Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Шаъбон ойининг фазилатлари

14.02.2024   1240   6 min.
Шаъбон ойининг фазилатлари

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (Манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).

Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз: Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб бундай деганлар: “Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида бундай деганлар: “Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади” (Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).

Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду салавотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мен сиздан афзалман

2.10.2024   3209   2 min.
Мен сиздан афзалман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Семиз аёл автобусга чиққан эди, йўловчилардан бири бақириб қолди: Мен бу автобусни филларни ташиш учун махсус эканлигини билмабман.

Аёл босиқлик билан жавоб берди: Адашдингиз жаноб, бу автобус ҳудди Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси каби, унга фил ҳам эшак ҳам минаверади.

 

Машҳур ёзувчи Бернард Шоуга бошқа бир ёзувчи гап қотди: Сиз мол-дунё топиш учун ёзасиз. Мен эса, иззат ва шараф учун ёзаман. Шунинг учун мен сиздан афзалман.

Бернард Шоу унга ҳозиржавоблик билан деди: “Тўғри айтасиз, кимга нима етишмаса ўшани ахтарадида.

 

Жоҳилият даври шоири Башор ибн Бурднинг кўзлари аъмо эди. Бир куни унга бир киши: “Аллоҳ таоло бир одамни кўзини кўр қилган бўлса, унга бошқа нарсани эваз қилиб беради. Сизга нимани эваз қилиб берган?” деб сўради истеҳзо ила. Башор ҳозиржавоблик ила: Сенга ўхшаганларни кўрмаслигимни эваз қилиб берди, деди.

 

Бир аъмо киши уйланди. Унга хотини: Агар мени кўрганингизда эди, нақадар оқбадан, нақадар гўзаллигимни кўриб таажжубланган бўлардингиз, деди. Шунда эри: Агар айтганингдек бўлганингда эди, кўзи очиқлар сени менга қолдирмаган бўлар эди, дебди.

 

Қабиҳ бир аёл бир кишига қараб: Агар сен мени эрим бўлганингда қаҳвангга заҳар солиб берган бўлар эдим, дебди. Эркак унга жавобан: Агар мен сенинг эринг бўлганимда ўша қаҳвани ичишга бир лаҳза ҳам тараддудланмаган бўлар эдим, дебди.

 

Британия собиқ бош вазири Черчилль ориқ Бернард Шоуга қараб: Сизни кўрган одам Британияда озиқ-овқат тақчиллиги муаммоси бор экан, деб ўйлайди, дебди. Бернард Шоу семиз Черчилльга жавобан: Сизни кўрган одам эса, ўша муаммонинг сабабини тушуниб олади, дебди.

 

Бир куни Жуҳо бир қишлоққа борса ўша қишлоқ аҳолисидан бири унга: Эй Жуҳо, мен сизни мана бу эшагингиздан танибман, деб гап қотибди. Зукко Жуҳо унга жавобан: Ҳа, одатда эшак эшакни танийдида, дебди.

 

Бир киши бир аёлга қараб: Эҳ нақадар гўзалсиза! дебди. Аёл эркакка: Агар сиз ҳам гўзал бўлганингизда, сизга ҳам ўшандай мақтов айтган бўлар эдим, дебди. Шунда эркак: Ҳечқиси йўқ, менга ўхшаб ёлғондан айтаверинг, дебди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