ЯЗИД ИБН МУОВИЯ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАР
4٠ - وَلَمْ يَلْعَنْ يَزِيدًا بَعْدَ مَوْتٍ سِوَى الْمِكْثَارِ فِي الإِغْرَاءِ غَالِي
Маънолар таржимаси:
Язидга ўлимидан кейин гиж-гижлашда қаттиқ мутаассиб, ўта сергап (кимсалар)дан бошқалар лаънат айтмаган.
Назмий баёни:
Язидни вафотидан сўнг лаънатлашмаган,
Мутаассиб сергаплар мустасно бундан.
Луғатлар изоҳи:
لَمْ – нафий, жазм ва қалб[1] ҳарфи.
يَلْعَنْ – музориъ мажзум феъли. Лаънат айтиш луғатда “қарғаш”, “узоқлаштириш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода ишлатилади:
– Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштириш. Бу маънода фақат иблис сингари кофирлиги аниқ бўлган кимасаларга нисбатан ишлатилади;
– Яхшилар даражасидан узоқлаштириш. Бу маънода зулм қилган мусулмонларга нисбатан ишлатилади.
يَزِيدًا – мафъул. Бу исм “алам”лик ва “вазни феъл”ликка кўра ғойри мунсориф ҳисобланади. Аммо ушбу ўринда назм заруратига кўра танвинли бўлиб турибди.
بَعْدَ – зарфи замон.
مَوْتٍ – музофун илайҳ. Ўлим деганда ҳаёт сифатидан ажралиш тушунилади. Шунингдек, очлик ҳам “оқ ўлим” деб таърифланган. Чунки уламолар ихтиёрий равишда қоринни оч тутиш “қалб юзи” оқаришига сабаб бўлади, дейишган. Шу маънода ҳикматли сўзда:
مَنْ مَاتَتْ بِطْنَتُهُ حَيِيَتْ فِطْنَتُهُ
“Очофатлиги ўлганнинг донишлиги яшайди”, – дейилган.
سِوَى – истисно маъносини англатувчи исм.
الْمِكْثَارِ – “ўта кўп гапирувчи” маъносини англатувчи сийғаи муболаға.
فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
الإِغْرَاءِ – жор мажрур الْمِكْثَارِ га мутааллиқ.
غَالِي – бадал. غُلُوٌّ масдаридан олинган исми фоил.
Матн шарҳи:
Язидга лаънат айтиш жоиз эмаслиги ва унга лаънат айтадиганларнинг далилларини ўрганишдан олдин Язиднинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Язиднинг насаби қуйидагича бўлган: Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. Унинг насаби Умайя ибн Абдушшамсда Усмон розияллоҳу анҳу билан бирлашади. Язид йигирма бешинчи, ё йигирма олтинчи, ё йигирма еттинчи ҳижрий санада туғилган. Отасининг ҳаётлик давридаёқ у валиаҳд этиб тайин қилинган. Отаси Муовия розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг ҳижрий 60 йилнинг ражаб ойида унинг ўрнини эгаллаган. У отаси Муовия розияллоҳу анҳудан :
مَنْ يُرِدِ الله بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, ҳадисини ривоят қилган.
Тарих китобларида унинг солиҳ киши бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қиладиган хилма-хил ривоятлар келган. Бундай ҳолатларда эса доимо яхши тарафини олиш ва яхши гумонда бўлиш аълороқ ҳисобланади. Унинг вафот этаётган пайтда айтган сўзи ҳақида қуйидаги ривоят келган: “Абдурраҳмон ибн Абу Мазъур айтади: “Менга аҳли илмлардан бири гапириб берди, Язид ибн Муовиянинг охирги сўзи ушбу бўлган: “Эй Аллоҳим, мен яхши кўрмаган ва мен ирода қилмаган нарса билан мени айбдор қилмагин. Мен билан Убайдуллоҳ ибн Зиёд орасида ўзинг ҳукм қилгин”[2].
Язид ибн Муовия ҳижрий 64 йилнинг рабиул аввал ойида Дамашқда вафот этган.
Лаънат айтишнинг хатарли экани
Аслида бировга лаънат айтиш деганда, уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаш маъноси тушунилади. Мўмин киши бошқа бир мўмин биродарини Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши оқибати хатарли бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бир-бирларига лаънат айтишдан қайтарганлар:
عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ قَالَ قَالَ رسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَلاَعَنُوا بِلَعْنَةِ اللهِ وَلا بِغَضَبِهِ وَلَا بِالنَّارِ. رواه أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, Унинг ғазаби билан ҳам, дўзах билан ҳам лаънат айтманглар”, – дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: “Бир-бирларингиз билан лаънатлашманглар” деган сўздан “бир-бирларингизнинг исмини айтиб, лаънатламанглар”, маъноси тушунилади. Зеро, лаънат айтиш жоиз бўлган ўринлар ҳам бор:
– Бировни аниқ айтмасдан умумий васф билан, масалан, “кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;
– Алоҳида хос васф билан, масалан, “Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;
– Кофир ҳолида ўлгани аниқ бўлган кимсаларга, масалан, “Фиръавнга, Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин.
Ушбулардан кўриниб турибдики, мўмин киши бошқа бир мўмин кишини қилган гуноҳи учун лаънатлаши, яъни уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши жоиз эмас. Аммо баъзи тоифалар Язид ибн Муовияга нисбат берилган айрим ишлар сабабли унга лаънат айтишни жоиз санашган. Аҳли сунна вал-жамоанинг ичидаги баъзи аҳли илмлар ҳам айрим далилларни келтиришиб, шу қарашни қувватлашган. Булардан ташқари, авом одамлар орасида ҳам ушбу гаплар тарқалган. Жумҳур уламолар эса уларга қарши кескин раддиялар ёзишган. Шу каби омиллар бу масаланинг ақида китобларига кириб қолишига сабаб бўлган. Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санайдиганлар қуйидаги сабабларни келтирадилар:
﴿ أَلَا لَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلظَّٰلِمِينَ﴾
“Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)”[3].
عَنِ السَّائِبِ بْنِ خَلاَّدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَخَافَ أَهْلَ الْمَدِينَةِ أَخَافَهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ وَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلاَئِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ لَا يَقْبَلُ اللَّهُ مِنْهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ صَرْفًا وَلَا عَدْلاً. رَوَاهُ اَحْمَدُ
Соиб ибн Холлад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Мадинада яшовчиларни қўрқитса, албатта буюк Аллоҳ уни қўрқитади, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлади. Аллоҳ қиёмат кунида унинг тавба-тазаррусини ҳам, ростгўйлигини ҳам инобатга олмайди”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Юқорида келтирилган учта сабабнинг ҳар бирига уламоларимиз батафсил раддиялар билдиришган. Биринчи сабабда кўрсатилган унинг золим бўлганига кўра “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)” маъносидаги оятнинг ҳукмига кириши ҳақидаги даъволарига шундай жавоб берилган: Бу оят умумий маънода бўлиб ким золим бўлса, унга лаънат бўлишини тақозо қилади. Аммо баъзида тавба билан ё қилган гуноҳини ўчирадиган савобли иш билан, ё қилган ишига каффорат бўладиган мусибатга учраш сабабли ё бирор шафоатчининг шафоати билан, энг муҳими меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зотнинг раҳмати туфайли бу ҳукм кўтарилиши ҳам мумкин. Шундай бўлганидан кейин мазкур оятни далил қилиб унга лаънат айтаётганлар, Язид ўша гуноҳидан тавба қилмаганини, Аллоҳга истиғфор айтмаганини қаердан биладилар ёки унинг гуноҳларини ўчирадиган савоблари бўлмаган дея оладилар-ми ёки қилган ишларига каффорат бўладиган мусибатларга учрамаганига гувоҳ бўлмаганлар-ку. Ёки Аллоҳ таоло уни кечириш ё кечирмаслигини аниқ билмайдилар-ку, ваҳоланки, Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَغۡفِرُ أَن يُشۡرَكَ بِهِۦ وَيَغۡفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَن يَشَآءُۚ ﴾
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа кечирур”[4].
