Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Рўза тутиш қандли диабет (сахар) ва тери касалликларига чалинмасликка сабаб бўлади

1.04.2022   2682   1 min.
Рўза тутиш қандли диабет (сахар) ва тери касалликларига чалинмасликка сабаб бўлади

Рўза тутиш инсоннинг қандли диабет касалига чалинмаслигига сабаб бўлади. Доктор Аҳмад Фанжарий айтади: “Рўза тутганда қондаги қанд(шакар) миқдори энг паст даражагача тушади. Бу эса ошқозон ости бези фаолиятини меъёрига келтиради. Маълумки, ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаради. Бу қанд моддасини тиндириб ёғга айлантиради ва тўқималарда тўплайди. Агар ортиқча овқат истеъмол қилинса, ошқозон ости бези фаолияти бузилиб, ўз вазифасини бажара олмайди. Натижада, қондаги қанд миқдори ортиб, вақт ўтган сари қандли диабет касаллигини пайдо қилади. Ошқозон ости безининг меъёрда ишлаши ва қандли диабет касаллигининг олдини олинишида рўзанинг ўрни беқиёсдир”.

Рўза тутиш билан қон ва теридаги сув миқдори камаяди. Натижада:

  • терининг микробларга қарши иммунитетни оширади;
  • теридаги ўткир яллиғланишларни ва уларнинг тарқалишини камайтиради;
  • аллергия ва юздаги тошмаларни қуритади;
  • Ичаклар фаолиятини яхшилайди ва теридаги чипқонларни йўқотади.

Тиббиёт мутахассислари тадқиқотлар натижасида рўзанинг “Экзема”(тери касаллиги, терида пуфакчалар ҳосил бўлиши, қўтир-қўтир ва катта-кичик пўст пайдо бўлиши билан кечади) ва “Подагра”(моддалар алмашинуви бузилганда учрайдиган касаллик. Бу касаллик кўп овқатланиш ва вазн ортиб кетиши туфайли келиб чиқади) касалликларига энг яхши муолажа бўлишини аниқлаганлар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Одам нега ўз жонига қасд қилади?

22.11.2024   4159   3 min.
Одам нега ўз жонига қасд қилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза,  яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.

Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.

Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.

Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам  даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:

فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ  (رواه أحمد 24192)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.

Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби