Бугун, 4 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳрида қайтадан бунёд этилган “Кулол Қўрғон” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида жоме масжидни қайта бунёд этишда хизмат қилган қурувчилар, ҳашарчилар ва ҳомийларга миннатдорлигини билдириб, масжид қуришдек хайрли амалларининг ажри савоблари зиёда бўлишини дуо қилдилар.
Қайд этиш жоизки, “Кулол Қўрғон” жоме масжиди саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан қайта бунёд этилди. Масжид қурилиши 2019 йилда бошланиб, 2021 йил ўрталарида якунига етказилди. Замонавийлик акс этган масжид 2-3 қаватдан иборат бўлиб, 32 метрлик минора унга ўзгача чирой бериб турибди. Бир вақтнинг ўзида 3500-4000 нафар намозхонни сиғдирувчи масжидда барча шароитлар ҳозирланган. Хусусан, замонавий таҳоратхоналар, мингдан зиёд адабиётга эга кутубхона, масжид ходимлари учун ахборот технологиялар хонаси, маъмурият ва имом-хатиб, имом ноиби ва қоровулхоналар мавжуд.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзлари давомида Ислом динида аёлларга муносабат, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида йиғилганларга мавъиза қилиб, бундай дедилар:
– Ислом келганидан кейин аёлларнинг жамиятдаги мавқеълари тикланиб, бир қанча ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлдилар. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларга тегишли ҳукмлар келтирилган. Ҳатто, Қуръони каримда алоҳида “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сура ҳам мавжуд. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордир.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари маъруза давомида ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилиши, исломда аёллар таълим олиш, ҳалол касб кор қилиш ҳуқуқига эгалиги, нафақа ва маҳр олиш ҳаққи борлиги ҳақида ҳам сўзладилар. Хусусан, кейинги пайтда айрим эркаклар томонидан хотин-қизларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлинаётгани ҳақида ҳаётий мисоллар билан гапириб, ҳақиқий мўмин банда заифаларга Ҳазрати Пайғамбаримиз кўрсатиб бергандек муомала қилиш зарурлигини ҳадиси шарифлар асосида шарҳлаб бердилар.
Амри-маъруф якунида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари юртимиз тинчлик-осойишталиги, Ватанимиз равнақи ҳамда жамоат ҳақига хайрли дуолар қилиб, мана шундай гўзал масжидни қуришга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига Аллоҳ таолодан ажру мукофот сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.