихида энг эски ҳайвон турларидан биридир. Эволюциячилар назариясига кўра, туя ҳам динозаврлар билан бирга йўқ бўлиб кетиши керак эди, лекин ҳеч бир табиат ҳодисаси уни йўқ қилиб юборолмаган.
2. Туя фақат целлюлоза (чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул) билан озиқланиб, витаминларни ва ҳаёт учун керакли барча кимёвий моддаларнинг кўпини ишлаб чиқарувчи ва шу тариқа ҳаётини давом эттирувчи бирдан-бир ҳайвондир.
3. Туя бир неча минг йиллардан ҳозирга қадар одамзотга ташувчилик хизматини қилаётган ягона жонивордир. Ўрта Осиё ҳудудида бундан 100 йил аввал ҳам туялар почтаси мавжуд бўлган.
4. Туялар ўз вазнининг ярмига тенг — 250-300 кг юкни кўтара олади, вазнига нисбатан 10-12% оғирликдаги юкни тортиш кучига эга. Соатига ўртача 4 км тезликда, кунига 35-40 км масофани босиб ўтади. Агар устида юки бўлмаса, тўхтовсиз 100 километр йўл боса олади.
5. Туя бир ичишда 200 литрга яқин сув ичади. Шўр сувни ҳам ичаверади. 100 литр сувни 10 дақиқада ичиб тугатади. Туя бир ҳафтагача емай, 34 кунгача сув ичмасдан юриши мумкин. Сув бор жойни 50-60 километр узоқликдан ҳис этади.
6. Туя сути таркибида калций, магний, темир, фосфор, C, D витаминлари, фойдали минерал ва микроэлементлар кўп бўлиб, у сигир сутидан бир неча карра фойдалироқ. Туя сути – парҳез маҳсулот. Унда ёғ ва шакар миқдори сигирникидан анча кам. Туя сути сутэмизувчилар ичида инсон сутига энг яқинидир.
7. Туянинг тана ҳарорати тунда, саҳро совиганда +34°C гача пасаяди. Кундузи 41°C даражагача кўтарилади. Бу боис теварак-атрофдаги ҳаво ҳарорати ўзгарганда туя деярли терламайди ва сув йўқотилишининг олди олинади. Туя жуни қуёшда 70-80 градусгача қизиса-да, унинг тана ҳарорати 40 градусда бўлади.
8. Туянинг ўркачида сув эмас, ёғ сақланади. Ўркач туя учун озуқа захираси ҳисобланади. Туя ўркачи қаттиқ озуқани ейишни бошлаганидан кейин пайдо бўлади, шунинг учун бўталоқларнинг ўркачи бўлмайди.
9. Туялар сувни ўркачлардаги ёғлардан олади, 100 грамм ёғнинг оксидланишидан 107 грамм сув ҳосил бўлади. Ўркачдаги ёғ ҳаддан зиёд иссиқ ҳавода тана ҳароратини меъёрда ушлаб туради.
10. Туя гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида қадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ (70°C гача қизиган) ерда ҳам ёта олади.
11. Туянинг кўзи фавқулодда кўриш қобилиятига эга бўлиб, 3-4 километрдан таҳдидларни аниқлай олади. Учта кўз қовоғи, икки қатор узун киприклар кўзга қум киришининг олдини олади. Қалин қошлар, зич ва қалин сочлар кўз ва бошни қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
12. Туялар бурнига қум кириб кетишининг олдини олиш учун бурун тешиклари очилиб-ёпилади.
13. Туянинг иккита лаби бўлади, улар мустақил равишда ҳаракатланиб, тиканли чўл буталарини зарарсиз ея олади.
14. Туянинг қулоқлари ўткир эшитиш қобилиятига эга. Қулоқлар ичкаридан ва ташқаридан тук билан қопланган бўлиб, қумдан ҳимояланган. Чанг бўронлари пайтида туялар қулоқларини айлантира олади.
15. Туянинг туёқлари узун бўлиб, уларни қумга бир текис тақсимлайди ва чўкиб кетмайди. Туя отлар каби олдинга ва орқагагина эмас, тўрт томондаги одам ё ҳайвонни тепа олади. Туёқларидаги эластиклик даражаси юқори.
16. Туялар нафақат иссиқ ҳароратли минтақаларда, жуда паст ҳароратли жойларда ҳам яшай олади. Уларда қишда совуққа бардошли узун ва қалин ҳимоя жунлари ўсади, ёз ойларида эса тўкилади.
17. Урғочи туяларнинг ҳомиладорлик даври 12 ойдан 14 ойгача. Туяларнинг эгиз туғиш ҳолати деярли кузатилмаган. Янги туғилган бўталоқнинг вазни 34 килограммгача бўлади. У туғилгандан ярим соат ўтибоқ юришни бошлайди.
18. Туя — дунёда энг қайсар жонивор. Агар у ётиб дам олишни хоҳласа, уни ўрнидан қўзғатиш жуда қийин. Унинг жаҳлини чиқарсангиз, туфлаб ташлайди. У жуда аниқ туфлайди ва тупуги жуда сассиқ бўлади. Чунки у оддий сўлак эмас, нақ ошқозондан отилиб чиқади.
19. Туя денгиз ёки дарёда суза олади.
20. Туя арабчада “жамал” — “гўзаллик” маъносини билдиради. Бу сўз аввал юнонларга “kamēlos” шаклида ўтиб, ундан инглизларга “camel” тарзида ўтган.