Айни вақтларда Истанбул шаҳрида “Retaj Royale Istanbul” Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишга катта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ушбу тарихий мулоқотда иштирок этиш ва нутқ сўзлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Маълумки, Туркий давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Венгрия ва Туркманистон унинг фаолияти кузатувчиси ҳисобланади.
Азиз мухлислар учун Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари ҳақида мухтасар маълумот беришни лозим топдик.
ЎЗБЕКИСТОН
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари 1968 йилда Андижон вилоятида таваллуд топгаплар.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаганлар.
Иш фаолиятлари давомида Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” масжиди, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари мударриси, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилганлар.
2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайландилар.
2022 йил 31 март куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро илмий ҳайъати раиси вазифаси сайландилар.
Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонлар диний эҳтиёжларини қондириш, масжид-мадрасаларни очиш ва обод этиш, диний таълим сифатини ошириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, нашр ишларининг сифатини ошириш, аҳолининг диний-маърифий билимини ошириш ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тараннум этиш борасида салмоқли ишларни амалга оширдилар.
Муфтий ҳазратлари 30 йилдан зиёд дин хизмати йўлидаги фаолиятлари давомида ихлос, тақво ва руҳий тарбияга оид чиқишлари ила мўмин-мусулмонлар қалбидан чуқур жой олиб келмоқдалар.
ТУРКИЯ
Али Эрбош 1961 йил Туркиянинг Ўрду вилоятида туғилган. У 2017 йилдан буён Диёнат ишлар бошқармаси раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
У 1980-84 йилларда Туркиядаги Мармара университетининг илоҳиёт факультетида таҳсил олган. 1987 йил ушбу факультетда “Қуръон тафсири” мутахассислиги бўйича “Қуръонда такрорлар” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1993 йилда “Динлар тарихи” мутахассислиги бўйича “Илоҳий динларда фаришталарга ишониш” асари учун Диншунослик фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлган.
2017 йил Ялова университети ректори лавозимида фаолият юритган. 2017 йил 17 сентябрда Диёнат ишлар бошқармаси раиси лавозимига тайинланган.
ОЗАРБАЙЖОН
Оллоҳшукур Пошшозода 1949 йил Озарбайжоннинг Ленкоран вилоятида туғилган.
1968 йил Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириб, 1975 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган. Кавказорти мусулмонлари идораси масъул котиби, “Тозапир” масжиди имоми ва Кавказорти мусулмонлари идораси раиси ўринбосари вазифаларида хизмат қилган.
1980 йил у илк бор Кавказ (Кавказорти) мусулмонлар идораси раиси этиб сайланиб, Кавказнинг энг ёш ўн иккинчи шайхулисломи мақомига эришган.
Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода 2003 йил Кавказ мусулмонлар идораси раиси лавозимига қайта сайланган. Шу билан бирга у Боку давлат университети профессори, тарих фанлари доктори ҳисобланади.
ҚОЗОҒИСТОН
Наврўзбай Тағанули 1977 йил Жанубий Қозоғистон вилоятида туғилган. 1993-1997 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган. 1999-2001 йилларда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қошидаги Ислом институтида ўқиган. 2017 йилда Мисрнинг "Нур-Муборак" Ислом маданияти университетига ўқишга кирди. У мазкур даргоҳда Исломшунослик мутахассислиги бўйича PhD докторантурасида ўқиди.
2018 йил Наврўзбай Тағанули Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг Туркистон вилоятидаги минтақавий вакили бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, бош муфтийнинг ўринбосари лавозимида фаолият юритди. Шу йилнинг октябрь ойидан бошлаб у Қозоғистон пойтахтидаги Диний идора вакили ҳамда “Ҳазрат Султон” масжиди бош имоми лавозимини эгаллади.
2020 йилнинг 7 февралида Қозоғистон мусулмонларининг навбатдан ташқари IX қурултойида Наврўзбай Тағанули Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий вазифасига сайланган.
ҚИРҒИЗИСТОН
Замир қори Ракиев 1978 йил Қирғизистоннинг Норин вилоятида туғилган. Мисрдаги Ал-Азҳар ислом университетида "Дин асослари" мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Замир қори Ракиев Бишкек гуманитар университетини шарқшунослик мутахассислиги бўйича ҳам таълим олган.
Замир қори Ракиев меҳнат фаолияти давомида 2016-2017 йиллар Қирғизистон мусулмонлари диний идораси таълим бўлими бошлиғи, 2017-2020 йиллар Қирғизистон муфтийси ўринбосари, 2020 йил 10 августдан муфтий вазифасига сайлангунга қадар Бишкек қозиси бўлиб ишлаган.
2021 йил 26 июнь куни Замир қори Ракиев Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган.
Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев ва Венгрия ислом жамоаси раҳбари Золтан ҳожи Болек тўғрисида келгусида хабар берамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.