Шунинг учун агар унга нисбат берилган ишлар аниқ бўлган тақдирда ҳам, Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидаги “агар ҳалол санамаса, гуноҳи кабира мўмин бандани иймондан чиқармайди” ҳукмига кўра у гуноҳкор мўмин бандадир. Гуноҳкор мўмин банданинг кечирилишига шунча эҳтимоллар бўлгандан кейин унга лаънат айтгандан кўра, у тавба қилган дея “ҳусни зон” қилиб, тавбасини меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот қабул қилган бўлса ажаб эмас, дейиш афзалдир.
Унга лаънат айтадиганларнинг иккинчи далиллари бўлган “у Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади” деган сўзларига ҳам батафсил жавоблар берилган. Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг жавоби жавоблар ичидаги ажойибидир: “Агар Язидга лаънат айтиш жоизми? Чунки у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қатл қилган ёки қатл қилишга амр қилган кишидир дейилса, айтамизки: “Бу асло аниқлиги собит бўлган хабар эмас, шунинг учун унга лаънат айтиш у ёқда турсин, у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўлдирган, ё ўлдиришга амр қилган деб ҳам бўлмайди. Чунки аниқ бўлмасдан туриб, мусулмон кишини гуноҳи кабира қилишда айблаб бўлмайди...”. Агар Ҳусайннинг қотилига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, ё уни қатл этишга буюрганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин деса бўладими? дейилса, айтамизки, “Тўғриси шуки, агар Ҳусайннинг қотили тавба қилмасдан ўлган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин дейиш жоиз бўлади, чунки унинг тавба қилгандан сўнг вафот этган бўлиши эҳтимоли бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни Ваҳший кофир ҳолида қатл қилган эди, сўнгра у куфрдан тавба қилди, қатл гуноҳи кабира, аммо куфр даражасига етмайди, шунга кўра ҳамиша ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтиш жоиз бўлавермайди. Тавба билан қайд этилмаган пайтда ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтишда хатар бордир, сукут қилишда эса хатар йўқ, шунинг учун сукут қилиш авлодир”[5].
Язидга лаънат айтишни жоиз ҳисоблаганларнинг учинчи далиллари “Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига қанчалар хунрезликлар қилишган, унинг бунга йўл қўйиб берганлиги сабабли унга лаънат айтилади”, деган сўзларидир. Муҳаққиқ уламолар бу даъволарини ҳам батафсил ўрганиб чиққанлар ҳамда қатъи ва собит йўллардан ривоят қилинмаганини ва бирортаси ҳам қабул қилишга яроқли ривоятлар эмаслигини исботлаганлар. Модомики, унга нисбат берилган ишлар исбот этилмай шубҳа остида қолдими, шубҳали далиллар билан мўмин кишига гуноҳи кабира нисбат берилмайди, – дейишган.
Хулоса қилиб айтганда, Аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳури Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санамаган. Унинг иши ҳақида ҳаддан ташқари гапни кўпайтирадиган хавориж ва баъзи мўътазилий каби фирқаларгина унга лаънат айтишган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Муқаллид иймонининг эътиборли экани
[1] لَمْ ҳарфи феълни ҳозирги замондан ўтган замонга айлантиргани учун қалб (айлантириш) ҳарфи ҳам деб номланади.
[2] Ибн Касир. Ал-Бидая ван-Ниҳая, 8-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 2235.
[3] Ҳуд сураси, 18-оят.
[4] Нисо сураси, 116-оят.
[5] Абу Ҳомид Ғаззолий. Иҳё улумид-дин, 3-жузи. “Мактабатуш шомила”. –Б 125.
- 57وَحَقٌّ وَزْنُ أَعْمَالٍ وَجَرْيٌ عَلَى مَتْنِ الصِّرَاطِ بِلاَ اهْتِبَالِ
Маънолар таржимаси: Амалларни тортиб ўлчаш ҳақдир ва Сирот узра югуриш ҳам (сиротдан ўтиб кетишга интилиб унга чиқиш олдидан) ҳозирлик кўришсиздир.
Назмий баёни:
Амаллар ўлчанар, гар ақл етмас,
Сиротда югуришга эпчиллик кетмас.
Луғатлар изоҳи:
حَقٌّ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар.
وَزْنُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Вазн калимаси луғатда “бирор нарсанинг оғир ё енгиллигини тортиб кўриш” маъносини англатади.
اَعْمَالٍ – музофун илайҳ, “ҳаракат қилишлар” маъносини англатади.
جَرْيٌ – калимаси وَزْنُ га атф қилинган. Луғатда “югуриш” маъносини англатади.
عَلَى – “истиъло” маъносида келган жор ҳарфи.
مَتْن – матн луғатда бирор нарсанинг асосий кўриниб турадиган жойига нисбатан ишлатилади. Бу ерда ҳам сиротнинг қадам қўйиладиган жойи маъносида ишлатилган. Жор ва мажрур جَرْيٌ га мутааллиқ.
بِلاَ – жор ҳарфи бўлган بِ ва нафий ҳарфи бўлган لا дан таркиб топган бўлиб, “...дан бошқа”, “...сиз” маъноларини англатади.
اهْتِبَالِ – бу калиманинг “қўлга киритиш”, “чап бериш”, “ғанимат билиш” ва “ҳозирлик кўриш” каби маънолари бўлиб, бу ерда “ҳозирлик кўриш” маъноси ирода қилинган.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида бу дунёда қилинган барча яхшию ёмон амаллар тортиб ўлчанади. Гарчи барчанинг ҳоли маълум бўлса-да, амалларнинг тортиб ўлчанишини Аллоҳ таоло ирода қилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:
Билур Тангри агарчи ҳолимизни,
Тарозуға солур аъмолимизни.
* * *
Қилур огоҳ қулин қилмишлариға
Етушмас ақл эгамнинг ишлариға.
Яъни Аллоҳ таолога махфий бирор амалимиз бўлмаса ҳам, амалларимизни ўлчаттириб, бандаларнинг қилмишларини ўзларига билдириб қўяди.
Қуръони каримда амалларнинг тортиб ўлчаниши ҳақлиги шундай баён қилинган:
“Ўша куни вазн (амалларнинг тарозида тортилиши) ҳақиқатдир. Кимнинг мезонлари (амаллари) оғир келса, айнан ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг мезонлари (амаллари) енгил келса, ана ўшалар оятларимизга зулм (инкор) қилганлари сабабли, ўзларига зиён қилганлардир”[1].
Ўша кунда баъзи инсонлар ҳисоб-китоб қилинмасдан жаннатга кирадилар. Уларнинг сифатлари қуйидаги ҳадисда келган:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي سَبْعُونَ أَلْفًا بِغَيْرِ حِسَابٍ هُمْ الَّذِينَ لَا يَسْتَرْقُونَ وَلَا يَتَطَيَّرُونَ وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга умматимдан етмиш мингтаси ҳисобсиз киради. Улар: Афсун қилишни сўрамайдиганлар, қушлардан шумланмайдиганлар ва Роббиларига таваккул қиладиганлардир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Баъзилари эса бирма-бир қаттиқ ҳисоб-китоб қилиниб, омонат қилиб берилган нарсаларни нималарга сарфлаганларидан сўралмагунларигача жойларидан қимирлай олмайдилар:
عَنْ أَبِي بَرْزَةَ الأَسْلَمِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ فِيمَ فَعَلَ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَ أَبْلاَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида банданинг қадамлари то умрини нимага сарфлаганидан, илми билан нима амал қилганидан, молини қаердан топиб қаерга сарфлаганидан, жисмини ниманинг йўлида ҳоритганидан сўралмагунича жойидан жилмайди”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Қаттиқ ҳисоб-китоб қилинган кимсалар эса азобга учрашлари аниқ бўлиб қолади.
Бизларга Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка гапириб берди, у менга Қосим ибн Муҳаммад гапириб берди деган, у эса менга Оиша гапириб берди деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида ким ҳисоб-китоб қилинса, ҳалок бўлибди”, – дедилар. Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло: (Аммо кимнинг китоби ўнг тарафидан берилса. Тезда, осонгина ҳисоб қилинур), демаганми”, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У нарса кўрсатишдир. Қиёмат кунида ҳисоб-китобда муҳокама қилинган кимса, албатта, азобланмасдан қолмайди”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Тарозида ўлчанадиган нарсалар
Тарозида ўлчанадиган нарса амалларми, амаллар ёзилган саҳифаларми ёки улардан бошқа бирор нарса бўлиши тўғрисида турли хил қарашлар бор. Бу қарашлар ҳақида доктор Аҳмад Фариднинг “Баҳрур Роиқ” китобида қуйидаги маълумотлар келган: “Тарозида тортиб ўлчанадиган нарсалар тўғрисида тўрт хил сўз бор:
1. Бажарилган амаллар тортиб ўлчанади; яъни бандаларнинг хатти-ҳаракатлари мужассам қилиниб тарозига қўйилади. Ояти каримада қилинган яхши-ёмон амаллар зарра миқдорида бўлса ҳам кўрилиши баён қилинган:
“Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”[2].
Ҳадиси шарифда айтилган калиманинг тарозида оғир келиши хабар берилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَاَل قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلِمَتَانِ خَفِيفَتانِ على اللِّسانِ، ثَقِيلَتَانِ في المِيزَانِ حَبيبَتَانِ إلى الرَّحْمَنِ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ، سُبْحَانَ اللَّهِ العَظيمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир, ар-Роҳманга севимлидир, “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азийм”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
2. Амаллар ёзилган саҳифалар тортиб ўлчанади; яъни тарозида бандаларнинг номаи аъмоллари тортиб ўлчанади. Бунга қуйидаги ҳадисда ишора бор:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلاً مِنْ أُمَّتِي عَلَى رُؤُوسِ الْخَلاَئِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَنْشُرُ عَلَيْهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ سِجِلاًّ كُلُّ سِجِلٍّ مِثْلُ مَدِّ الْبَصَرِ ثُمَّ يَقُولُ أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئًا أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ فَيَقُولُ لاَ يَا رَبِّ فَيَقُولُ أَفَلَكَ عُذْرٌ فَيَقُولُ لاَ يَا رَبِّ فَيَقُولُ بَلَى إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَةً فَإِنَّهُ لاَ ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَتَخْرُجُ بِطَاقَةٌ فِيهَا أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ فَيَقُولُ احْضُرْ وَزْنَكَ فَيَقُولُ يَا رَبِّ مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاَّتِ فَقَالَ إِنَّكَ لاَ تُظْلَمُ قَالَ فَتُوضَعُ السِّجِلاَّتُ فِي كَفَّةٍ وَالْبِطَاقَةُ فِي كَفَّةٍ فَطَاشَتْ السِّجِلاَّتُ وَثَقُلَتْ الْبِطَاقَةُ فَلاَ يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللَّهِ شَيْءٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халойиқнинг кўз ўнгида халос қилади. Унинг зарарига гувоҳлик берадиган тўқсон тўққизта рўйхатни ёйиб қўяди. Ҳар бир рўйхат кўз етадиган жойдек бўлади. Сўнгра унга: “Булардан бирортасини инкор қиласанми, сенга менинг сақловчи ёзувчиларим зулм қилибдиларми”, – дейди. У: “Йўқ, эй Роббим”, – дейди. Унга: “Бирор узринг борми”, – дейди. У: “Йўқ, эй Роббим”, – дейди. Шунда унга: “Ҳа, бизнинг ҳузуримизда сенинг битта хайрли ишинг бор, бугун сенга ҳеч қандай зулм йўқ”, – дейди. Сўнгра бир ёрлиқ чиқади, унда “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир”, деган ёзув бўлади. Унга: “Ўлчовинга кел”, – дейди. У: “Шунча рўйхатлар олдида бу ёрлиқ нима ҳам бўларди”, – дейди. Унга: “Сен зулм қилинмайсан”, – дейди. Рўйхатлар бир паллага, ёрлиқ бир паллага қўйилади. Рўйхатлар енгил, ёрлиқ оғир келади. Аллоҳнинг исмига бирор нарса баробар келолмайди”, –дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: “Тортиб ўлчанадиган нарса ёки амаллар битилган рўйхатлар бўлиб, ҳолатларга қараб турли хил бўлади, ёки Аллоҳ таоло қилинган ишларни ва сўзларни жисм ҳолига келтиради сўнгра улар тортиб ўлчанади. Тоат-ибодатлар оғир, гуноҳ-маъсиятлар енгил келади. Тоат-ибодатларнинг оғир келиши уларни дунёда бажариш оғир бўлгани учун бўлса, маъсиятларнинг енгиллиги уларни дунёда бажариш кишига енгил бўлгани учундир. Шунинг учун ҳам: “Жаннат қийинчиликлар билан ўралган, дўзах шаҳватлар билан ўралган”, – дейилган”[3].
3. Амалларнинг савоби тортиб ўлчанади; бу ҳақида қуйидаги ҳадисда ишора бор:
عَنْ زَيْدٍ أَنّهُ سَمِعَ أَبَا سَلاّمٍ يَقُولُ حَدّثَنِي أَبُو أُمَامَةَ الْبَاهِلِيّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ اقْرَأُوا الْقُرْآنَ فَإِنّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ اقْرَأُوا الزّهْرَاوَيْنِ الْبَقَرَةَ وَسُورَةَ آلِ عِمْرَانَ فَإِنّهُمَا تَأْتِيَانِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَأَنّهُمَا غَمَامَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا غَيَايَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا فِرْقَانِ مِنْ طَيْرٍ صَوَافٍّ تُحَاجّانِ عَنْ أَصْحَابِهِمَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Зайддан ривоят қилинади, у Абу Салломнинг менга Абу Умома Боҳилий гапириб берди деяётганини эшитган. У айтганки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади, икки нур сочувчини, Бақара ва Оли Имрон сураларни ўқинглар, чунки бу иккаласи қиёмат кунида гўё икки булут каби, ёки гўё икки баланд соябон каби, ёки гўё саф тортган икки қуш тўдаси каби келадилар. Иккалалари ўз соҳибларининг тарафини олиб тортишадилар”, –деяётганларини эшитдим”. Муслим ривоят қилган.
Термизий раҳматуллоҳи алайҳ: “Соҳибларининг тарафини олиб тортишадилар”, дегани қироатларининг савоблари келтирилади маъносини англатади,” – деган.
4. Амал қилувчининг ўзи тортиб ўлчанади. Қуйидаги ҳадисда бунга далил бор:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида катта семиз киши келади, Аллоҳ таолонинг ҳузурида пашшанинг қанотичалик ҳам вазни бўлмайди, дедилар-да, (Бас, Биз Қиёмат кунида улар учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз!)[4] оятини ўқинглар”, деб қўшиб қўйдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Мазкур далиллар умумлаштирилса, уларнинг бир-бирларига зид эмаслиги, амал қилувчи ҳам, унинг амали ҳам ва амаллари ёзилган саҳифалар ҳам барчаси тортиб ўлчаниши келиб чиқади”[5].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз қиёмат тарозуси ҳақида қандай эътиқод қилишни осонгина тушунтириб қўйган:
Тарозу борига иқроримиз бор,
Нечук эрканига не коримиз бор.
* * *
Илоҳи, қил оғир мезонимизни,
Саломат тут бизнинг иймонимизни.
Яъни тарозининг қандай эканини билишга уриниб ўзимизни қийнамаймиз, балки унинг ҳақлигига иймон келтириб, “эй Роббимиз, амалларимизни тарозида оғир қилгин”, – дея дуо қилиб борамиз.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ сўзларининг давомида тарозидан сўнг барча халойиқнинг сирот кўпригига юзланишларига ишора қилган. Сирот дўзах устига қурилган узун кўприк бўлиб, ундан ўта олган инсонлар жаннатга эришадилар. Аммо Сиротдан югуриб ўтиб кетиш барчага ҳам насиб этмайди. Ҳамма ўзининг қилган амалига яраша кимдир тез, кимдир секин, кимдир судралиб зўрға ўтиб олса, кимдир унинг тагидаги дўзахга қулаб тушади. Абу Ҳурайра ва Абу Рибъий розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган ҳадисда сиротдан ўтиш ҳолатлари тасвирланган:
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ وَأَبُو رِبْعِيٍّ عَن حُذَيْفَةَ قَالاَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْمَعُ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى النَّاسَ فَيَقُومُ الْمُؤْمِنُونَ حَتَّى تُزْلَفَ لَهُمْ الْجَنَّةُ فَيَأْتُونَ آدَمَ فَيَقُولُونَ يَا أَبَانَا اسْتَفْتِحْ لَنَا الْجَنَّةَ فَيَقُولُ وَهَلْ أَخْرَجَكُمْ مِنْ الْجَنَّةِ إِلَّا خَطِيئَةُ أَبِيكُمْ آدَمَ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ اذْهَبُوا إِلَى ابْنِي إِبْرَاهِيمَ خَلِيلِ اللَّهِ قَالَ فَيَقُولُ إِبْرَاهِيمُ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ إِنَّمَا كُنْتُ خَلِيلًا مِنْ وَرَاءَ وَرَاءَ اعْمِدُوا إِلَى مُوسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الَّذِي كَلَّمَهُ اللَّهُ تَكْلِيمًا فَيَأْتُونَ مُوسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَقُولُ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ اذْهَبُوا إِلَى عِيسَى كَلِمَةِ اللَّهِ وَرُوحِهِ فَيَقُولُ عِيسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ فَيَأْتُونَ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَقُومُ فَيُؤْذَنُ لَهُ وَتُرْسَلُ الْأَمَانَةُ وَالرَّحِمُ فَتَقُومَانِ جَنَبَتَيْ الصِّرَاطِ يَمِينًا وَشِمَالاً فَيَمُرُّ أَوَّلُكُمْ كَالْبَرْقِ قَالَ قُلْتُ بِأَبِي أَنْتَ وَأُمِّي أَيُّ شَيْءٍ كَمَرِّ الْبَرْقِ قَالَ أَلَمْ تَرَوْا إِلَى الْبَرْقِ كَيْفَ يَمُرُّ وَيَرْجِعُ فِي طَرْفَةِ عَيْنٍ ثُمَّ كَمَرِّ الرِّيحِ ثُمَّ كَمَرِّ الطَّيْرِ وَشَدِّ الرِّجَالِ تَجْرِي بِهِمْ أَعْمَالُهُمْ وَنَبِيُّكُمْ قَائِمٌ عَلَى الصِّرَاطِ يَقُولُ رَبِّ سَلِّمْ سَلِّمْ حَتَّى تَعْجِزَ أَعْمَالُ الْعِبَادِ حَتَّى يَجِيءَ الرَّجُلُ فَلاَ يَسْتَطِيعُ السَّيْرَ إِلاَّ زَحْفًا قَالَ وَفِي حَافَتَيْ الصِّرَاطِ كَلاَلِيبُ مُعَلَّقَةٌ مَأْمُورَةٌ بِأَخْذِ مَنْ أُمِرَتْ بِهِ فَمَخْدُوشٌ نَاجٍ وَمَكْدُوسٌ فِي النَّارِ وَالَّذِي نَفْسُ أَبِي هُرَيْرَةَ بِيَدِهِ إِنَّ قَعْرَ جَهَنَّمَ لَسَبْعُونَ خَرِيفًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра ва Абу Рибъий розияллоҳу анҳулар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ табарока ва таоло инсонларни жамлайди, мўминлар жаннатга яқин жойда турадилар. Улар Одам алайҳиссаломнинг ёнларига келишади ва: “Эй отамиз, бизларга жаннатни очишни сўраб беринг”, – дейишади. У: “Сизларни жаннатдан отангиз Одамнинг хатоси чиқармадими, мен бунга эга эмасман, сизлар ўғлим Иброҳим Халилуллоҳнинг ёнига боринглар”, – дейди. У зот дедилар: “Иброҳим мен бунга эга эмасман, бундай юксак даражадаги халил бўлмаганман. – Сизлар Аллоҳ таолонинг Ўзи унга мутлақ гапирган Мусо соллаллоҳу алайҳи васалламга боринглар, – дейди. Улар Мусо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига келадилар. У: “Мен бунга эга эмасман, Аллоҳнинг калимаси ва руҳи Исога боринглар”, – дейди. Исо: “Мен бунга эга эмасман”, – дейди. Бас улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келадилар. У зот турадилар ва у зотга изн берилади. Омонат ва қариндошлик ўз ҳолига қўйилади, улар сиротнинг ўнг ва чап томонларига туриб оладилар. Сизларнинг аввалгиларингиз чақмоқ каби ўтадилар. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, қайси нарса чақмоқ каби ўтади”, – дедим. У зот: “Чақмоқнинг кўз юмиб очгунча қандай ўтиб қайтишини кўрмаганмисан, сўнгра шамолнинг ўтиши каби, сўнгра қушнинг ўтиши каби ва амаллари югуртираётган кишиларнинг судралиши каби ўтадилар. Пайғамбарларингиз сирот устида: “Роббим, қутқаргин, қутқаргин”, – деб туради. Ҳатто бандаларнинг амаллари (уларни ҳаракатлантириб олиб ўтишдан) ожиз қолади, ҳатто юришга қуввати етмайдиган, фақат судралиб ҳаракатланадиган киши келади”. Яна дедилар: “Сиротнинг икки четида буюрилган кимсани тутишга тайин қилиниб осиб қўйилган чангаклар бўлади. Бас тирналганлар (яъни тирналиб бўлса-да ўтиб кетган) нажот топувчидирлар, тўпланиб қолганлар дўзахдадирлар”. Абу Ҳурайранинг жони Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, жаҳаннамнинг қаъри етмиш куздир (етмиш йиллик масофадир)”, – деди”. Муслим ривоят қилган.
Кўплаб нусхаларда ушбу ўринда шафоат ҳақидаги байт такрор келтирилган. “Бадъул амолий” матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908 йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган. Ўша нусхада шафоат тўғрисидаги ушбу байт фақат бир жойда келган бўлиб, такрорнинг ўрнига қуйидаги бошқа бир байт келтирилган:
وَلَا عَرَضٌ وَلَا ذُو صُورَةٍ مَا تَعَالَى اللهُ عَمَّا فِى الْخِيَالِ
У араз[6] ҳам, сувратда ҳам эмас, бирор хаёлий,
Аллоҳ гумоний хаёллардан буюк ва олий[7].
Ушбу байтнинг маъноси юқорида келтирилган Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг сўзлари билан деярли бир хил, яъни:
Кўнгилда кечса кўзга тушса ҳар шай,
Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.
Шунингдек, мазкур байт Алишер Навоий бобомизнинг машҳур “Сирожул-муслимин” (Мусулмонларнинг чироғи) асаридаги байтга ҳам маънодошдир:
Не жавҳар, не араздур, не маконда,
Не воқеъдур жиҳатда, не замонда.
“У (яъни Аллоҳ таоло) жавҳар ҳам, араз ҳам эмас. У маконда ҳам, жиҳатда ҳам, бирор замонда ҳам эмас”[8].
Кейинги мавзу:
Дуоларнинг таъсирлари баёни
[1] Аъроф сураси, 8, 9-оятлар.
[2] Залзала сураси, 7, 8-оятлар.
[3] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Муборакфурий. Туҳфатул Аҳвазий. “Мактабатуш шомила”. – Б. 380.
[4] Каҳф сураси, 105-оят.
[5] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-Роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 278.
[6] Мустақил мавжуд бўлиб турмайдиган, балки жисм ва унинг бўлаклари орқали борлиқдан жой олиб турадиган ранглар, ҳатту-ҳаракатлар, таъмлар ва ҳидлар каби нарсалар – араз дейилади. Қаранг: Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 37.
[7] Ҳумайдий. Амолий таржимаси. – Қозон: “Каримия матбааси”, 1908. – 4.
[8] Алишер Навоий. “Навоийдин чу топқайлар навое”. – Тошкент: “Ҳилол-нашр”, 2014. –Б. 136.