Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Раййон дарвозаси ҳамон очиқ...

25.03.2022   2385   6 min.
Раййон дарвозаси ҳамон очиқ...

Рўза – руҳ тарбияси

 

 

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ўта карамлидир. У инсонларнинг амалларини кенглиги осмонлару Ерча бўлган жаннат билан тақдирлади. Мўминлар жаннатга барчасидан киришлари учун ҳар бир дарвоза оралиғидаги масофани қирқ йиллик йўл қилиб қўйди. Ривоятларда зикр қилинишича, жаннатга кирувчилар шу қадар кўп бўладики, ҳатто бундай кенг дарвозаларда ҳам тиқилинч ҳосил бўлади.

Шундай бўлса-да, рўзадорлар жаннатга киришлари учун алоҳида дарвоза билан хосланди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: «Жаннатда “Раййон” деб номланувчи дарвоза бор. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради. (Қиёматда) “Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. (Барчалари) кириб бўлгач, дарвоза беркитилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий”да бундай дейди: «Ҳадисда “жаннатда” дейилди, “жаннат учун” дейилмади. Сабаби, жаннатдаги мазкур дарвозадан кирганларга роҳат-фароғат борлигини ҳис эттириш, унга нисбатан завқ-шавқни оширишдир».

“Раййон” лафзи ташналикнинг зидди – “чанқоқни қондириш” маъносини англатади. Демак, лафз билан маъно ўзаро уйғун. “Раййон” деб номланишига яна бир сабаб шуки, унда жуда кўп дарёларнинг мавжудлигидир. Яъни, дунёда ихлос билан тутилган рўза эвазига қиёматда рўзадорнинг чанқоғи қондирилади. Жаннатда эса, салқинлик бардавомдир. “Раййон” лафзи “чанқоқни қондириш”ни ифодаласа-да, тўқликка ҳам ишорадир. Зеро, чанқоқнинг бостирилиши тўқликка ҳам далолат қилади. Бундай гап бор: “Рўзадорни кўпроқ очлик қийнайди. Чунки кўпчилик сувсизликка чидаши мумкин, лекин очликка сабр қилиш қийин”.

Бу таъриф рўзадорнинг ҳолига муносибдир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: “Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар”, деб нидо қиладилар. Улар: “Албатта, Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган”» (Аъроф сураси, 50-оят). 

Раййондан кириш учун рўзадор рўзасининг савоби камаймаслиги керак. Чунки рўзада таом, ичимлик ва бошқа ҳиссий нарсалардан тийилишгина эмас, балки ажрни камайтирувчи барча нарсалардан сақланиш вожибдир.

Эътибор берайлик, Раййондан кириш Рамазоннинг фарз рўзасини тутувчи рўзадорлар учун хосланаётгани йўқ. Боиси Рамазон рўзасини барча мусулмонлар тутади. Раййон дарвозасидан кирувчилар деб фарз рўзаларга нафл рўзаларни эргаштирувчилар айтиляпти.

Бу эса рўзанинг Парвардигор наздида қанчалик юксак мақомга эга эканини англатади. Набий алайҳиссалом ҳам буни янада ёрқинроқ ифодалаб: «“Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. (Барчалари) кириб бўлишгач, дарвоза беркитилади», деб башорат бермоқдалар.

Баъзи олимларнинг фикрича, қиёматда рўзадорларга қилинадиган ушбу нидо уларни улуғлаш, ҳурматлаш, амалларининг савоби буюк эканини билдириш учундир.

Жаннат дарвозалари саккизтадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша дарвозаларни биринчи бўлиб очиб, уларга кирувчидирлар. Сўнгра барча мўминлар амалига мувофиқ дарвозадан киради. Чунки ҳамманинг ўзига яраша турли яхши амаллари бор, жаннатга кириш имтиёзларига эгадир. Лекин Раййон дарвозаси орқали киролмайди. Яхши амалларда пешқадамлар жаннатнинг барча эшикларидан чақирилишга ҳақли бўлади. Фикримизни Набий алайҳиссаломнинг башоратлари тасдиқлайди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Қиёматда нидо қилинганлар фақат битта эшикдан киришадими ёки ҳамма эшикдан чақириладиган бирон киши ҳам бўладими?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, бўлади. Сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жаннат аҳли учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, башар хаёлига келмаган неъматлар бор. Жаннатда узундан-узоқ соялар, жило сочувчи нурлар, дарёлар мавжуд. Унинг тупроғи мушк ва заъфарондан. Тошлари ёқут ва маржондан. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда Ўзи уларга таърифлаб берган жаннатга киритар” (Муҳаммад сураси, 6-оят). Шунингдек, жаннатда хоналар, ишкомлар, қасрлар бўлиб, беҳишт аҳли ўз масканини танийди. Жаннатдаги уйлар тилладан бўлиб, бунга Пайғамбаримиз алайҳиссалом гувоҳ бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотга жаннатни кўрсатган.

Ривоятда келишича, Набий алайҳиссалом жаннатдаги тилладан барпо этилган қасрнинг гўзаллигидан ажабландилар. Қаср ҳақида сўрадилар. У зот алайҳиссаломга: “Бу қурайшлик йигитга тегишли қаср”, дейилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўша мен бўлсам керак”, деган ўйда қасрнинг эгаси ким эканини сўрадилар. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу экани айтилди. Набий алайҳиссалом Умар розийаллоҳу анҳуга бу ҳақда хабар берар эканлар: “Эй Абу Ҳафс, агар рашкчилигингни билмаганимда, у ерга кирган бўлардим”, дедилар. Умар розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ушбу хабарни эшитиб йиғлади ва: “Ё Расулуллоҳ, сиздан рашк қилармидим”, деди (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан жаннат уйларини тасвирлаб беришларини сўрашганда, бундай деганлар: “Жаннат биноларининг ғишти кумушдан ва тилладан. Сувоғи ҳиди кучли, ёқимли мушкдан” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти). Бундан ташқари, шундай хоналар борки, ташқаридан унинг ичи, ичкарисидан ташқари кўринади. Уйларни омонлик ва хотиржамлик қуршаган, сувларнинг майин жилдираши эшитилади. Уйлар атрофида гўзал ишкомлар бор. Жаннатда ғулом ва хизматчилар бўлади. Ликопчалари тилладан. Ҳуру ийнлар у ерда истиқомат қилишади, ташқарига чиқишмайди: “Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор” (Ар-Роҳман сураси, 72-оят). Жаннатда анҳорлар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: ...(дарахтлар) остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор” (Буруж сураси, 11-оят). Унда дарахтлар бор. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жаннатда бир дарахт борки, отлиқ киши унинг соясида юз йил юриб ҳам, ундан ўтолмайди” (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ихлос билан тутилган ҳар бир рўза – ибодат, солиҳларнинг одати, муттақийларнинг шиорларидир. У нафсни покловчи, хулқни гўзаллаштирувчи, тақво мадрасаси, ҳидоят манзилидир.

Барчамизга нафақат Раййон дарвозасидан, балки жаннатнинг барча дарвозаларидан чақирилиш насиб этсин. Раййон дарвозаси ҳамон очиқ.

 

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Китоб кўп, нега китобхон кам?

15.07.2025   7104   10 min.
Китоб кўп, нега китобхон кам?

“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.

 Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?

 Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?

Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.

Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.

Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.

Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.

Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?

Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.

Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?

Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз  раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган  “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.

2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекис­тон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
 

Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ.  Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегия­сининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг

Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.

- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.

Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.

Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.

“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак

Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.

Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.

 

Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу  маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.

Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.

Фазлиддин Рўзибоев.