Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

“Ихлос” сурасининг фазилатлари

30.03.2022   24755   4 min.
“Ихлос” сурасининг фазилатлари

Аллоҳ таоло Каломи Қуръони каримнинг бир юз ўн иккинчи сураси “Ихлос” деб аталади.  Хўш, “ихлос” атамаси нима маънони беради?

“Ихлос” сўзи аслида, арабча сўз бўлиб, у “холос бўлиш”, “мухлис”, “холис” деган маъноларни англатади.  Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Ихлос (арабча) – самимийлик, кўнгли очиқлик, берилганлик, мухлислик, эътиқод, чин юракдан, ишонч билан берилиш; астойдил муҳаббат” деб изоҳланади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади. Ихлос Ислом динининг асл моҳияти бўлиб, ҳар бир яхши амал унинг устига қурилади. Инсон амалларининг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади. Зеро, инсон амаллари суратдир, ихлос эса амалнинг руҳидир.

Қуръони каримнинг 112 сураси номлари жуда кўп. У “Тафрид”,“Нажот”, “Тавҳид”, “Марифа”,“Асос”деб ҳам аталади. Аммо суранинг энг машҳур номи “Ихлос”дир.

“Ихлос” атамасини Қуръони карим сурасига қўйилишини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар:

1. Айрим уламолар “Қуръоннинг ўзи учта бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар(қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. “Қул ҳуваллоҳу аҳад” шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура “Ихлос” деб номланади” дейдилар.

2. Баъзи уламолар: “Бу (сура)нинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда Аллоҳнинг Сомад исми борлиги учун, чунк бошқа сураларда бу исм топилмайди”, дейдилар.

                       Ихлос сураси Маккада нозил бўлган, 4 оятдан иборат.

                                             Ихлос сураси

1. Қул ҳуваллоҳу аҳад.

2. Аллоҳус-сомад.

3. Лам ялид ва йулад.

4. Ва лам йакуллаҳу куфуван аҳад.

Таржимаси:

1. (Эй Муҳаммад) Айтинг:“У Аллоҳ ягонадир”.

2. Аллоҳ Самад. (эҳтиёжсиз,ҳожатбарор).

3. У туғмаган ва туғилмаган ҳам.

4. Шунингдек. Унинг ҳеч бир тенги йўқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида “Ихлос” сурасининг кўплаб фазилатларини баён қилганлар. Кимки “Ихлос”сурасини яшаётган манзилида бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга, оиласига, ҳатто қўни-қўшниларига барака беради. Бу ҳақда ҳадис-шарифда: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшнилари-ю қариндошларига мўл-кўл ёғдирилди (Ҳофиз Абу Мусо Маданий Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).   

Агар бир киши ҳар куни “Ихлос” сурасини 50 марта ўқиса, қиёмат куни у жаннатга кириш бахтига муваффақ бўлади.  Бу ҳақда ҳадиси-шарифда: “Кимки “Ихлос” сурасини ҳар куни 50 марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!”дейилади.

“Кимки “Ихлос” сурасини икки юз марта ўқиса, гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари кечирилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки “Ихлос” сурасини кунига 200 марта ўқиса. Гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади” (Имом термизий ривояти).

“Ихлос” сурасини ўқишни яхши кўриш фазилат бўлиб, бу фазилат инсонни жаннат сари етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам (Ихлос” сурасини назарда тутиб):“Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен шу сурани яхши кўраман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни яхши кўришинг, сени жаннатга етаклайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ётиб ухламоқчи бўлиб, ўнг томонга қараб ётса, сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни 100 марта ўқиса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга:“Ўнг тарафдан жаннатга кир” дейди (Имом Термизий ривояти).

   Агар бир киши вафот этар чоғида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрда азобланмайди, сирот кўпригидан омон ўтади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни “Ихлос” сурасининг фазилатидан баҳраманд бўлишга муваффақ қилсин!

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

30.04.2025   4541   2 min.
Суннат тўйи учун сўқим олиб келиш

Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса  келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.

Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.

Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه  رواه احمد

“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар