Мазҳабсизлик – Ислом динида шаръий масалаларда умум тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашишни рад этиш. “Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Мазҳабсизлик тарафдорлари даъвосига кўра, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Гўёки мазҳабга эргашган мусулмонлар кўр-кўрона тақлид қилгани учун адашади. Исломга амал қилиш асосида фақат Қуръон ва суннат туриши лозим. Мазҳаблар эса гўёки китоб ва суннат таълимотидан кўра, мазҳаббошиларнинг ижтиҳодларига тақлид қилинишига ўхшайди.
Мазҳабсизлик тарафдорлари ўзларини бир қанча турли номлар билан атайдилар: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан “салафийлар”, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан “аҳли ҳадислар”.
Таъкидлаш жоизки, Набий алайҳиссалом ҳаётлик даврларида саҳобалар муайян шаръий масала чиқиб қолса, у зотнинг ўзларига мурожаат қилиб, ечимини топганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. Тобеинлар саҳобалар тутган йўлни тутиб, мужтаҳидларга эргашганлар.
Тобеинлар даврида ижтиҳодий омиллар сабаб икки асосий мактаб – райъ ва ҳадис мактаби шаклланган. Бу икки мактабда йигирмага яқин мазҳаблар шаклланиб, улардан тўрттаси: ҳанафийлик, ҳанбалийлик, моликийлик, шофеийлик сақланиб қолган ва Ислом диёрларига тарқалган. Мазҳабларнинг муайян масаладаги қарашларининг турлича экани ўзаро келиша олмасликларидан эмас, балки бир-бирларини тўлдиришлари билан изоҳланади. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб асосчилари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлганлар. Шунингдек, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335–1393): “Кўплаб мазҳаблар орасида фақат тўрттасининг сақланиб қолгани, асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).
Уламолар мазҳабларга эргашиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик Ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала Ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари,
қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “...Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Мазҳабсизлик тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
– бемазҳаблар: “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, Ҳақ битта эмасми?” дейдилар. Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади;
– мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил келтирадилар. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Барча уламолар “Илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади”, деганлар. Ҳозирда эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар;
– мазҳабсизларнинг яна бир кўриниши – мазҳабларни бир-бирига қориштиришдир. Улар “Қайси мазҳабнинг далили кучли бўлса, ўшани оламиз”, дейишади. Буни уламолар “ҳаром амал” деб санашган. Ваҳоланки, мужтаҳид “саҳиҳ” деб амал қилган ҳадисни улардан кейин келганлар “заиф” дея олмайди. Чунки кейин келганлар аввал ўтганларга ўзларининг
қоидалари билан ҳукм қила олмайди;
– мазҳабсизлик тарафдорлари жамоавий фарз намозидан кейин масжиддан чиқиб кетадилар. Буни гўёки “намоздан кейинги зикрларни Муҳаммад алайҳиссалом жамоат бўлиб қилмаганлар, ёлғиз қилганлар, биз суннатга амал қиламиз” деб изоҳлайдилар. Ваҳоланки, намоздан кейинги зикрларни жамоат бўлиб адо этиш бирор ҳадисда очиқ-ойдин келмаган бўлса-да, ундан қайтариқ ҳам собит эмас. Балки, жуда кўп ҳадисларда намоздан кейин масжидда зикр билан машғул бўлишга тарғиб қилинган. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳни зикр қилаётган бир қавм билан эрталабки намоздан қуёш чиққунича бирга ўтиришим менга Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан тўрт нафарини (қуллик ёки қийинчиликлардан) озод қилишимдан кўра севимлироқдир. Аллоҳни зикр қилаётган қавм билан бирга аср намозидан то қуёш ботгунча бирга ўтиришим тўрт нафар (инсон)ни озод қилишимдан севимлироқдир” (Имом Абу Довуд, 3667-ҳадис).
– муҳими, бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олганлар. Аммо, кейинчалик, Қуръон ва суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтиб, ихтилофларга сабаб бўлмоқдалар.
Уламолар мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз, адашишга олиб бориши ҳақида огоҳлантиради. Зеро, тўрт мазҳаб пайдо бўлгандан кейин Ислом олами тан олган забардаст олимларнинг барчалари тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.
Таассуфки, мазҳабсизлик тарафдорлари жамиятда ихтилоф чиқариш билан шуғулланиб, аслида Ислом маданияти ва таълимоти ривожи учун ҳеч қандай ҳисса қўшаётганлари йўқ. Хусусан, ҳозирга қадар масжид ёки мадраса қуришга ёрдам бериш, диний мавзу ҳақида бирорта китоб ёзиш, эҳтиёжманд мадраса талабаларига ёрдам кўрсатиш каби хайрли ишларга мутлақо аралашмайдилар ҳам.
Аксинча, Қуръон ва суннатдан ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби Исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқдалар. Бу борада Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир” номли китоби жуда аҳамиятлидир.
Шундай экан, бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал қилиш Набий алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар тутган йўлда юриш билан баробардир.
ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СУҲБАТЛАР КИТОБИДАН
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати